« Back

Қулайлик 15.04.2020 13:22

Карантин сабаб тадбиркорлар муаммолари масофадан ҳал этиляпти

Бугун бутун ер шарини қамраб олаётган эпидемиологик вазият минг афсуски, Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмади. Пандемия нафақат халқимиз саломатлиги ва фаровонлигига балки, мамлакатимиз иқтисодиётига ҳам жиддий хавф туғдирмоқда.

Уларга қарши кескин курашиш, мураккаб вазиятларнинг олдини олиш ва иқтисодий инқироз чораларини юмшатиш мақсадида давлатимиз раҳбари ва ҳукумат томонидан аниқ вазифалар белгиланган. Жумладан, Президентимизнинг 2 та муҳим Фармони имзоланди ва ҳукуматнинг тегишли чоралари белгиланган.

Хабарингиз бор, бу жараёнда Давлат активларини бошқариш агентлиги давлат мулки учун ижара, инвестиция мажбуриятлари бажарилиши, банкротлик ва хусусийлаштиришдаги харид тўловлари каби масалаларда тадбиркорлар билан елкама-елка туриб, олиб борилаётган сиёсатни, яратилаётган шароитларни уларга тезкор етказиб, масалаларнинг ижобий ечимида кўмакчи бўлмоқда.

Энг муҳими, бугун бу ишлар марказий аппарат ва ҳудудий бошқармалар кесимида мамлакатимиздаги карантин қоидаларига қатъий амал қилган ҳолда “Уйда қолинг” тамойили асосида масофадан туриб, бажарилмоқда. Агентликда махсус онлайн штаб тузилиб, тадбиркорлик субъектлари вакилларининг дардини эшитадиган, уларнинг мурожаатларини тезкор ва самарали ечишга хизмат қиладиган қисқа 1082 ва ишонч рақамлари йўлга қўйилди. Тадбиркорлар ва аҳолидан бир неча юзлаб мурожаатлар келмоқда.

Жумладан, 31 март 13 апрел ҳолатига кўра, жами келиб тушган мурожаатлар сони 2 428 тани ташкил этди. Уларнинг 57 таси айнан давлат мулкининг ижараси, банкротлик, хусусийлаштириш, инвестиция мажбуриятлари ва “E-IJRO AUKSION” электрон савдо майдончаси йўналишларига тегишлидир. Қолган мурожаатлар эса, давлат хизматлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари, ҳокимликлар, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, соғлиқни сақлаш, телекоммуникация, кредит, бозорлардаги нарх-наво каби масалалар бўлиб, уларнинг ҳам ижобий ечимида фуқароларга қаерга мурожаат қилишлари юзасидан тегишли маслаҳатлар бериб келинмоқда.

Хабарингиз бор, коронавирус пандемияси тарқалиши муносабати билан бир қанча соҳалар фаолияти тўхтатилган. Улар орасида давлат мулкини ижарага олиб ишлатаётган тадбиркорлар ҳам бор. Президентимизнинг тегишли фармонига кўра, мазкур тадбиркорлик субъектлари карантин даврида фойдаланмаган муддати учун ижара тўламайди.

Агентлик томонидан ушбу йўналишда жами 12 500 дан ортиқ давлат мулки объектини ижарага олган тадбиркорлар билан бирма-бир гаплашиб чиқилди. Уларнинг мурожаатини енгиллаштириш мақсадида электрон аризалар нусхалари тайёрланди ва жўнатилди. Натижада жорий йилнинг 9 апрел ҳолатига кўра, 9979 та тадбиркорни карантин даври учун (таълим тизими, туризм, маиший хизмат турлари ва ҳ.к. соҳаларда) шартномада келтирилган тўловлардан озод этиш бўйича тегишли қарор қабул қилинган.

Бундан ташқари, карантин сабабли 157 та тадбиркор E-ijro аукцион савдолари орқали ижарага олинган давлат мулки учун тузиладиган шартномани расмийлаштириш муддатини (20 кун) узайтириб беришни сўраган. Бу масаланинг ҳам ечиш чоралари кўрилмоқда. Бундан ташқари “E-IJRO AUKSION” ягона электрон савдо майдончасида ўтказилган савдо натижалари тўғрисидаги баённомалар электрон тарзда QR-код (матрик штрихли код) қўлланилган ҳолда расмийлаштирилиши ва ғолибга электрон тарзда етказилиши йўлга қўйилмоқда. Ушбу QR-кодли баённома эгалик (ёки фойдаланиш) ҳуқуқини расмийлаштиришга асос бўлади.

Бугунги кунда давлат активларига инвестиция киритаётган 1 320 та инвестор билан бирма-бир гаплашиб чиқилди. Уларнинг муаммолари ўрганилди. Шундан 330 дан ортиқ инвестор пандемия сабабли инвестиция мажбуриятларини ўз вақтида бажара олмасликлари эҳтимоли борлигини айтиб, шартнома муддатларини узайтиришни сўраган. Ҳудудлар кесимига эътибор қаратсак, энг кўп мурожаатлар Андижон (51 та), Бухоро (50 та), Фарғона (43 та), Тошкент вилоятида (38 та), Қашқадарё ҳудудида эса, (24 тани) ташкил этмоқда.

Кўрилган тезкор чоралар натижасида Инқирозга қарши курашиш Республика махсус комиссиясининг қарорларига кўра, мазкур шартномалар муддатларини узайтириш чоралари кўрилди.

Шу билан бирга иқтисодий ночор корхоналарга нисбатан банкротлик ишини қўзғатиш тўғрисида аризалар кўриб чиқилишини 2020 йил 1 октябрга қадар тўхтатиш ва банкротлик таомиллари олиб борилаётган корхоналарда банкротлик ишларини вақтинча тўхтатиб туришни сўраб Олий суд, Давлат солиқ қўмитасига мурожаат қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суд раёсати қарорига асосан иқтисодий судларда банкротликка доир ишларни кўриш тўхтатилган.

Шунингдек, акциядорлик жамиятларида корпоратив бошқарувни такомиллаштириш, акциядорларнинг умумий йиғилишлари, кузатув кенгашлари йиғилишларининг шаффофлиги ва масофадан туриб ўтказилишини таъминлаш, акциядорлар ва Кузатув кенгашлари аъзоларига қулайлик яратиш, кун тартибидаги масалалар бўйича қаерда бўлишидан қатъий назар овоз бериш мақсадида “eVOTE – Электрон овоз бериш” ягона платформаси яратилди ва айни дамда синовдан ўтказилмоқда.

Давлат активларини бошқариш агентлиги ахборот хизмати