« Back

Қулайлик 19.04.2020 13:05

ЭЛЕКТРОН КАЛИТНИ ОНЛАЙН  ОЛИШ МУМКИН

Коронавирус пандемияси сабаб айни пайтда кўпгина корхона, ташкилотлар муассасалар онлайн иш режимига ўтганлар. Замонавий ахборот коммуникация технологияларининг кенг имкониятлари сабаб энди электрон калитни ҳам масофадан олиш мумкин.

Бизнесни рўйхатдан ўтказиш, экспорт-импорт шартномаларини тузиш, ҳисоботларни топшириш, шартнома ва битимлар тузиш, электрон ҳисобварақ-фактуралар ва бошқа кўплаб тизимлар ишида электрон имзонинг аҳамияти катта. Негаки у расмийлаштириладиган ҳужжатларнинг қонунийлиги таъминлайди.

Аммо шу кунларда Давлат хизматлари маркази томонидан жисмоний ва юридик шахсларга берилган электрон рақамли имзо сертификатининг амал қилиш муддати тугаган ёки тугайди. Бу эса янги электрон калит олиш зарур деганидир. Лекин чекинишга шошмаётган коронавирус пандемияси барчамизни уйда қолишга ҳамон мажбур қилмоқда. Карантин тугашини кутиш онлайн бизнес фаолиятига, интрактив хизматлардан фойдаланишга салбий таъсир кўрсатмай қолмайди. Қолаверса, вақт йўқотилади, кўпгина имкониятлар бой берилиши ҳам ҳеч гап эмас.

Шу боис Давлат солиқ қўмитасининг рўйхатга олиш маркази электрон рақамли имзо калитини интернет орқали реал вақт режимида олиш имкониятини ишга туширди. Унга кўра, энди Сиз Давлат хизматлари марказига бормасдан, электрон рақамли имзо калити муддатини уйдан туриб янгилашингиз мумкин. Батафсил маълумотни https://soliq.uz/press-services/news/show/uyda-qoling-va-elektron-kalit-oling ҳаволаси орқали олиш мумкин.