« Back

Ҳар биримизнинг вазифамиздир 15.05.2020 12:49

Оила — жамиятнинг асосий бўғини

“Фалончининг ўғлини қара...” қабилидаги ҳикматомуз  гапни эшитишимиз билан кимдир ҳақда хаёлимизда яхши (эҳтимол ёмон) ёмон тасаввур жонланади. Биз ёшларимизни алқаш ёки камситиш фикридан йироқмиз. Бироқ... Ёшлар ҳақида гап очилганда, албатта уларнинг тарбиясига тўхталмасдан илож йўқ. Тарбия ҳақида нимадир айтиш учун эса, оилага мурожаат этишга тўғри келади.  

Оила жамиятнинг бир бўғини ёки айтиш мумкинки, унинг ўзи — кичик бир жамият. Унинг ҳам ўзига яраша қонун-қоидалари мавжуд бўлиб, бу қонун-қоидаларга оиланинг ҳар бир аъзоси амал қилиши керак бўлади. Бу одоб доирасидаги мавзу — жамият бошқарувчиси бўлмиш — ота томонидан фарзандларга бевосита гап-сўз ва ҳаракатлар орқали, қизларга эса, бу борада оналар ўргатиши минг йиллик анъанадир. Шу зайлда икки томонлама амалга ошириладиган тарбия натижасида оила одоби шаклланиб боради.

Шариатимизда ҳар бир инсоннинг бир-бирига  ҳақ-ҳуқуқлари бор. Аввало, эр-хотинлик ҳуқуқлари, сўнгра, ота-она билан  фарзандлар орасидаги ҳақ-ҳуқуқлар... Ота-онанинг фарзандлар олдидаги бурчлари:

*Фарзанд дунёга келгач унга чиройли исм қўйиш.

*Фарзанднинг ўнг қўлоғига азон, чап қулоғига такбир айтиш.

*Фарзандга ақиқа қилиш. (Қурби етмаса шарт эмас албатта).

*Фарзандга илм (диний ва дунёвий илм, касб-ҳунар) ўргатиш.

Фарзандларнинг ота-она олдидаги бурчлар эса:

*Муҳтож бўлганда овқатлантирмоқ;

*Хизматини қилмоқ;

*Чақирганда лаббай деб жавоб бермоқ;

*Гуноҳдан бошқа ишларга итоат этмоқ;

*Ота-она билан юмшоқ муомилада гаплашмоқ;

*Ота-онани қодир бўлса, либос билан таъминламоқ;

*Ота-онани орқасида юрмоқ;

*Ўзи рози бўладиган нарсани ота-онасига ҳам раво кўрмоқ;

*Ўзи ёмон кўрган нарсани ота-онага раво кўрмаслик;

*Доимо ўзи учун дуо қилганда, ота-онани ҳам дуо қилмоқ, шулар жумласидандир.

Ҳар бир ота-она яхши фарзанд ўстиришни хоҳлайди. Лекин мавжуд моддий ва маънавий муҳит баъзи фарзандларни бузади, йўлдан оздиради. Юсуф Хос Ҳожиб айтади:

Ўғил-қиз дея қийналар эр жони

Бу кулфатни билган ўғил-қиз қани?

Шунинг учун халқимизда: “Ўғлинг ёмон бўлса қаддинг букилади, қизинг ёмон бўлса етти пуштингнинг руҳи чирқирайди, хотининг ёмон бўлса, сени дўзах азоби кутади ”, — деб бежиз айтмайди. 

Демак, ота-онанинг фарзандлар олдидаги, фарзандларнинг ота-она олдидаги бурчларини адо этиши  оиланинг жамият олдидаги бурчини тўғри бажараётганидан далолат беради. Бола тарбиясини айнан у туғилишидан кейин эмас, аксинча она қорнидалигиданоқ бошлаш керак, дейди уламоларимиз. Бунинг сабаби оддий, яъни, она қорнида бола ривожланади, унинг тўғри ривожланишида онанинг роли жуда муҳим аҳамият касб этади. Бола туғилгандан сўнг то мактабга боргунга қадар, энди-энди тили чиқиб,  гапира бошлашида, ота-она томонидан тўғри йўлга солинса бола айнан ота-она айтган гапларни такрорлайди, ота-онага тақлид қилади. Бунда ота-она ўз боласига тўғри сўзларни ўргатиш ва бола онгига жиддий таъсир кўрсатадиган, қўпол қилиб айтганда, бола тарбиясини бузадиган сўзлардан болани асраш даркор. Бу жараёнда онанинг роли беқиёс, зотан она боласини меҳр билан тарбиялайди, оқ ювиб, оқ тарайди. Бола аста-секинлик билан атак-чечак қила бошлаганда ота-она унга тўғри йўллардан юришига ва жажжигина оёқчаларига йўл топа билишига ёрдам бериши лозимдир.

