« Back

21 октябрь - Ўзбек тили байрами куни 11.04.2020 13:09

МАЪРИФАТ АЙЁМИ: тил – миллат кўрки!

21 октябрь эндиликда мамлакатимизда она тилимизнинг байрами сифатида кенг нишонланади. Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги қонуни жорий йилнинг 10 апрель куни қабул қилинди. 

Тасодифми ё бошқами, билмадиму, ушбу қонун имзоланган кун миллатимиз, маънавиятимиз, адабиётимиз, она тилимиз жонкуяри Абдулла Қодирий таваллуд топган санага тўғри келганида ҳам қандайдир маъно бордай. Зеро, севимли ёзувчимизнинг она тилимизга ҳурмати, муносабати, бор жозибаси билан кўрсата олиш истеъдоди унинг асарларида яққол уфуриб турибди. 

Ҳозиргидек ўта мураккаб ва синовли кунларда “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги қонуннинг имзоланиши ҳар қандай шароитда ҳам тил, маънавият масалалари давлатимизнинг доимий эътибор марказида эканини яна бир бор исботламоқда. 

Ўтган йили 21 октябрь куни Президентимизнинг ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига ўттиз йил тўлиши муносабати билан тантанали йиғилишдаги нутқидан залда ҳаяжонланмаган киши қолмаганди. 

Орадан салкам олти ой ўтди. Нималар ўзгарди? Ҳа, ўзбек тилшунослиги бўйича тадқиқотлар фаол олиб борилмоқда. Ташкилотлардан келаётган аксарият хатлар эндиликда давлат тилида битилмоқда. Олимлар, ёзувчи ва шоирларнинг самарали ижод қилиши, соҳада халқаро ҳамкорликни ривожлантириш учун кенг имкониятлар эшиги очилмоқда. Бу борадаги эзгу ишлар кўлами тобора кенгайди. 

Оддий одамлар онгида тилга муносабат қай йўсинда ўзгарди? Тилимиздаги ярим чала русча-ўзбекча сўзлашувлардан холи бўла олмаганимиз камлик қилганидек, “окей”, “трендлашиш”, “личкалашиш” ... яна “алланималашиш” каби ғалати, ғализ ибораларнинг пайдо бўлаётгани ҳам рост-ку. Ўзимиз шундай деб турсак, биз – қоракўзлар шундай муносабатда бўлсак, яна кимдан нима кутиш мумкин?! 

Кўпинча институтни эмас, университет таълимини олган, эндиликда нақд докторликка “даъвогарлар” ёзувларининг илк қораламасига кўзим тушиб қолади. Ажабо, кибри билимидан устунлар олий таълим даргоҳидан эмас, оддийгина умумтаълим мактаби партасидан келиб қолдими, умрида ҳеч китоб варақлаганми?.. Ахир мактабда ҳам муаллимлар саводга ўргатади-ку?! 

Кўча-кўйлардаги, дўкон, савдо расталари, хизмат кўрсатиш шохобчалари, бекатлар, рекламалардаги “битиклар” муҳокама учун мангу мавзуга айланган. Гўё қайсидир қитмир одамларни атай саводсиз бўлишини астойдил истаб, чала-чулпа, хатоларга ғиж-ғиж тўла ёзувларни жўрттага ёзгану, кўздан ғойиб бўлгандек... Фараз қилинг, миллатдошларимиз она тили бўйича кўчирмакашлигу муттаҳамликдан, ўзгани ҳам, ўзни ҳам алдашдан холи бўлган диктантни ёппасига, бирваракайига ёзсак, натижаси қандай бўларкин?.. 

Мамлакат раҳбарининг бадиий китоб ўқишга, маърифатга, теран билимга, ўқиб-изланишга муттасил чорловида ҳам ҳикмат кўп аслида. “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши эса ҳар биримизнинг она тилига бўлган муносабатимиз ҳақида жиддийроқ ўйлаб кўриш, унга ташқаридан назар ташлаш, таҳлил этиш имконини бергани билан ҳам қадрлидир. 

Назокат УСМОНОВА