« Back

Ҳамкорлик 27.07.2020 16:31

Тиббиётда ҳамкорлик кутилган натижага эришиш учун асос бўлади

Тождор вирусни даволаш бўйича вакцина қачон оммавий равишда ишлаб чиқарилиши борасида бирор бир давлат ҳозирча аниқ тўхтамага келмаган. Дунёда, жумладан юртимизда ҳам вирусга чалинганлар сони эса ўсишда давом этмоқда. Бу жараёнда ундан фориғ бўлаётганлар ҳам кўпчиликни ташкил этмоқда.

Айни вақтда ана шу касалликка қарши курашда шифокорларимизга маслаҳат ва кўмак бериш учун Туркиядан мутахассислар етиб келди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бошчилигида истиқболли даволаш йўлларини баҳолаш мақсадида бирдамлик синови олиб борилмоқда. Пандемияга қарши курашда барқарорликка эришаётган давлатлар тажрибаси албатта ўрганишга арзийди. Шу боис меҳмонларнинг баъзилари ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди.

Ражаб Ўзтурк, Туркия соғлиқни сақлаш вазирлиги илмий кенгаши аъзоси:

– Беморларни даволаш борасида олиб борилаётган даволашнинг тиббий стандартлари билан танишдик ва тегишли тавсиялар бердик. Бугун бу пандемия бутун дунёни ларзага солмоқда. Бунда эса ҳамкорлик жуда муҳим. Дастлаб Тошкент шаҳрида махсус ташкил этилган шифохона ва оилавий поликлиникада бўлдик. Беморлар учун яхши шароитлар яратилган. Мамлакатингизнинг турли ҳудудлари билан онлайн боғланиб, мулоқот ҳам қилдик. Хабарингиз бор, бизда бу касаллик сизлардан бир оз аввалроқ бошланган эди. Оз бўлсада тўплаган тажрибамизни бу ердаги амалиёт билан уйғунлаштиряпмиз. Ўзбекистон билан соғлиқни сақлаш тизимидаги бу ҳамкорликни келгусида ҳам давом эттирамиз.

Хатиче Раҳмет Гунер, Анқара шаҳар шифохонасининг юқумли касалликлар бўйича мутахассиси:

-Бу касалликнинг оғир ва ўта оғир даражада кечишига сабаб беморларда ёндош касалликларнинг мавжудлигидир. Бу эса даволаш муолажаларини ҳар бир бемор хасталигининг клиник белгиларидан келиб чиққан ҳолда олиб боришни талаб этади. Ўзбекистонлик ҳамкасбларимизнинг коронавирусга қарши курашиши борасида тажриба алмашиб, суҳбатлашиб турибмиз. Янги инфекция турли кўринишларда хавф туғдирмоқда. Ҳозирча даволашнинг аниқ бир тартиби йўқ. Шу сабабли яхши натижа бераётган барча услублардан фойдаланиш зарур. Биз вирусдан оғир азият чекаётган беморларга ёрдам берган, кўп инсонлар ҳаётини асраб қолган даволаш тажрибамизни ўртоқлашдик. Шу ўринда айтиш керакки, ҳар бир инсон вирус тарқалишини олдини олишда иштирок этиб, гигиена талабларига риоя қилса шифокорларга ҳам бу касални тезроқ бартараф этишда ёрдам берган бўлишади. Айни вақтда тиббиётдаги кичик бир синовлар ҳам катта умидлар учун нажотга айланмоқда. Бу каби тажриба алмашишлар эса пандемияга қарши курашда дунё тажрибасининг энг самарали услубларини бирлаштириш имконини беради. Ана шунда биз пандемияга қарши курашда самарага эришиш, инсонлар ҳаётини сақлаб, қурбонлар сонининг камроқ бўлишига эришамиз.

Сайёра Шоева,
ЎзА