« Back

Иқтисод ривожи йўлида 14.09.2020 19:42

IT УСУЛ ОРҚАЛИ ЕР ҚАЪРИ БОЙЛИКЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШДА БЮДЖЕТГА СОЛИҚ ТУШУМЛАРИНИ КЎПАЙТИРИШ ҲАҚИДА

Республикамиз ҳудуди фойдали қазилмаларга жуда бойлиги ва унда Менделеев даврий жадвалидаги деярли барча элементлар учраши кўпчиликка аён. Бундан ташқари, мамлакатимиз айрим ноёб ва қимматбаҳо металлар ва хом ашё ишлаб чиқаришда дунёда етакчи ўринларни эгаллайди.

Бугунги иқтисодиётда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда ва унга замонавий ахборот технологиялар жорий этилмоқда. Бу жараёнда бир томондан она заминимиз табиий бойликларидан оқилона, табиий-иқлим мувозанатига путур етказмаган ҳолда, иккинчи томондан иқтисодиётимиз юксалиши ва давлат бюджети даромадлари ва шу асосда халқимиз турмуши фаровонлиги ошишини таъминлаган ҳолда фойдаланиш ўта долзарб масалага айланган. Зеро, аждодларимиз қадим-қадимдан она юртни ғанимлардан сақлаб қолиш учун қанчадан-қанча жангу жадаллар қилиб, қонлар тўкиб, уни келгуси авлод – биз учун сақлаб, мерос этиб қолдирди. Шундай экан, ушбу тупроқда Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг ҳаққи бор, мероси бор. 

Конституциямизда “ер ости бойликлари умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир” деб белгиланган (55-модда). Бу норма “Ер ости бойликлари тўғрисида”ги Қонунда ҳам қатъий мустаҳкамланган (4-модда).

Айтиш жоизки, ушбу конституцион норма амалда ўз ифодасини топиб, умумхалқ манфаатига хизмат қилмоқда, чунки кўп йиллардан буён ер қаъри қазилмалари мамлакатимиз бюджетининг энг катта ва асосий даромад манбаларидан бўлиб келмоқда.

Яқинда Молия вазирлиги томонидан эълон қилинган жорий йилнинг 1-ярми бўйича Давлат бюджети даромадлари шарҳида айтилишича ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ 7,6 трлн. сўмни, яъни жами бюджет даромадларининг 13 фоизини ташкил этган (https://www.mf.uz/media/file/tax/1polug_2020_daromad_sharxi/uz.pdf). Биргина турдаги солиқнинг салмоғини кўрсатувчи мазкур катта нисбий рақам ҳам, аслида, масаланинг кўламини тўлиқ ифодалайди деб бўлмайди.

Гап шундаки, ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқни тўловчи корхоналарнинг асосий фаолияти ер қаъридан фойдаланиш билан боғлиқ бўлгани ҳолда улар бу солиқдан ташқари яна қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС), фойда солиғи, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини (ўз ишчилари даромадларидан) ва бошқа солиқларни ҳам тўлайдилар. Бир сўз билан айтганда мазкур корхоналарнинг кўпчилиги йирик солиқ тўловчилар қаторига киради.

Бинобарин, давлат бюджети даромадларини ошириш масаласини ҳал қилишда ер қаъридан фойдаланувчи корхоналар фаолияти ҳеч муболағасиз биринчи даражали аҳамият касб этади дейишимиз мумкин.

Сўнгги 3–4 йил ичида мамлакатимизда иқтисодиётнинг етакчи, драйвер тармоқларидан бири  – қурилиш соҳаси янада авж олди. Бу ҳол қурилиш материалларига бўлган талабнинг бир неча бор ошишига олиб келди. Бундай материаллар эса ер қаъри бойликларини ўзлаштириш билан боғлиқ.

Шу аснода ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ объектларидан бири бўлган “тош-шағал аралашмаси” норуда хом ашёсига эътибор қаратсак. Бу қазилма қурилиш соҳасида материал сифатида тўғридан-тўғри ҳам, “шебень”, “клинец” деб номланувчи асосий қурилиш материаллари қаторига кирадиган маҳсулотларни ишлаб чиқаришда хом ашё сифатида ҳам ишлатилади. 

Шу ўринда мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли қурилиш ишларида энг керакли ва кўп ишлатиладиган материалларнинг асосий қисмини ташкил этадиган ушбу норуда маҳсулоти қазиб олинишидан бюджетга тушумлар масаласи қай даражада ҳал этилган, деган савол туғилади.

Солиқ кодексига мувофиқ ер қаъридан фойдали қазилмаларни қазиб олувчи, минерал хом ашёдан ва (ёки) техноген минерал ҳосилалардан фойдали компонентларни ажратиб олувчи ер қаъридан фойдаланувчилар ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ тўловчилари ҳисобланади (449-модда).

Шу ўринда бюджет тушумларида салмоғи энг катта бўлган солиқлар гуруҳига киришига қарамасдан, ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқни ўз вақтида, тўлиқ бюджетга тўлаш масаласи қониқарли ҳал этилган деб айтиб бўлмайди. Барча  ер қаъридан фойдаланувчилар белгиланган солиқни виждонан бюджетга тўлаши муҳим ва долзарб мас Зиёда,ала ҳисобланади.

Айни пайтда мамлакатимизда яширин иқтисодиётга қарши кураш эълон қилинган. Жорий йил 27 июль куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев яширин иқтисодиёт муаммосига бағишлаб ўтказган йиғилишда норасмий бандлик даражаси юқори бўлган соҳалар қаторида қурилиш соҳасини ҳам санаб ўтдилар. Қурилиш соҳаси қурилиш материаллари тармоғи ва бундай материалларнинг асосий манбаси бўлмиш ер қаъридан фойдаланиш фаолияти билан узвий боғлиқдир.

Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида «яширин иқтисодиёт» улушини қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида (20.06.2020 йилдаги 394-сон) иқтисодиёт соҳалари ва тармоқларида рақамли технологияларни кенг жорий этиш ва маркировкалаш ушбу иллатга қарши курашишнинг устувор йўналишлари сифатида белгиланган.

Бу вазифалардан келиб чиқадики, ер қаъридан фойдаланганлик учун солиққа тортиш масаласида IT – ахборот технологияларини қўллаш вақти келди. 

Қурилиш материалларини ишлаб чиқариш билан боғлиқ ҳар бир табиий объект, ҳудуд, карьерда (кейинги ўринларда “карьер” деб юритилади) бундай технологиялар асосида назоратни жорий этиш 4 та гуруҳдаги чора-тадбирларни амалга ошириш билан боғлиқдир.

Биринчидан, карьерни тасвирга олиш ишлари: махсус IT дастури ва дронлар ёрдамида карьер чегаралари, ҳудуди тасвирга олиниб, ўрганилади. Бунда карьернинг қазилма бойликлари ҳажми, жойлашиши, қайси корхоналарга тегишлилиги, уларнинг чегаралари ва бошқа омиллари аниқланиб, баҳоланади ва йиғилган ахборот “маълумотлар базаси”га сақлаш ва кейинчалик вақт бўйича ўзгариши кузатиб борилиши учун юкланади.

Иккинчидан, кириш-чиқиш ва иш жарёнининг доимий кузатуви. Бунда карьер ҳудуди чегаралари назоратга олиниб, кириш-чиқиш жойларига технологик назорат камералари ўрнатилади. Махсус дастур асосида олиб чиқиб кетилаётган маҳсулотлар ҳақидаги ахборот камераларга юклаб олинади ва Маълумотлар базасига юборилади.

Учинчидан, “Маълумотлар базаси”даги ахборотни таҳлил қилиш: олиб чиқилган маҳсулотларнинг қайси корхонага тегишлилиги, кимга юклаб жўнатилганлиги, маҳсулот юкланган автомобилларнинг давлат рақамлари ва уларнинг тегишлилиги, маҳсулот номи, ҳажми, қиймати (суммаси) ва тегишли билвосита солиқлар суммаси бўйича корхоналар, маҳсулотлар кесимида  “солиқ ахбороти”ни шакллантириш.

Тўртинчидан, солиқни маъмурийлаштириш ишлари: “солиқ ахбороти” махсус алоқа воситасида тегишли ҳудуд давлат солиқ хизмати органларига белгиланган тартибда назорат  тадбирларини амалга ошириш учун юборилади. Давлат солиқ хизмати органлари томонидан олинган маълумотлар асосида тегишли солиқларни ўз вақтида ундириш чоралари кўрилади.

Бундай тизим бир неча соҳа мутахассисларининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари билангина жорий этилиши мумкин. Тегишли мутасадди давлат идоралари – ахборот технологиялари, қурилиш, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, геология ва минерал ресурслар соҳалари мутахассислари солиқ хизмати мутахассислари билан ҳамкорликда карьерлардан фойдаланишни назорат қилувчи махсус IT дастурни ишлаб чиқилиши, тегишли техника ва технологияларни татбиқ этиш, ўрнатиш, созлаш, хизмат кўрсатиш ишлари йўлга қўйилишини таъминлашлари мақсадга мувофиқ.

Юқорида кўтарилган масала ечими юзасидан бир таклиф сифатида ўз тажрибамиздан келиб чиққан ҳолда Самарқанд вилояти ҳудудидаги карьерда солиқ тушумларини назорат қилиш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган ишлар чизма режасини келтирамиз (илова қилинади).

Маҳаллий манфаат ва назорат. Шуни ҳам айтиш жоизки, “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ (19-модда) қурилиш материаллари бўйича ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ (бундан цемент хом ашёси ва цемент ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган оҳактош мустасно) маҳаллий бюджетга тушадиган солиқ ҳисобланади ва маҳаллий ҳокимликлар унинг ўз вақтида ва тўлиқ ундирилишидан бевосита манфаатдор. Шу сабабли қурилиш материаллари карьерлари ҳудудлари чегараларининг назоратга олинишини, кириш-чиқиш йўлларини тегишли тартибда қўриқланишини таъминлаш маҳаллий ҳокимликлар ваколатида бўлиши мақсадга мувофиқдир. 

Ўйлаймизки, илгари сурилаётган таклиф мамлакатимизда «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»да амалга оширилаётган кўламли ишларга тўла мос келади. 

Карьер IT-назорати айни пайтда рақамли иқтисодиётни ривожлантиришнинг электрон-ҳисоб-фактура, онлайн касса аппарати, меҳнат дафтарчаларини ягона электрон базада юритиш каби зарурий чора-тадбирлари қаторига киради.

Ер қаъридан фойдаланишни рақамлаштириш соҳада хуфиёна иқтисодиётга қарши муносиб зарба бериб, халқимиз бойлиги – табиий ресурсларимиздан оқилона фойдаланишни таъминлаб, ҳалол бизнесни ривожлантириш орқали давлат бюджети тушумларини ошириб, пировард натижада юртимиз иқтисодий юксалишига ва халқимиз ҳаёти фаровонлигини таъминлашга хизмат қилади.

Алишер ТУРДУМАТОВ, 
«HIMOYA AUDIT» АК Тошкент филиали раҳбари