« Back

Аҳолига қулайлик 11.04.2020 13:14

КЎЧМА БОЗОР: аҳоли арзон, сифатли маҳсулотлар етказиб берилаётганидан мамнун

Мамлакатимизда карантин тадбирлари амалга оширилаётган бугунги шароитда аҳолининг озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган талабини қондириш мақсадида кўчма бозорлар ташкил этилмоқда. 

Бу хайрли тадбирга Тошкент шаҳридаги туман ҳокимликлари ҳам бош-қош бўлмоқда. Жумладан, пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги 58 маҳаллага ҳафтасига 3 кун рўзғор учун зарур 20 турдан ортиқ озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилиши йўлга қўйилди. Савдода гўшт, картошка, пиёз, сабзи, шакар, тухум, мевалар, макарон каби зарур озиқ-овқат маҳсулотлари бор.

Бугун озиқ-овқат маҳсулотлари ортилган машиналар туманнинг Университет, Хончарбоғ, Чуқурсой, Янги Тошкент, Олтинсой маҳаллаларига етиб борди.

– Узоғимизни яқин, мушкулимизни осон қилиб қилиб, мана шундай арзонлаштирилган бозорлар ташкиллаштиргани учун давлатимизга минг раҳмат, – деди Университет маҳалласида яшовчи Умида Эргашева. – Бу кўчма бозорлар ёнимиздаги савдо дўконларига нисбатан арзон ва сифатли. Бошқа жойларда картошка 7000 сўм, кўчма бозорда эса 2800 сўм. Маҳалламизга ҳафтада 3 марта кўчма бозор келяпти. Рўзғор учун барча маҳсулотларни шу бозордан харид қиламиз.

– Кўчма бозорлар туманлардаги 4 та сектор ташаббуси билан амалга оширилмоқда, – деди Олмазор тумани ҳокимининг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Дилфуза Раҳимова. – Ҳар бир маҳаллага 1 тонна картошка, 1 тонна пиёз, 1 тонна шакар, 500 килограмм атрофида гуруч, 500 килограмм макарон, 500 килограмм сабзи, писта ёғи, тухум, гўшт ва ун каби рўзғор учун энг керакли маҳсулотлар арзон нархда сотилмоқда. Бу аҳолининг уйидан узоққа бормай, ўзи ва яқинлари хавфсизлигини таъминлаган ҳолда, зарур харидни амалга оширишини таъминлайди.

Шаҳноза МАМАТУРОПОВА