« Back

Агентлик 08.07.2020 14:52

Янги агентлик вазифалари белгилаб берилди

Мамлакатимиз аҳолисининг 54 фоизини болалар ва 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади. Халқаро ташкилотлар, хорижий экспертларнинг тадқиқот ва прогнозларига кўра, 2048 йилга бориб ҳозир ёшлар қатламига мансуб фуқаролар улғайиб, Ўзбекистон аҳолисининг энг катта қисми сифатида меҳнат бозорига кириб боради.

Бугун ёшлар таълим-тарбиясига киритилган сармоя мамлакатга демографик “дивиденд” сифатида қайтиши учун узоқни кўзлаган, чуқур ўйланган ёшлар сиёсатини амалга ошириш талаб этилади.

Президентимизнинг 2020 йил 30 июндаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини тубдан ислоҳ қилиш ва янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан Ёшлар ишлари агентлиги ташкил этилди. Агентлик ёшларга оид давлат сиёсатини юритадиган давлат органи сифатида улар манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳукумат, вазирлик, идора ва ташкилотлар томонидан қабул қилинаётган қарор, дастур ва лойиҳаларда ёшлар манфаатларини акс эттириш, нодавлат нотижорат ташкилотларни қўллаб-қувватлаш каби вазифаларни амалга оширади.

Агентлик ёшлар сиёсатининг 5 йиллик стратегиясини, шунингдек, ушбу соҳада амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини баҳолаш индикаторларини ишлаб чиқиб, ҳудудларда, турли соҳалар кесимида ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари таъминланиши даражасини мониторинг қилиб боради, таҳлил қилади ҳамда ҳукуматга таклиф ва тавсиялар киритади.

Ёшлар ҳаётига оид долзарб масалаларни уларнинг иштироки билан ҳал қилинишини таъминлаш, ёшлар сиёсати соҳасидаги янгиликлардан уларнинг барча қатламларини хабардор қилиш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг яхлит электрон базасини яратиш мақсадида Ўзбекистон ёшлари портали ишга туширилади.

Шу билан бирга Агентлик нуфузли халқаро фан олимпиадаларида мактаб ўқувчиларининг иштироки билан боғлиқ молиявий харажатларни амалга оширади. Иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш ишларини тизимли ташкил этиб, нодавлат нотижорат ташкилотларга грант маблағлари ажратиш тизими йўлга қўйилади.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва унинг муассислигидаги қатор ННТ жумладан, “Камалак” болалар ташкилоти, Республика ёш ижодкорлар кенгаши, Ёш олимлар кенгаши, Имконияти чекланган болалар ва ёшлар маркази, Ёшларга ижтимоий-психологик ёрдам кўрсатиш маркази, Ёш ҳуқуқшунослар кенгаши, Ёш фермерлар кенгаши ва бошқалар Агентликнинг услубий ва моддий кўмаги билан йигит-қизларнинг истеъдодини ривожлантириш, лидерлик кўникмалари, ҳуқуқий саводхонлигини ошириш каби ўзларининг дастурий йўналишларида турли лойҳалар ташкил этиш орқали фаолиятини давом эттиради.

Дилнозахон КАТТАХОНОВА,
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси ўринбосари,
“Камалак” болалар ташкилоти раиси