« Back

Ҳамжиҳатликда барчасини енгамиз 13.04.2020 13:11

Бу бир киноки, унга “Сабоқ“ деб ном бергимиз келди

Бугун дунё, инсоният мураккаб вазиятни бошдан кечирмоқда. Улар COVUD-19 деб ном олган вирус билан курашмоқда.

Негадир бу пандемияга қарши олиб борилаётган жараёнларни кинога ўхшатиб, “Сабоқ“ деб ном бергимиз келди.

Бу коронавирус деган даҳшатли бир ёвуз кучга қарши кураш ҳақидаги ҳаётий воқеага асосланган кино. Бу кинода ҳаммамиз роль ўйнаяпмиз. Фақат бу ролни кимдир маҳорат билан ижро этяпти, кимдир эса шунчаки кино, деб ўйлаяпти. Бунда бош қаҳрамон ва бошқа қаҳрамонлар бор. Унда ёвуз кучга қарши қатъий, тартиб-интизомга асосланган ҳаракатлар олиб борилади. Ҳамма кинолардагидек, бунда ҳам яхшилик ва ёмонлик ўртасида кураш боради. Одатда кинолар олдиндан ёзилган сценарий бўйича бўлади. Унда тартиб бузувчилар, пайтдан фойдаланиб қолувчилар, шу билан биргаликда доим ёрдамга тайёр, қалби меҳр ва шафқатга тўла, фидойи, Ватанини севадиган инсонлар бор...

Бугун барча ҳамжиҳатликда, бир ёқадан бош чиқарган ҳолда ҳаракат қилмоқда. Давлатимиз томонидан аниқ чора-тадбирлар асосида тизимли ишлар олиб борилаяпти.

Президентимиз ҳар бир чиқишида юртимиздаги инсонлар, оилалар, тадбиркорлар давлат эътиборида эканини, улар доимо қўллаб-қувватланажагини таъкидламоқда.

Шундай экан, биз барчамиз ўз вазифамизни виждонан бажарсак, бошқа кинолардагидек, албатта, ғалаба қозонамиз. Ҳаммаси яхшилик билан тугайди. Бу аниқ.

Бу бир ўхшатиш эди. Бугунги синовли кунлар бизга кўп нарсаларни ўргатиши аниқ. Сабр-тоқат, бирдамлик, меҳр-оқибат, саломатликнинг, вақтнинг, яқинларнинг қадрига етиш, шукроналик... бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин. Яна кимдир ўзи учун бошқа хулосаларни чиқарган бўлса ажаб эмас.

Тан олиш керак, бу кураш осон бўлмайди.

Дарвоқе, бугунги “кино“мизнинг бош қаҳрамонлари бор. Улар шубҳасиз, барчамиз эътироф этаётганимиз — шифокорлар.

Ҳеч кимга сир эмас, қийин дамларни бошдан ўтказяпмиз. Ўйлайманки, мутахассисларнинг кўрсатмаларига қатъий амал қилган ҳолда ҳамжиҳатлик, сабр-тоқат ва албатта, бир-биримизни қўллаб-қувватлаш орқали ҳаммасини енгиб ўтамиз.

Козимжон ТОЖИЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати
ЎзА