« Back

Анжуман 12.06.2020 12:23

Озиқ-овқат маҳсулотларининг сифат кўрсаткичлари: муаммо ва ечим

Миллий матбуот марказида “Ўзстандарт” агентлиги томонидан ташкил этилган матбуот анжумани шундай номланди.

Ҳозирги пандемия шароитида дунё бўйича озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талаб янада ортиб бормоқда. БМТ Бош котиби Антониу Гутерреш ўз маърузасида давлатлар аҳоли, айниқса, кичик ёшдаги болалар, ҳомиладор ва эмизикли аёллар, кекса ёшдагилар ва бошқа ночор гуруҳ вакилларини сифатли ва тўйимли озиқ-овқат билан таъминлашни кафолатлаши лозимлигини айтиб ўтган.

Масаланинг яна бир жиҳати, озиқ-овқат маҳсулотларининг сифатидир. Жаҳон статистикасига кўра, озиқ-овқатдан келиб чиқадиган касалликлар туфайли йилига деярли 600 миллион киши касалланади ва 420 минг нафари эрта вафот этади. Озиқ-овқатдан келиб чиқувчи касалликлар натижасидаги ўлимнинг 30 фоизи 5 ёшгача бўлган болаларга тўғри келмоқда. Маълумотларга кўра, 2019 йилда 5 миллиард сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари истеъмолга яроқсиз, деб топилган.

Шу сабабли истеъмол қиладиган маҳсулотларимизнинг хавфсиз ва юқори сифатли эканлигига ишонч ҳосил қилиш ҳар биримиз учун муҳимдир. Аммо маҳсулотнинг хавфсизлиги ва сифати нафақат ишлаб чиқариш корхонасидаги янги асбоб-ускуна ва замонавий технологияларга, балки бу маҳсулотнинг белгиланган талабларга мос келишини текшириш, яъни маҳсулотнинг сифатини назорат қилиш жараёнига ҳам боғлиқ.

Бунинг учун маҳсулот намуналари махсус синов лабораторияларида меъёрий ҳужжатлар талабларига мос келиши аниқланади, яъни синовдан ўтказилади. Бу фаолият Ўзбекистон Республикасида “Мувофиқликни баҳолаш тўғрисида”ги қонун билан тартибга солинади.

Мувофиқликни баҳолаш – етказиб бериладиган маҳсулотлар ҳақиқатдан ҳам белгиланган талабларга жавоб беришининг намойишидир. Мувофиқликни баҳолаш маҳсулот, хизмат, жараён, тизимга нисбатан қўлланади ва синов, текшириш ва сертификатлаштириш тадбирларини ўз ичига олади. Таъкидланишича, ҳозирги вақтда энг асосий вазифалардан бири соҳадаги қонунчиликни такомиллаштириш. Яъни, маънан эскирган, ҳозирги замон талабига жавоб бермайдиган “Маҳсулот ва хизматларни сертификатлаш тўғрисида”ги ҳамда “Мувофиқликни баҳолаш тўғрисида”ги қонунларни такомиллаштириш назарда тутилмоқда.

Аккредитланган мувофиқликни баҳолаш хизматлари озиқ-овқат соҳасида ҳам ҳаётий аҳамиятга молик. Хавфсиз озиқ-овқатлар эса инсон саломатлиги ва хавфсизлигини таъминлаш, иқтисодий ривожланишни қўллаб-қувватлаш ва халқаро савдони тарғиб қилиш масалаларида долзарб аҳамиятга эга.

Ўзбекистонда ҳозирги кунда миллий аккредитация тизимида 462 синов лаборатория, 64 та маҳсулот ва хизматларни, 18 та менежмент тизимларини сертификатлаштириш органлари, 14 та инспекция органи ва 80 дан ортиқ метрология хизматлари фаолият кўрсатмоқда.

Мамлакатимизда ўтказиладиган синовлар ва расмийлаштириладиган мувофиқлик сертификатларига ишончлиликни таъминлаш юзасидан бир неча йилдан бери аккредитация тизимини босқичма-босқич такомиллаштириш ва мавжуд жараёнларни халқаро талабларга уйғунлаштириш ишлари олиб борилмоқда.

«Ўзстандарт» агентлиги тузилмасида мувофиқликни баҳолаш органларини аккредитациядан ўтказувчи махсус ваколатли орган – Аккредитация маркази ташкил этилган бўлиб, ҳозирги кунда Марказ Аккредитация бўйича Осиё-Тинч океани ҳамкорлиги (АРАС)га мухбир аъзо ҳисобланади.

2020 йилнинг 17 апрелидан эътиборан Халқаро лабораторияларни аккредитация қилиш ташкилоти (ILAC) билан ҳамкорликда Марказ ўз аъзолик мақомини яна бир поғонага кўтаришга эришди. Миллий аккредитация тизими ILAC томонидан тан олинган ҳолда Марказга “ILAC Associate Member” (ILAC ташкилотига мухбир аъзо) мақоми берилди. Мазкур аъзолик мақоми Марказга ILAC фаолиятини тартибга солувчи 5 та махсус ишчи қўмитасида тўла ҳуқуқли аъзо бўлиш ва унда кўриладиган масалаларда овоз бериш ваколатини беради.

Марказ томонидан истеъмолчиларга етказиб бериладиган маҳсулотлар хавфсизлиги ва сифатини ошириш ҳамда маҳаллий маҳсулотлар экспортини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бугунги кунда Беларусь давлат аккредитация маркази, Туркия аккредитация агентлиги, Корея аккредитация кенгаши, Қозоғистон Республикаси миллий аккредитация маркази, Бирлашган Араб Амирлиги миллий аккредитация тизими билан ҳамкорлик битимлари имзоланди.

Анжуманда соҳадаги муаммолар хусусида ҳам тўхталиб ўтилди. Жумладан, ҳозирги кунда мувофиқлик идораларининг синов базаларини модернизация қилиш зарурати мавжуд. Чунки, замонавий, жаҳон стандартларига мос, халқаро талабларга жавоб берадиган технологиялар ва асбоб-ускуналарни қўллаш орқали маҳсулотларимизнинг сифат кўрсаткичини аниқ баҳолаш ва уларни дунё бозорларига чиқариш имкони кенгаяди.

Шу билан бирга, ушбу йўналишда асосий муаммолардан бири малакали мутахассисларнинг етишмаслиги. Бу борада ҳам зарур чораларни кўриш, мутахассисларнинг малакасини ошириш талаб этилади.

Нурилло НАСРИЕВ