« Back

Статистика 10.05.2020 13:29

ПОЙТАХТИМИЗДА ИНВЕСТИЦИЯ ФАОЛИЯТИНИ  РИВОЖЛАНИШИ

Ҳозирги кунда республикамизда ҳам жамият ҳаётининг барча соҳалари, шу жумладан, иқтисодиётни эркинлаштиришга қаратилган тадбирлар амалга оширилмоқда. Ташқи иқтисодий сиёсатни эркинлаштириш ислоҳотларни амалга ошириш имкониятларини кенгайтиради, ўтиш даври иқтисодиёти масалалари ечимини тезлаштиради.

Биринчи навбатда, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш, бунинг учун зарур инвестицион муҳит ҳамда хорижий инвесторлар учун кафолатларни яратиш-миллий иқтисодиётнинг тизимли таъминланиши ва ишлаб чиқариш модернизациясининг экспорт ўсиши ва импорт ўрнини босиш таъминланишининг муҳим шартларидандир.

Хусусан, пойтахтимизда асосий капиталга ўзлаштирилган инвестициялар жорий йилнинг январь-март ойларида 7 352,7 млрд. сўмни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 96,8 фоизни ташкил этди.

Асосий капиталга киритилган инвестицияларни иқтисодий фаолият турлари бўйича йўналишларини таҳлил қиладиган бўлсак, саноат соҳасига 2202,3 млрд. сўмни (жамига нисбатан 30,0 фоизни), ташиш ва сақлаш соҳасини ривожлантиришга 662,2 млрд. сўмни (жамига нисбатан 9,0 фоизни), соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар соҳасига 490,1 млрд. сўмни (жамига нисбатан 6,7 фоизни), улгуржи ва чакана савдо соҳасига 412,1 млрд. сўмни (жамига нисбатан, 5,5 фоизни),  қурилиш соҳасига эса 321,6 млрд. сўмни (жамига нисбатан 4,4 фоизни) ташкил қилди.

Асосий капиталга киритилган инвестицияларнинг технологик таркибининг тузилиши бўйича эса қурилиш-монтаж ишлари 2 569,9 млрд. сўмни (умумий ҳажмга нисбатан 35,0 фоиз), машина, ускуналар, транспорт воситалари ишлаб чиқариш ва хўжалик жиҳозларни харид қилинишига 4 329,9 млрд. сўмни (умумий ҳажмга нисбатан 58,9 фоиз) ва бошқа харажатлар 452,9 млрд. сўмни (умумий ҳажмга нисбатан 6,1 фоиз) ташкил этди.

Асосий капиталга киритилган инвестициялар молиялаштириш манбаларига эътибор қаратсак, бюджет маблағлари 523,9 млрд. сўмни (жамига нисбатан 7,1 фоизни), корхоналарнинг ўз маблағлари 3626,4 млрд. сўмни (жамига нисбатан, 49,3 фоизни), аҳоли маблағлари 

298,5 млрд. сўмни (жамига нисбатан, 4,1 фоизни), тўғридан-тўғри  хорижий  инвестиция ва кафолатланмаган кредитлар 2060,8 млрд. сўмни (жамига нисбатан 28,0 фоизни), тижорат банк кредитлари ва бошқа қарз маблағлари 1194,1 млрд. сўмни (жамига нисбатан 16,2 фоизни).

Тошкент шаҳрида ҳисобот даври бўйича тўғридан-тўғри  хорижий  инвестиция ва кафолатланмаган кредитлар 2060,8 млрд. сўмни ёки 216,2 млн. долларни ташкил этди. Булардан, тўғридан-тўғри кириб келган хорижий инвестициялар ва кредитлар 1055,7 млрд. сўмни ёки

110,8 млн. долларни ташкил этди.

Албатта, ушбу рақамлар мамлакатамиз хусусан, Тошкент шаҳрининг иқтисодий фаровонлигига хизмат қилувчи омиллар ҳисобланади. Мазкур инвестицион фаолият ва рақамлардан кўзланган провард натижа эса, пойтахтимизнинг ишга лаёқатли аҳолисини муносиб иш жойлари билан таъминлаш, қолаверса, халқимиз турмуш даражасини юқорига кўтаришдек эзгу ва олий мақсадлар ётибди.

Тошкент шаҳар Статистика бошқармаси