« Back

Ҳамкорликда ҳикмат кўп 23.09.2020 14:23

МЕМОРАНДУМ ИМЗОЛАНДИ ВА ЎЗАРО ҲАМКОРЛИК ЙЎЛГА ҚЎЙИЛДИ

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти томонидан ўқув жараёнига илғор тажрибаларни жорий этиш, биргаликда илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш, ўзаро тажриба алмашиш тизимини йўлга қўйиш мақсадида республикамиздаги турдош таълим муассасалари билан ҳамкорликни ривожлантиришга катта эътибор бериб келинмоқда.

Яқинда институтнинг таклифига биноан Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Абдулла Авлоний номидаги Халқ таълими тизими раҳбар ва мутахассис ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти раҳбарияти ва бир гуруҳ етакчи илмий-педагог ходимлари ташриф буюрдилар.

Ташриф давомида меҳмонлар ИИВ Малака ошириш институтида яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан таништирилиб, уларга ҳозирда қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари ўқув жараёнига ўқитишнинг замонавий шакл ва технологиялари, жумладан, масофавий таълим, вебинар технологиялари, автоматлашган мониторинг тизимларининг жорий этилганлиги намойиш қилинди.

Томонлар ўртасида ўтказилган давра суҳбати давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукуматнинг соҳага оид норматив ҳужжатларининг ижросини таъминлаш, ҳар иккала таълим муассасасида юқори самарали замонавий таълим ва инновацион технологиялар, илғор хорижий тажрибани кенг жорий этган ҳолда раҳбар ва педагог кадрларнинг малакасини ошириш бўйича малака талаблари, ўқув режалари ва дастурларини доимий янгилаб бориш, уларнинг фаолиятини зарур даражада ташкил этиш ва самарадорлигини таъминлаш масалалари қизғин муҳокама қилинди.

Музокаралар якуни бўйича таълим муассасаларининг раҳбарлари Аюбхон Раджиев ва подполковник Зафар Жуманов томонидан кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланиб, унга кўра ўзаро илғор тажрибаларни жорий қилиш, профессор-ўқитувчиларнинг ўқув машғулотларига ўзаро қатнашиши, илмий-тадқиқот фаолиятни олиб бориш ва ҳамкорликда мастер-класслар, семинар-тренинг ва конференцияларни ташкил қилиш бўйича келишувларга эришилди.

Зиёда РАСУЛОВА