« Back

Адлия 23.05.2020 18:53

Ўзбекистонда 749 хусусий нотариус лицензия олган

Бу тизим туфайли 2 мингта иш ўрни яратилган, давлатнинг нотариуслар таъминоти учун ажратадиган 255 миллиард сўм маблағи тежалмоқда.

Адлия вазирлигида карантин шароитида нотариал ва ҳуқуқий хизматлар кўрсатиш қандай йўлга қўйилгани ҳақида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Видеоконференцалоқа шаклида ўтказилган тадбирда Ўзбекистон нотариал палатаси раҳбарияти, Адлия вазирлиги масъул ходимлари иштирок этди.

Фуқароларнинг талаблари ва нотариусларга бўлган эҳтиёжни инобатга олган ҳолда махсус комиссиянинг қарорига мувофиқ нотариуслар карантин талабларига риоя қилган ҳолда ишлашига ва ишлаётган нотариуслар сони кўпайтирилишига рухсат берилди.

Шу билан бирга, хусусий нотариуслар ҳам ўз фаолиятини бошлади. 2020 йил 22 май ҳолатига 749 нафар (92%) давлат нотариуси хусусий нотариус бўлиб ишлаш истагини билдирган ва улар лицензия билан таъминланган. Шундан 659 нафар хусусий нотариус ўз фаолиятини тўлиқ бошлади. Республика бўйича камида 2 мингта ўзини-ўзи таъминловчи иш ўрни яратилди.

Хусусий нотариал идоралар иш бошлаши билан нотариал идораларни сақлаш харажатларидан 255 млрд. сўм давлат маблағлари иқтисод қилинмоқда.

Тадбирда хусусий нотариуслар фаолиятининг йўлга қўйилиши натижасида қандай имкониятлар пайдо бўлганлиги хусусида ҳам фикр билдирилди. Нотариуслар ўзини-ўзи молиявий ва моддий-техник жиҳатдан мустақил таъминлайди.

Нотариусларнинг фаоллиги ошди. Нотариал идораларда навбат кутиш муаммоси бартараф этилди. Соҳада эркин рақобат муҳити шаклланди ва нотариуслар аҳолига янада сифатли хизмат кўрсатишни бошлади.

Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки e-notarius.uz сайти орқали нотариус қабулига электрон навбатга ёзилиш имконияти мавжуд. Шунингдек, e-notarius.uz сайти орқали барча нотариал ҳаракатлар ҳақида тўлиқ маълумот олиш ва нотариус калькулятори хизматидан фойдаланиб, давлат божи ва бошқа тўловларни мустақил ҳисоблаш имконияти яратилган.

Ҳозирда масофадан туриб айрим нотариал ҳаракатларни амалга ошириш ҳамда видеоконференцалоқадан фойдаланган ҳолда нотариал ҳаракатларни амалга оширишни йўлга қўйиш ишлари ҳам олиб борилаётир.

Тадбир давомида жамоатчилик ва журналистларнинг саволларига мутасаддилар атрофлича жавоб берди.

Муаттар Рўзибоева,
ЎзА