« Back

1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни 28.05.2020 13:47

Мурғак қалблар садоси

Президентимизнинг 5 та муҳим ташаббуси доирасида Республика болалар кутубхонаси карантин даврида ўқувчилар вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида “Қалбдан чиққан бир ажиб садо” шиори остида онлайн китобхонлик танловини ўтказди.

Танлов ёшларда китобхонлик маданиятини ошириш мақсадида шеърият йўналишида ташкил этилди. Унда ўқувчилар ўзлари ёзган ёки таниқли шоирлар шеърларини ифодали ўқиб, видеолавҳа тайёрлади. Ўқувчилар томонидан юборилган ижодий ишлар телеграмдаги “Ёш китобхонлар” каналига қўйиб борилди. Танловда 8000 нафарга яқин ўқувчи ўз ижод намуналари билан қатнашди. Танлов давомида иштирокчилар томонидан юборилган 5000 дан ортиқ иш телеграм каналига жойлаштирилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Қораўзак туманидаги 28-мактабнинг 5-синф ўқувчиси Давлетёр Абдиров танлов ғолиби деб топилди ва 40 та аудиокитоб ҳамда I даражали сертификат билан тақдирланди. Иккинчи ўринни Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманидаги 37-мактабнинг 7-синф ўқувчиси Фарангиз Ўроқова эгаллади ҳамда 20 та аудиокитоб ва II даражали сертификат билан мукофотланди. Учинчи ўринга Навоий вилояти Нурота туманидаги 6-мактабнинг 2-синф ўқувчиси Райҳона Раҳмонқулова сазовор бўлди. У 15 та аудиокитоб ва III даражали сертификат билан тақдирланди.

Н.УСМОНОВА,
ЎзА