« Back

Технологиялар 03.09.2020 14:37

"Стартап ташаббуслари”ни қўллаб-қувватлаш дастурининг бешинчи даври янги форматда ишга тушмоқда

Технологияларни ишлаб чиқиш ва инновацияларни ривожлантиришда стартаплар ҳаётий муҳим роль ўйнайди. Иқтисодий ривожланишнинг ҳозирги босқичида инновацион тадбиркорлик (стартаплар) ҳақли равишда ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг энг муҳим ҳаракатлантирувчи кучи ҳисобланади.

"Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили"да пандемия туфайли “Стартап ташаббуслари”ни қўллаб-қувватлаш дастури биринчи марта тўлиқ онлайн тарзда ўтказилади. Ушбу формат барча иштирок этувчи жамоалар учун ажойиб амалиёт ва рақамлаштириш сари амалий қадамдир.

Пандемия жиддий таъсир кўрсатадиган соҳалардан бири, бу - бандлик соҳаси бўлиб, ҳозирги иқтисодий муносабатлар қайта шаклланаётган бир пайтда иқтисодиёт тикланиши билан баъзи иш ўринлари йўқ бўлиб кетиши мумкин. Шу сабабли бу йил "Стартап ташаббуслари" дастури янги иқтисодий воқеликлар ва бизнеснинг трансформацияси учун фан, таълим ва ишлаб чиқариш ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш орқали билим алмашишадиган, мутахассислар ва технологик лойиҳалар тайёрлайдиган майдонига айланади.

Пандемия даврида ўзгараётган муҳит ва истеъмолчиларнинг ихтиёрлари корхона ва ташкилотларнинг бизнес жараёнлари ва инфратузилмасида жиддий талаблар қўймоқда ва ўз фаолиятларини сақлаб қолиш учун харажатларни янада камайтиришга ва янги иш усулларини излашга мажбур қилмоқда. Янги технологиялар ва ишланмаларга талабни ўрганиш шаклида акс алоқа ўрнатиш орқали дастур корхона ва ташкилотларга харажатларни камайтиришга, асосий бизнес жараёнларини рақамлаштиришга ва муаммоларни ҳал қилиш учун иқтидорларни кашф қилишга ёрдам беришни режалаштирмоқда.

Жорий йилда дастур ўз ишини Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва республиканинг барча ҳудудларида ташкил этади ва Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги, "Ёшлар-келажагимиз" жамғармаси, Ўзбекистон ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш маркази, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Дастурий таъминот ва ахборот технологиялари технопарки (IT-парк) ҳамда уларнинг ҳудудий бошқармалари билан ҳамкорликда амалга оширади.

Республиканинг барча ҳудудларидан энг истиқболли 40 та лойиҳа жамоалари (ҳар бир вилоятдан 3 тагача ва Тошкент шаҳрида 10 тагача лойиҳа) якуний тақдимотлар натижасига кўра ўз стартапларини амалга ошириш учун 50 миллион сўмгача мақсадли грантлар билан тақдирланади. Бу грантлар "Ёшлар-келажагимиз" жамғармаси ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт Дастури томонидан Япония ҳукумати молиявий кўмаги асосида ажратилади.

Қўллаб-қувватлаш дастури, лойиҳаларни танлаш мезонлари ва иштирокчиларга қўйиладиган талаблар тўғрисида қўшимча маълумотни www.startupinitiatives.uz саҳифасидан олишингиз мумкин. Аризалар 2020 йилнинг 16 сентябргача қабул қилинади.

«Стартап ташаббуслари»ни қўллаб-қувватлаш дастури 5 йилдан бери фаолият юритиб, бу йил Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастури ва Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг "Ўзбекистонда ёшлар бандлигига кўмаклашиш& қўшма лойиҳаси доирасида Россия Федерацияси молиявий кўмаги асосида амалга оширилмоқда.

ЎзА