Бола етти ёшига етгунга қадар унинг онги ривожланиб, ўз мақсадларини белгилай бошлайди. Ундан агарда, “Катта бўлсанг  ким бўласан?”, дея савол берсангиз дадил туриб “Шифокор” ёки бошқа бир касб эгаси бўлишини айтади. Бундан кўриниб турибдики, бола дунёвий билимларни эгаллашга тайёр. Бола мактаб партасида таълим-тарбия олиши бу дунёвий билимларни эгаллашига замин яратилганидан далолат беради. Мактабда  бола қай тариқа билим олади?  У то мактаб ёшига етгунча оилада ота-онасидан қандай тарбия олган бўлса, худди ўша тарбияни мактабда амалда кўрсатади. Яна бир нарсани таъкидлаш жоиз, мактабдаги таълим-тарбия болани бутунлай ўзгартиради, энди бола эмас, ўспирин йигит ёки  қизга айланади. Йигит-қизларимизнинг тарбия олишида мактабнинг ўрни катта, албатта. У устозларидан ўрганганларини ҳаётда қўллай бошлайди.

Бола тарбиясида маҳалланинг ҳам ўз роли мавжуд. Кўча-кўйда кўрган билганларига қараб боланинг қилаётган амаллари, бажаётган ишлари ҳам ўзгариши мумкин. Бундай ҳолларда маҳалла-кўй ҳам унинг ҳаракатларини тўғри йўналтиришига ва агарда бола “нотўғри қадам” ташлаётган бўлса, дарҳол бола ва унинг ота-онаси билан тушунтириш ишларини олиб бориш мақсадга мувофиқ бўлади.   

Юқорида айтилган фикрларни инобатга олган ҳолда оилаларда бунга қандай эътибор қаратилмоқда ва улар ёш авлодга қай йўсинда тарбия беришмоқда, деган ҳақли савол туғилади. Фарзандларнинг оиладаги юриш-туриши, хатти-ҳаракати, бир-бирига нисбатан муомаласи қандай бўлаётгани уларнинг одоб доирасини белгилаб беради. Бинобарин, давлатимиз томонидан оилаларимизнинг, маҳалла-кўйнинг мактабларда таълим-тарбия олаётган ўқувчиларга бўлган муносабат ҳамда эътибори, улар томонидан улғайиб келаётган ёшларга қай йўсинда тарбия берилаётганлиги,  уларни катта ҳаётга қандай тайёрланаётганлиги ҳар жиҳатдан муҳим аҳамият касб этади. Шу ўринда таъкидлаш лозим, балоғат ёшига тўлмаган қизларни эрта турмушга бериш, уларни оила масъуллигига ёшлигиданоқ бириктириб қўйиш турли муаммоларни келтириб чиқармоқда. Шу сабабдан ҳам, бу масала юзасидан маҳаллаларда ота-оналар билан суҳбатлар уюштиришимиз, бу борадаги асосли фикрларни айта олишимиз шарт деб ўйлайман. Оилада яхши тарбия кўрган бола жамият учун ҳам фойдали шахс бўлиб шаклланади. Демак, оила тарбияси  энг биринчидир.

Оилада отанинг ҳам, онанинг ҳам ўз ўрни бор. Шундай вазиятлар бўладики, бу пайтда фақат отанинг ёки фақат онанинг ёрдамига таяниш керак мумкин.  Баҳони эса атрофдагилар беришади: “Э, отангга раҳмат!” “Яша!”, “Балли!”...

Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, эртанги кунимиз равнақи учун хизмат қила оладиган фарзандларни тарбиялаш, камол топтиришда оила ва унинг жамият ҳаётимиздаги роли катта аҳамият касб этади. Шундай экан, бугун биз ҳар биримиз ўз тақдиримизни қўлимизга олиб, оилаларимизнинг тинч ва фаровон бўлишлари учун, фарзандларимизнинг баркамол бўлиб етишишларида ўз ҳиссамизни қўшишга масъулмиз. Зеро, ўтмиши буюк бўлган юртимизнинг келажагини бундан ҳам юксакларга кўтариш ёш авлоднинг — фарзандларимизнинг қўлида. Фарзандларимиздан эса, ўз навбатида, аввало оилада, таълим муассасаларида олаётган тарбиялари орқали ўзларига билдирилаётган ишончни тўла оқлашлари талаб этилади. Инчинун, Ватан остонадан бошланар экан, оила унинг асосий ва муқаддас бўғини эканлигини ҳис этиб яшаш ҳар биримизнинг зиммамиздаги вазифадир.  

Маъмур ПАРМОНОВ,
Мирзо Улуғбек туман ҳокимлиги 
Матбуот котиби – ахборот сиёсати бўйича ҳоким маслаҳатчиси