« Back

9 май – Хотира ва қадрлаш куни 09.05.2020 13:46

Олима Суйима Ғаниева хотирасига бағишлаб онлайн-анжуман ўтказилди

Ҳозирда жамиятда кечаётган туб ўзгаришлар, маънавий тикланишлар даврида катта авлод олимлар ишини давом эттириш, илмда ворисийлик қадриятларини таъминлаш муҳим аҳамият касб этади.

Айни масалалар эътиборга олиниб, Тошкент давлат шарқшунослик университетида 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан ХХ аср ўзбек навоийшунослигининг довруғли вакили, профессор Суйима Ғаниева хотирасига бағишланган анъанавий “Ёш навоийшунослар” анжумани Zoom платформасида онлайн шаклда ўтказилди.

Мазкур анжуман Алишер Навоий ижодий меросига, Суйима Ғаниева илмий асарларига бугуннинг ёшлари кўзи билан қараш янги илмий мулоҳазалар, ёндашувлар асосида таҳлил ва тарғиб этишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Ўзбек навоийшунослигининг бетакрор тадқиқотчиси С.Ғаниеванинг илмий фаолияти серқирралиги кишини лол қолдиради. Бир томондан у Навоий асарлари матнини илмий муомалага киритувчи ва уларни нашрида иштирок этувчи забардаст матншунос, бошқа томондан турли нашрларда Навоий асарларида ёд этилган китоблар ва шахсларни турли нашрларда берилган маълумотларни кенг шарҳловчи манбашунос, яна бир томондан Навоий асарлари кўпжилдлигида шоир асарларининг рус тилидаги таржимони сифатида гавдаланади.

Профессор Суйима Ғаниева узоқ йиллар давомида педагогик фаолият билан ҳам шуғулланиб, юзлаб талаба ёшлар у кишининг мумтоз адабиётимиз тарихи ва Навоий ижодиётига бағишланган мароқли маърузаларини тинглаб соҳа мутахассисларига айланган.

Олима адабиётшунослик, матншунослик ва таржимачилик соҳасида яратган 80 яқин китоб ва рисолалар, 900 дан ортиқ мақола ва тақризлар муаллифи ҳисобланади.

— Суйима Ғаниева Алишер Навоий асарларини нашрга тайёрлаган манбашунос олима ҳам эди, — деди Тошкент давлат шарқшунослик университети Мумтоз филология кафедраси ўқитувчиси Ойсара Мадалиева. — Олима “Мажолис ун-нафоис”нинг илмий-танқидий матнини, “Навоий дастхати” китобини ўқувчилар ҳукмига ҳавола этди. Алишер Навоий мукаммал асарлар тўплами — 20 жилдлигида “Мажолис ун-нафоис”, “Маҳбуб ул-қулуб”, “Муншаот”, “Вақфия”, “Ҳамсат ул-мутаҳаййирин”, “Ҳолоти Саййид Ҳасан Ардашер”, “Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад”, “Назм ул-жавоҳир” каби асарларни изоҳ ва таржималар билан нашрга тайёрлаган. Мана, биз онлайн анжуманда уларни хотирладик. Олима ўзидан қолдирган илмий мерос навоийшунослар учун бугун муҳим манбага айлангани барчамизни қувонтиради.

С. Ғаниеванинг илмий фаолияти давлатимиз томонидан юксак эътироф этилган. Олима 1992 йил Беруний номидаги Давлат мукофоти, 1999 йил “Эл-юрт ҳурмати”, 2008 йил “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирланди. 2015 йилда эса С.Ғаниевага Ўзбекистон Қаҳрамони унвони ва Олий нишон — Олтин юлдуз медали топширилган.

Ушбу анжуман ёшлар, бўлажак шарқшунослар, илму толибларнинг баҳсу мунозара майдони сифатида ўзбек навоийшунослигининг ёш авлоди қайси илмий йўлдан кетади, улар Навоий асарларини қайси мезонлар асосида ўрганади, уларга Навоий асарларининг қай жиҳатлари муҳим сингари масалаларда ечим топишга хизмат қилади.

Ишонамизки, ёш навоийшуносларнинг анъанавий анжумани илм остонасида турган илмий изланувчилар, магистр ва талабалар орасидан Суйима Ғаниева издошларини тарбиялаш йўлидаги муҳим қадамдир.

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА