« Back

Ҳамкорлик 17.06.2020 15:52

Тошкент сув таъминоти трансформациясининг режаси

Тошкент шаҳри ҳокимлиги ва экологик хизматлар борасида жаҳондаги етакчи ташкилотлардан бири – Франциянинг SUEZ компанияси ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилди.

Шаҳар ҳокимлиги, “SUEZ”нинг Яқин Шарқ, Марказий Осиё ва Кавказ ҳудуди бўйича бош дирекцияси ва Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги томонидан имзоланган шартномага мувофиқ, «Тошкент сув таъминоти трансформациясининг режаси» номли 7 йиллик истиқболли ва инновацион лойиҳа амалга оширилади.

Тошкент шаҳри ҳокими ўринбосари Бахтиёр Раҳмонқуловнинг таъкидлашича, ушбу лойиҳанинг умумий қиймати 185,4 миллион еврога тенг. Шундан 142 миллион евро Европанинг етакчи банклари кредитлари ҳисобидан ўзлаштирилади. Маблағлар шаҳар сув таъминоти ва оқава сув тармоқларини модернизация қилиш ва тизим бошқарувини энг юқори халқаро стандартлар даражасида такомиллаштиришга йўналтирилади.

Шунингдек, лойиҳа доирасида дунёдаги 80 дан ортиқ мамлакатда фаолият олиб бораётган SUEZнинг 150 йиллик тажрибасига таянган ҳолда, интеллектуал бошқарув бўйича энг илғор технологиялар жорий қилинади, ноу-хаулар ҳаётга татбиқ этилади.

Мазкур ижтимоий лойиҳа давлатимизнинг илғор хорижий тажриба кўмагида фуқаролар учун коммунал хизматларни янгилаш ва кенгайтиришга бўлган ёндашувига тўлиқ мос келади.

Тошкент сув таъминоти трансформацияси лойиҳаси маҳаллий иқтисодиётни ривожлантиришга ҳам салмоқли ҳисса қўшади. Ускуналар ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши натижасида Тошкентда янги иш ўринлари яратилади. Бундан ташқари сув таъминоти бўйича юзлаб маҳаллий мутахассислар шаҳримизда ва хорижда ўз малакаларини оширишади, - дея таъкидлади Бахтиёр Раҳмонқулов.

Ҳозирги кунда Техник топшириқнинг техник-иқтисодий асослаш учун Уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги Тармоқ илмий-техник Кенгаши (ТИТК)га тақдим этилган келишилган лойиҳаси кўриб чиқилмоқда.

ЎзА