« Back

9 апрель – Амир Темур таваллуд топган кун 09.04.2020 12:28

Мардлигу матонат тимсоли

Ҳар йили буюк Соҳибқирон бобомиз Амир Темур таваллуд топган кун мамлакатимизда кенг нишонланиши яхши анъанага айланган.

Ажаб ишлар, бобомиз туғилганининг 684 йиллик санаси мураккаб, ҳам синовли бир шароитга тўғри келиб қолади, деб ҳеч биримиз ўйламаганмиз.

Пойтахтимиздаги Амир Темур хиёбони сабза ранг майсаларга, лолаю чаманзорга айланганини ойнаи жаҳондан, тиниб-тинчимас фотомухбирларимиз ишларидангина биляпмиз.

Ҳар йили бу кўркам хиёбон олимлар, ёзувчи ва шоирлар, санъат аҳли, ўқитувчилар, ёшлар, дипломатик корпус вакиллари билан янада файзли тус оларди.

Энди-чи? Бу табаррук масканнинг озода, саришта, бироқ кимсасиз экани дилни ғашлаётгандек...

Мамлакатимизда тарихимизни ҳаққоний ўрганиш, буюк аждодларимиз хотирасига эҳтиром кўрсатиш, қадимий манбаларни мукаммал ўрганиш ҳамиша эътиборда бўлиб келган. 

Амир Темур миллатимиз фахри. Донишмандлик, мардлик, саховат тимсоли. Унинг мамлакатни оқилона, адолатли, узоқни кўра олиб идора этиши тарихий манбаларда битилган. Жаҳон олимлари, сиёсатчилар, давлат арбоблари томонидан тан олинган.

Соҳибқироннинг азму шижоати, қатъияти Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг амалий саъй-ҳаракатларида бугун ҳам тобора яққолроқ намоён бўлмоқда.

Синоатли дард бутун куррамизга таҳдид солаётганида унинг она-Ўзбекистонимизни ҳам четлаб ўтмагани таассуфли ҳолатдир.

Шу кунларда юртимиздаги темир интизом, якдиллик, қатъий амалий чора-тадбирлар, умуммиллий тус олган савобли юмушлар халқаро миқёсда ҳам эътироф этилмоқда.

Аслида кексаю ёшга бирдек ғамхўрлик кўрсатиш, муҳтожларга кўмаклашиш, заифга елка тутиш, одамлар оғирини енгил қилиш давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган ислоҳотларда мудом устувор.

Амир Темур бобомиз ўз ҳаётий шиорига айлантирган қонунга беписандларга нисбатан муросасизлик, мардлик, донишмандлик, сахийлик, маслаҳат ва тадбир билан иш тутиш, одамлар мушкулини осон этиш, юрт маъмурлигию фаровонлигига, тўкинлигига эътибор қаратишга оид амалий, ибратли ишлар ҳажми янада ортди.

Халоскор шифокорларимизнинг матонати, ҳарбий посбонларимизнинг фидойилиги, саховатпеша ватандошларимиз ҳиммати, кўнгиллиларнинг дил амри бизнинг қандай буюк зотлар авлоди эканимизни яна бир карра намойиш этмоқда.

Бугун уйда қолиб ҳам олимларимиз изланишларни давом эттирмоқда. Манбашуносларнинг қўлидан китоб тушмайди. Муаллимлар дарс ўтмоқда. Болалар сабоқ олмоқда. Ижод аҳли янги-янги қўшиқлар, баркамол асарлар, картиналар яратмоқда. Эзгулик, аҳиллик, савобга шошилиш ҳар қачонгидан ҳам кенгайган. Демакки, буюк Соҳибқирон Амир Темурнинг халқимизга куч-қувват бағишлаётган ўлмас ғоялари ҳамиша бардавом. 

Назокат Усмонова,
ЎзА