« Back

Ҳамкорлик 20.06.2020 12:58

Таълим соҳаси – нодавлат сектори эътиборида

Маълумки таълим республикамизда ижтимоий тараққиёт соҳасининг устувор йўналишларидан бири. Мамлакатимизда фуқароларга, хусусан ёшларга таълим-тарбия бериш, касб-ҳунарга ўргатиш, уларга ҳар томонлама шароитлар яратиш борасида манзилли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Шунингдек, қабул қилинаётган қатор ҳуқуқий-норматив ҳужжатларда уларнинг билим олишларида имтиёзлар берилаётганлиги фикримиз далилидир.  

photo_2020-06-20_12-59-25 Барчамизга маълумки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг “Инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари” бўлимининг 41-моддасида “Ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга”, деб белгилаб қўйилган.

Бугунги кунда республикамизда таълим соҳасини ислоҳ қилиш ва янада такомиллаштириш, хорижий тажрибаларни ўрганган ҳолда миллий тизимни ривожлантириш борасида самарали ишлар олиб борилмоқда, шунга қарамай, айрим муаммолар ўз ечимини топмай қолаётганини ҳам таъкидлаб ўтишимиз лозим.

Куни кеча Нодавлат таълим муассасалари ассоциациясида ўтказилган учрашув айнан таълим соҳасида нодавлат таълим муассасаларининг ўрнига бағишланди.

photo_2020-06-20_12-59-22 Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Д.Тошмухамедова,  Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши раиси ўринбосари Т.Матибаев, Халқ депутатлари шаҳар ва Олмазор туман  Кенгаши депутатлари, Тошкент, Фарғона ва Хоразм вилоятлари нодавлат таълим муассасалари вакиллари иштирок этди.

Нодавлат таълим муассасалари Ассоциацияси раҳбари А.Юсупов сўзга чиқиб олиб борилаётган ишлар, эришилган ютуқлар ва нодавлат таълим муассасалари олдида турган муаммолар тўғрисида ҳамда абитуриентлардан тест олиш жараёнларида эътибор қаратилиши лозим бўлган масалалар юзасидан Ассоциация томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест марказига тест жараёнларига тайёргарлик юзасидан киритилган таклифлар бўйича ҳам ахборот бериб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Д.Тошмухамедова сўзга чиқиб, таълим соҳасида олиб борилаётган кенг қамровли ишлар, хусусан, республикамизда қизларимизга олий таълим муассасаларида ўқиши учун яратилаётган имкониятлар тўғрисида, “Таълим тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига

ўзгартиришлар киритиш кўзда тутилаётгани, ноформал таълим тизими бўйича Германия ва Жанубий Корея тажрибалари ҳамда бу борада республикамизда амалга оширилаётган ишларга тўхталиб, иштирокчиларни саволларига жавоб берди.

Шу билан бирга Халқ депутатлари Тошкент шаҳар  Кенгаши раиси ўринбосари Т.Матибаев Кенгашнинг ёшлар ва нодавлат нотижорат ташкилотлари йўналишлари бўйича фаолият юритаётган комиссиялари билан яқиндан ҳамкорлик қилиш, нодавлат таълим муассасаларини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди томонидан ўтказилаётган давлат грантлари танловларида иштирок этиш, давлат субсидиялари ва банклардан кредитлар олиш бўйича ўз тавсияларини бериб ўтди.

Тадбир давомида нодавлат таълим муассасалари вакиллари томонидан ёшларни касбга йўналтириш, олий таълим муассасаларига кириш учун турли фанлардан билимларини мустаҳкамлаш, тил ўрганиш борасида, ижтимоий шериклик асосида давлат ташкилотлари билан ҳамкорликни кучайтириш юзасидан ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирдилар.

Тадбир сўнгида бу каби учрашувларни жойларда сенатор ва депутатлик гуруҳлари билан ҳам ўтказишга келишиб олинди.

Хаётхон КУЧКАРОВА,
Тошкент шаҳар Халқ депутатлари Кенгаши Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ҳамкорликда ишлаш масалалари бўйича доимий комиссия аъзосиҳ