« Back

11 июль – Бутунжаҳон аҳолишунослик куни 07.07.2020 13:52

Барқарор ривожланишнинг долзарб вазифалари

1987 йил 11 июлда Ер юзидаги аҳоли сони 5 миллиард кишига етган эди. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ривожланиш дастури бошқарувчилар кенгаши аҳолишунослик масалалари, тараққиёт дастурлари, умумий муаммоларни ҳал этишга  эътиборни жалб этиш мақсадида шу санани Бутунжаҳон аҳолишунослик куни сифатида нишонлашни таклиф этди.

1969  йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг БМТнинг Ривожланиш жамғармаси томонидан бошқариладиган Аҳолишунослик фаолияти соҳасидаги жамғармаси ташкил этилди. Жамғарма  1971 йилда БМТнинг Бош Ассамблеяси томонидан бошқарила  бошланди. 1987 йилда эса у ҳозирги - Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA) номини олди.

БМТ Аҳолишунослик жамғармасининг асосий мақсади - ҳар бир инсон – эркак, аёл, боланинг соғлом ҳаёт кечириш ва тенг имкониятларга эга бўлиш ҳуқуқларини ҳимоя қилишдир.  UNFPA жаҳон мамлакатларига камбағаллик билан курашиш бўйича сиёсатни ўтказиш ва дастурларни амалга ошириш, ёшлар, хотин-қизларни ҳимоя қилиш ва бошқа йўналишларда аҳолига доир маълумотлардан фойдаланишда яқиндан ёрдам кўрсатади.

Жамғарма фаолияти аҳолининг турмушини яхшилаш, барқарор ривожланишни таъминлаш билан боғлиқ мақсадларга эришишда халқаро ҳамжамиятга яқиндан кўмаклашмоқда. Аҳоли таркибининг ўзгариши, сонининг ошиши ёки камайиши, туғилиш ва ўлиш миқдори, одамларнинг кўчиши каби ҳодисалар инсон ҳаёти, мамлакатнинг ижтимоий, иқтисодий ривожланишига катта таъсир кўрсатиши мумкин. Бундан ташқари, аёллар соғлиги, репродуктив саломатлиги, ҳуқуқларининг ҳимояланиши каби UNFPA томонидан аниқланадиган кўрсаткичлар ҳам аҳоли ҳолатига ўз таъсирини кўрсатади.

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш “2030 йилгача Барқарор ривожланиш соҳасидаги кун тартиби  соғлом курраи заминимизда ҳамма учун яхши келажак яратиш жаҳон дастури ҳисобланади.   Бутунжаҳон аҳолишунослик куни   демографик тенденциялар, шу жумладан аҳоли сонининг ортиши, аҳолининг қариши, миграция ва урбанизация билан чамбарчас боғлиқ” деб таъкидлаган.

2020 йилнинг бошига келиб, Ер юзидаги аҳоли сони 7,8 миллиард кишига етди.  Курраи замиримизда ҳозир ҳар соатда 17,8 минг, ҳар кун эса 427,5 минг бола туғилмоқда. Жаҳон аҳолиснинг сони 2030 йилга бориб 8,6 миллиард, 2050 йилда - 9,5 миллиард ва 2100 йилда 11,2 миллиард кишига етиши кутилмоқда.

Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси сони 2020 йил 1 январь ҳолатига 33905,8 минг кишини ташкил этиб, 2019 йил бошидан 650,3 минг кишига ёки 2,0 фоизга ўсди. Халқаро демографик таснифга кўра, мамлакатимиз ёш давлатлар қаторига киради. Аҳолимизнинг ҳозирги ёш таркибида 30 ёшгача бўлган ёшлар улуши 62,1, 16 ёшгача бўлган болалар улуши – 33,3, 16-29 ёшдагилар улуши – 28,8 фоизни ташкил этади. Мамлакат аҳолисининг ҳозирги вақтдаги ўртача ёши 25,5 ёшни, шу жумладан қишлоқда 24,1 ёшни, шаҳарда эса – 27,9 ёшга тенгдир. 

Бу  демографик кўрсаткичлар аҳолишунослик соҳасидаги давлат сиёсати энг муҳим йўналишлардан бири бўлиши зарурлигининг амалий ифодасидир. Шунинг учун Ўзбекистон   Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳолишунослик жамғармаси билан самарали ҳамкорлик ўрнатган.

UNFPA  ўзининг Ўзбекистондаги ваколатхонасини 1993 йилда очган. Ҳозир БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси мамлакатимизда ўз фаолиятини тўртинчи - 2016-2020 йилларга мўлжалланган  дастури доирасида амалга оширмоқда. Ушбу дастурда репродуктив саломатлик, инсон ҳуқуқларини ҳимоялаш, аҳолишуносликка доир маълумотлардан ривожланиш соҳасидаги лойиҳаларда фойдаланиш борасида тегишли давлат идораларининг салоҳиятини ошириш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилган.

