« Back

Анжуман 13.06.2020 13:17

Ўзбекистонда миллий санъат анъаналари бардавомлиги юқори баҳоланди

Бугунги жадал глобаллашув жараёнида мамлакатларнинг ўзаро иқтисодий, маданий- маърифий интеграциялашуви жараёни ҳам шиддатли кечмоқда. Бу эса миллий ўзига хосликнинг, миллий қиёфани сақлаб қолиш масаласи нечоғлик долзарб эканини кўрсатмоқда.

Ўзбекистон Бадиий академияси Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида ўтказилган «Глобализация шароитида санъатда умуммиллий ўзига хослик муаммолари» мавзусидаги халқаро илмий онлайн анжуманда шу ҳақда сўз юритилди.

Тадбирда ўзбекистонлик соҳа вакиллари билан бирга Арманистон, Болгария, Беларус, Россия, Германия, Литва, Малайзия, Молдова ва бошқа давлатларнинг санъат, бадиий таълим бўйича мутасаддилари иштирок этди.

Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ректори Н.Сайфуллаев, Ўзбекистон Бадиий академияси раиси А.Нуриддинов, Ўзбекистон Республикаси маданият вазири ўринбосари К.Оқилова ва бошқалар миллий маданиятимиз ва санъатимизни асраш, уни янада равнақ топтириш доимий эътиборда эканини таъкидлади.

Кейинги йилларда қабул қилинган қонун ҳужжатлари миллий санъатимизнинг турларини жадал ривожлантириш, анъана ва қадриятларнинг бардавомлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Президентимизнинг жорий йил май ойида қабул қилинган «Тасвирий ва амалий санъат соҳаси самарадорлигини янада оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ҳамда «Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони тасвирий ва амалий санъат, бадиий таълим равнақида янги саҳифалари очишига шубҳа йўқ.

Мазкур ҳужжатлар бадиий таълим бўйича педагог ва мутахассис кадрларни қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш марказини тузиш, рассомлик маҳорат устахоналари фаолиятини самарали йўлга қўйишда, Камолиддин Беҳзод ижодини пухта ўрганиш имконини беради.

Тадбирда глобаллашув жараёнига қарамай, Ўзбекистонда миллий ўзликни асраш, маданият ва санъатда анъаналар бардавомлигини таъминлашга оид эзгу ташаббуслар юқори баҳоланди. Бадиий таълим соҳасидаги муаммолар, глобаллашув шароитида рангтасвир, ҳайкалтарошлик ва дизайн, маданий ёдгорликларни сақлаш каби масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

Тасвирий ва амалий санъатда умуминсоний қадриятлар ва миллий ўзига хослик масалаларини тадқиқ этиш, халқларнинг моддий ва номоддий мероси, шу жумладан, меъморий обидаларни сақлаш ва таъмирлаш соҳасидаги муаммоларни ўрганиш, дизайн санъатидаги янги трендларнинг вужудга келиш сабаблари, технологияси ва жамият эстетикасидаги ўрнини аниқлаш каби долзарб муаммолар қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлди.

Н.Усмонова,
ЎзА