« Back

Янги тизим 25.09.2020 13:31

Ўзсаноатқурилишбанкда коррупцияга қарши курашиш бўйича янги тизим жорий қилинади

“Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ тизимида маҳаллий ва хорижий ташкилотлар билан ҳамкорликда коррупцияга қарши курашиш сиёсати тубдан қайта кўриб чиқилади, халқаро стандартлар асосида ишлайдиган анти-коррупцион тизим жорий қилиниб, фақатгина Банк кенгашига бўйсунадиган мустақил тузилма фаолияти йўлга қўйилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил январь ойида Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида коррупцияга қарши жамиятнинг барча аъзолари “ҳалоллик вакцинаси” билан эмланмас ва коррупциянинг оқибатлари билан курашишдан унинг барвақт олдини олишга ўтилмас экан, ўз олдимизга қўйган юксак марраларга эриша олмаслигимизни таъкидлаган эди.

Ўзсаноатқурилишбанк тизимига ҳам ҳалоллик стандартларини жорий этиш, бунда коррупция ҳолатларининг сабаб ва шарт-шароитларини аниқлаш, уларни бартараф этишнинг таъсирчан тизимини яратиш, ходимлар зиммасидаги вазифа ва функцияларни бажаришда юзага келадиган коррупцияга оид хавф-хатарларни баҳолаш тизимини такомиллаштиришга устувор аҳамият қаратилмоқда.

Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Адлия вазирлиги, Марказий банк сингари давлат ташкилотлари билан бир қаторда халқаро ташкилотлар, хусусан Халқаро Стандартлаштириш Ташкилоти, шу соҳада нуфузли хорижий нуфузли ташкилотларда фаолият кўрсатаётган хориждаги ватандошларимиз билан ҳамкорликда Банкда яширин иқтисодиёт ва коррупцияга қарши курашиш ҳамда унинг олдини олиш бўйича 2020-2021 йилларга мўлжалланган “йўл харитаси” ишлаб чиқилмоқда.

“Йўл харитаси” Банк тизимида коррупцияга қарши курашиш “комплаенс-назорат” тизимини жорий қилиш, замонавий ахборот технологиялардан фойдаланиш кўламини янада кенгайтириш, давлат харидлари ва бюджет маблағларини сарфлашда, мижозларга хизмат кўрсатишда ва ходимларни ишга олиш жараёнларида шаффоф ва самарали тизим жорий қилиш, жамоатчилик назоратининг таъсирчан шаклларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш сингари вазифаларни ўзида қамраб олган.

Эндиликда Банк тизимида коррупцияга қарши курашиш бўйича махсус комиссия ва алоҳида тузилма томонидан ҳалоллик стандартларини жорий қилиш бўйича тизимли ишлаш йўлга қўйилади. Ҳозирги пайтда ички назорат (“комплаенс-назорат”) ҳамда риск менежменти тизимлари фаолияти тубдан ислоҳ қилиниб, амалдаги меъёрий ҳуқуқий  ҳужжатлар ўрганилиб, сиёсат, ички тартиблар ва соҳага оид бошқа меъёрий ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилмоқда.

Қайд этиш керакки, коррупцион хавф-хатарларни бартараф этиш коррупцияга қарши курашиш соҳасида комплеанс функцияларни амалга оширувчи ходимлардан соҳа бўйича назарий билим ва амалий кўникмаларга эга бўлишликни тақозо этади. Шу мақсадда жорий йил сўнгига қадар уларни нафақат маҳаллий, балки хорижий тажрибадан ҳам хабардорлигини оширишга қаратилган ўқувлар ташкил этиб, тегишли халқаро сертификатларга эга бўлиши устида иш олиб борилмоқда.

Банк Ахборот хизмати