« Back

Академия 20.06.2020 13:32

ИИВ Академиясини 600 нафардан зиёд курсант битирди

Давлатимиз раҳбарининг «Ички ишлар органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан Ички ишлар вазирлиги академиясида туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Ўқув жараёнида мутахассислик йўналишлари кўпайтирилиб, назарий ва амалий машғулотлар ўзаро уйғун ҳолда замонавий инновацион технологиялар ёрдамида ташкил этилмоқда.

Жорий ўқув йилида таълим масканини 600 нафардан зиёд курсант муваффақиятли тамомлади. Ўтган давр мобайнида улар «тезкор-қидирув фаолияти», «тергов фаолияти», «эксперт-криминалистик фаолият» ҳамда «ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолияти» бўйича пухта билим олиб, жойлардаги ички ишлар органларида иш ўрганиш амалиётини ўтади. Соҳага оид касбий, маънавий-ахлоқий ва жанговар-жисмоний кўникмаларни мукаммал эгаллади. Эндиликда ёш мутахассислар диплом ва «лейтенант» махсус унвони билан хизматга олинмоқда.

Шу муносабат билан ташкил этилган битирув тадбирида таълим муассасаси раҳбарияти ва профессор-ўқитувчилар иштирок этди. Таъкидлаб ўтилганидек, ўқув жараёнига татбиқ этилаётган янгиланишлар ички ишлар органларини ҳар томонлама етук, профессионал кадрлар билан таъминлашга хизмат қилмоқда.

– Пандемия шароитига қарамай, Академиямизда ўқув-тарбия жараёни карантин қоидаларига тўлиқ амал қилинган ҳолда узлуксиз давом эттирилди, – дейди ИИВ Академияси бошлиғининг биринчи ўринбосари, полковник Ўткирбек Муҳамедов. – Назарий ҳамда амалий машғулотлар белгиланган меъёрларга қатъий риоя қилган ҳолда олиб борилди.

Битирувчиларимиз давлат якуний имтиҳонлари ҳамда малакавий диплом ишларини ҳимоя қилиб, ўқув даргоҳини муваффақиятли тамомлади. Уларнинг зиммасида тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши муросасиз курашишдек масъулиятли ва шарафли вазифа турибди.

Айтиш керакки, бугунги кунда Академияда ички ишлар органлари фаолиятини ташкил этиш ва бошқаришга қодир раҳбар кадрларни тайёрлаш ҳам самарали йўлга қўйилган. Факультет тингловчилари бир йиллик ўқув дастури асосида модул тизими бўйича таълим олади. Якунда уларга «Ички ишлар органларининг бошқарув фаолияти» мутахассислиги бўйича «менежмент» ихтисослиги дипломи берилади.

Карантин тартиблари асосида ташкил этилган битирув тадбирида ўқишни муваффақиятли тугатган тингловчи ва курсантларга дипломлар кўтаринки руҳда топширилди. Ватанни мадҳ этувчи қўшиқлар юрт тинчлиги ва осойишталиги йўлида шарафли хизматга отланган офицерлар қалбига янада ғурур ва шижоат бағишлади.

Жамшид ХОЛОВ,
катта лейтенант