Чунончи, жамғарма мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштиришга ёрдам бериб, бунда асосий эътиборни репродуктив саломатлик ва она саломатлигини таъминлаш, соғлом оилани шакллантириш бўйича хизматларнинг сифатини оширишга қаратади.

БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси оналар ва болалар ўлими даражасини камайтириш ҳамда оила фаровонлигини ошириш бўйича Ўзбекистон эришган муваффақиятларни қайд этмоқда. Шунингдек, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини юксалтириш, уларнинг давлат ишларини бошқаришдаги ролини кучайтириш, гендер тенгликни таъминлаш, ёшлар сиёсатини ва Барқарор тараққиёт мақсадларини амалга ошириш борасида мамлакат эришган ютуқлар ҳам таъкидланди.

Ҳар йили Бутунжаҳон аҳолишунослик куни турли – “1 миллиард ўсмирлар”, “Тенглик куч бағишлайди”, “Эркаклар оналар саломатлигини муҳофаза  қилишда шериклар”, “Сиз оилани режалаштириб, келажакни режалайсиз”, “Ҳар бир шахс муҳим”, “Репродуктив саломатлик хизматларидан ҳамма тенг фойдалана олсин”, “Ёшларга инвестиция киритиб”, “Фавқулодда вазиятда ночор аҳоли”, «Оилани шакллантириш – инсон ҳуқуқидир» ва бошқа шиорлар остида ўтади. Хусусан, 2020 йилда Бутунжаҳон аҳолишунослик куни коронавирус пандемияси шароитларида  аёлларнинг репродуктив саломатлиги ва  курраи заминимизда гендер тенглигини таъминлашгга бағишланган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Кейинги йилларда мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини, гендер тенгликни таъминлаш, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, аёллар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш, улар учун янги иш ўринлари яратиш, меҳнат ва турмуш шароитларини яхшилаш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди”, деб алоҳида таъкидлаган.

Ҳақиқатан ҳам  Ўзбекистон тарихида биринчи марта миллий парламентда аёллар сони Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан белгиланган тавсияларга мос даражага етди.  Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланган 150 нафар депутатнинг 48 нафари ёки 32 фоизини хотин-қизлар ташкил этди. Бу кўрсаткич Сенатда ва маҳаллий кенгашларда 25 фоиздан ошди. Мамлакатимиз парламенти аёл депутатлар сони бўйича дунёдаги 190 та миллий парламент ўртасида 37-ўринга кўтарилди. Ҳолбуки, бундан 5 йил аввал мамлакатимиз  бу борада 128-ўринда эди.

Ҳозирги вақтда давлат ва жамоат ташкилотлари тизимида 1 минг 380 нафардан зиёд хотин-қизлар раҳбарлик лавозимларида меҳнат қилмоқда. Муҳтарама аёлларимиздан 16 нафари Ватанимизнинг энг олий мукофоти – “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвонига сазовор бўлган.

Хотин-қизларимиз ишлаб чиқариш, таълим-тарбия, тиббиёт, илм-фан, маданият ва спорт соҳаларини ривожлантиришга  ҳам муносиб ҳиссалаарини қўшиб келмоқда. Мамлакатимизда биргина 2019 йилнинг ўзида аёлларимиз учун жами 170 мингга яқин иш ўрни яратилди. Тижорат банклари ва Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағлари ҳисобидан 172 мингдан ортиқ опа-сингилларимизга 4,9 триллион сўм кредитлар ажратилди.

Республикамизнинг барча ҳудудларида Хотин-қизлар тадбиркорлик марказлари ташкил этилган. Бугунги кунда улар томонидан 28 мингга яқин хотин-қизларга тадбиркорлик, ҳунармандлик, касбга қайта тайёрлаш, бандликни таъминлаш юзасидан амалий ёрдам кўрсатилмоқда. Шунингдек, беш муҳим ташаббус доирасида 21 минг 500 нафар қизлар қисқа муддатли касб-ҳунар курсларида ўқитилди.

Бу йилги Бутунжаҳон аҳолишунослик кунини нишонлаш тадбирлари  инсон ҳуқуқларининг энг  муҳим масаларидан бири -  Барқарор ривожланишнинг долзарб вазифаларини ҳал этиш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш, қашшоқлик қамровини камайтириш ва барқарор ривожланишни таъминлашда муҳим роль ўйнаши шубҳасиздир.

 Эркин ЭРНАЗАРОВ, 
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист