« Back

Аҳоли саломатлиги 18.07.2020 13:36

Тиббиётда масала кўп ёки шифокорларни ҳимоя қилиш даври келмадими?

Ҳозирги ҳолатда бутун эътибор пандемия ва унинг олдини олиш чора-тадбирларига қаратилмоқда. Ўз навбатида касаллик билан курашаётган шифокорларга яратилган шарт-шароитлар ҳам шунга яраша бўлмоғи лозим.

Пойтахтимизнинг Яшнобод туман тиббиёт поликлиникасида олиб борилган ўрганишлар жараёнида депутатлар айнан шу каби ҳолатлар бўйича ўрганиш ишларини олиб борди. Аниқланишича, туман поликлиникасига бюджет маблағлари ҳисобидан 3,5 млрд. сўм ажратилган бўлиб, бугунги кунда ушбу маблағлар шифокорлар учун зарур бўлган ҳимоя воситалари ва анжомлар, дизенфекция ишлари олиб борилиши учун йўналтирилмоқда. Тиббиёт муассасаси бош шифокори Муаттар Илясованинг таъкидлашича, мамлакатимизда карантин эълон қилинганидан буён ҳали бирор маротаба мазкур поликлиника беморлар учун ёпиб қўйилган эмас. Шунингдек, Яшнобод туман ҳокимлиги тарафидан ТТБ ва СЭС ходимлари учун 2 та «Дамас» русумли автомашина ажратилган. Ушбу ҳудуддаги Сall-senter эса туну кун аҳолига хизмат кўрсатиш билан машғул. Дарвоқе, марказ ишонч телефон рақамлари кабелли алоқа узатиш симлари орқали доимий тарзда ойнаи жаҳонда кўрсатиб борилмоқда.

Бу биргина тумандаги ҳолатга баҳо бериш билан хулоса чиқариш ноўрин. Чунки, ишчи гуруҳ олиб борган ўрганишлар натижасида Тошкент шаҳар шошилинч тез тиббиёт ёрдам марказида аҳвол яхши эмаслиги маълум бўлди. Аҳолидан келиб тушаётган чақирувларни ушбу муассаса ўз вақтида қамраб ололмаётганлиги кўплаб эътирозларга сабаб бўлаётгани айтилмоқда. Айни пайтда коронавирусга чалинган беморларни қабул қилаётган мазкур шифохонада аллақачонлар жой етишмаётганлиги муаммоси бартараф этилмасдан келинмоқда. Даъволовчи шифокор кадрлар етишмаслиги масаласи ҳам асосий турган муаммолардан эканлиги аниқланди. Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлари ўрганишлари натижасида аниқлаган ушбу масалаларни навбатдаги сессия муҳокамасига қўйиш учун ҳозирламоқда.

Маълумот учун: бугунги кунда Тошкент шаҳри бўйича ҳар бир поликлиникага 10 донадан мобиль телефонлар ажратилган бўлиб, ушбу алоқа воситалари уйда даволанаётган коронавирус беморлари билан осон боғланиш учун йўлга қўйилди. Шунингдек, улар ҳолидан патронаж хизмати орқали доимий хабар олиб турилибди. Бугунги кунда мана шу каби поликлиникаларда 8 мингдан ортиқ тиббиёт ходимлари ишламоқда.  Бундан ташқари, хусусий клиникалар ҳам Covid-19 ни даъволашга тайёрланмоқда.

Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА, 
Ўзбекистон «Адолат» СДП Тошкент шаҳар Кенгаши матбуот котиби