« Back

Қулайлик 18.04.2020 13:44

Тадбиркорлар мурожаати – эътиборда

Бугунги кунда бутун дунёда бўлгани каби мамлакатимизда ҳам коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Бу даврда ишлаб чиқариш ва истеъмол ҳажмларининг кескин қисқариши, аҳолининг асосан кундалик ҳаёти учун биринчи навбатда зарур бўлган озиқ-овқат ва кундалик эҳтиёж молларини харид қилиши бошқа турдаги товарлар ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасида фаолият олиб борувчи тадбиркорлик субъектларининг фаолиятига салбий таъсир ўтказади.

Бундан ташқари, халқаро савдо операцияларидаги узилишлар ва савдо алоқаларининг издан чиқиши экспорт ва импорт фаолияти билан шуғулланувчи субъектлар фаолиятининг ёмонлашувига олиб келади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартдаги ПФ-5969-сон Фармони глобал иқтисодиёт тизимининг бир қисми бўлган Ўзбекистон иқтисодиётига бу каби ҳолатларнинг салбий таъсирларини юмшатиш бўйича самарали чораларни кўриш мақсадида қабул қилинди.

Ўз навбатида коронавирус пандемияси натижасида фаолиятида зарар кўраётган тадбиркорларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш ва ҳал этиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири қабулхонаси, Бизнес-омбудсман ва Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида платформа ишлаб чиқилди. Платформанинг ташкил этилишидан асосий мақсад, тадбиркорлик субъектларининг солиқ, божхона тўлови, кредит ва унга ҳисобланган фоизларни тўлаш бўйича имтиёзлар бериш, тўлов муддатларини узайтириш ёки кечиктириш билан боғлиқ мурожаатларини тизимли ташкил этишдан иборат.

Мазкур платформада коронавирус пандемияси натижасида фаолиятида зарар кўраётган тадбиркорлик субъектларининг мурожаатлари Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналарида рўйхатга олиниб, business.gov.uz порталига жойлаштирилади.

Бош вазир қабулхоналари томонидан мурожаатни кўриб чиқишга масъул бўлган идора ва ташкилотга йўналтирилади. Масъул идора ва ташкилот мурожаатни 2 кун муддатда кўриб чиқиб, асослантирилган хулосани порталга жойлаштирилади. Мазкур хулоса Бош вазир қабулхонаси, Бизнес-омбудсман ва Савдо-саноат палатаси томонидан кўриб чиқилади ва муносабат билдирилади.

Бош вазир қабулхонаси котибияти томонидан ҳар 2 кунда мурожаатлар бўйича умумлашган маълумотлар Инқирозга қарши Республика комиссиясига якуний хулосани олиш учун киритилади ҳамда комиссия томонидан тегишли қарор қабул қилинади. Комиссия қарори ижро учун мутасадди органга юборилади ҳамда унинг ижроси қатъий назоратга олинади.

Шу ўринда қайд этиш лозимки, тадбиркорларнинг мурожаатларини кўриб чиқишда биринчи навбатда уларнинг ҳақиқатдан ҳам коронавирус пандемияси даврида зарар кўраётганлиги, фаолият юритмаётганлиги ёки қисман фаолият кўрсатаётганлигидан келиб чиққан ҳолда якуний хулоса берилади.

Мазкур платформанинг жорий этилиши тадбиркорлик субъектлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, коронавирус пандемияси даврида уларнинг зарар кўришларини олдини олиш ҳамда уларга яратилган имтиёзлардан фойдаланишда қулайликлар яратишга хизмат қилади.

О.ИМОМОВ, 
Бизнес-омбудсман девони етакчи инспектори