« Back

12 май – Халқаро ҳамширалар куни 13.05.2020 12:27

Камтар халоскорлар

Болалигимда кўзим оғриб шифохонада даволанишга тўғри келганди. Исми Ҳамида бўлса керак, бир ҳамшира опани барча бирдек яхши кўрарди. Биз болалар қўли енгил бу опанинг игна санчганида ҳатто чумоли чаққанчалик ҳам оғриқни сезмасдик. Асосийси у барчага бирдек самимий, худди ўғил-қизига гапиргандек тўғри, чин юракдан муомалада бўларди.

Ўзингиздан қолар гап йўқ, ҳозир ҳам қўли енгил, виждонли, билимдон, оқкўнгил ҳамшираларга маҳаллаларда, поликлиникаларда, тиббиёт масканларида эҳтиёж катта. Шифокор тавсиясини бажариш учун барчамиз “яхши медсестра опа”га қараб чопишимиз тайин. Ҳар бир маҳалланинг одамлар ўз соғлиғини ишонувчи ишончли, синашта ҳамшираси борлиги ҳам рост. Билими, иши пухта, қўли енгил, касбига содиқ ҳамширага кўплар шифокорга ишонгандан ҳам ортиқроқ ишонганини ҳам учратганмиз.

Бугун ҳам дунёга таҳдид солаётган балони енгишда улар асосий балогардонлардан. Оғир хасталикдан тузалганларнинг кўзда ёш билан айтган сўзларини эшитиш осонмас. “Кўзимга ҳеч нарса кўринмасди”, “Тиббиёт ходимлари бўлмаганида, билмадим аҳволим не кечарди...”, “Оилам, болаларимни охирги марта кўряпман, деб ўйловдим...” , “Мени энг аввало қалб билан, меҳр билан даволадилар”...

Ҳа, беморларни ҳаётга қайтаришда, давоси номаълум дардни енгишда шифокорлар билан бирга ҳамширалар, барча-барча тиббиёт ходимлари астойдил, бор кучини аямай ҳисса қўшмоқда. Буни улар ҳеч кимга иддао, миннат қилмасдан, ҳафталаб шифохонада қолиб, ҳаво ўтказмайдиган махсус кийим-боши, ниқобидан кечмай бажармоқда.

Уларнинг машаққатли меҳнати, изланишлари, елиб-югуришларини давлатимиз муносиб тарзда рағбатлантирмоқда. Ҳа, улар чиндан ҳам бугуннинг халоскори, чин қаҳрамонларидир!

Назокат УСМОНОВА