« Back

Босқичма-босқич амалга оширилади 14.04.2020 12:19

Пенсия ва иш ҳақи банк карталари орқали тўланади

Марказий банкдан хабар беришларича, Республика махсус комиссияси тавсиясига кўра аҳолига иш ҳақи ва пенсия тўловлари банк карталари орқали амалга оширилади.

Хусусан, ҳозирда маҳаллий ҳокимликлар, банклар, Молия вазирлиги қошидаги ғазначилик ҳудудий бўлинмалари ҳамда Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси, унинг ҳудудий бўлинмалари билан биргаликда бу борада барча ташкилий ишлар бошлаб юборилган.

Унга кўра, пенсия тўловларини амалга ошириш дастлабки босқичда, яъни жорий йилнинг май ойидан бошлаб, Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида истиқомат қилувчи аҳолининг пенсия тўловлари банк карталари орқали амалга оширилади. Кейинги ойлардан босқичма-босқич қолган ҳудудларда давом эттирилади.

Бунда пенсионерлар томонидан банк карталарини очиш ва унга эга бўлиш учун Халқ банки бўлимларига бориб юришлари талаб этилмайди. Яъни Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси томонидан фуқаролар тўғрисидаги керакли маълумотлар карта очиш учун Халқ банки бўлинмаларига электрон шаклда юборилади ва банк томонидан уларга карта очилади.

Сўнгра ойлик пенсия тўловлари Пенсия жамғармаси бўлинмалари томонидан шакллантириладиган қайдномалар асосида фуқаронинг картасига ўтказилади.

Халқ банкининг масъул ходимлари ушбу карталарни уларнинг эгаларига барча санитар қоидаларига тўлиқ риоя қилинган ҳолда яшаш манзиллари бўйича етказиб берилади.

Халқ банки ходимлари пенсионерларга ўзларининг банк карталари етказиб берилган вақтда уни расмийлаштириш учун фуқародан фақатгина ариза ва уни банк картасини қабул қилиб олганлиги тўғрисида имзо сўралади.

Шу ўринда, тўловларни амалга ошириш учун республиканинг барча ҳудудларида тегишли инфратузилма мавжудлигини қайд этамиз.

ЎзА