« Back

Анжуман 18.06.2020 11:44

Пандемия электрон савдолар орқали ер-мулк олишга ижобий таъсир қилмоқда

Миллий матбуот марказида пандемия даврида уй-жой қуриш ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш учун ер участкаларини олиш тартиби масалаларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси томонидан ташкил этилган тадбирда мутахассислар соҳада амалга оширилаётган ишлар, аҳолига яратилаётган қулайликлар бўйича атрофлича маълумот берди.

Пандемия ва ўрнатилган карантин чекловлари тадбиркорлар ва аҳолининг электрон давлат хизматларидан кўпроқ фойдаланишига туртки бўлди. Таҳлилларга кўра, жорий йилнинг 4 ойи давомида фойдаланилган давлат хизматлари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 15,5 фоизга ортган. Шу қаторда, ер участкаларни тадбиркорлик мақсадлари учун ажратиш соҳаси ҳам бундан четда қолмади.

Ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 20 декабрдаги қарори билан тасдиқланган Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини электрон онлайн-аукцион орқали бериш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш турган ер участкалари тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун доимий фойдаланишга берилмоқда.

Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолияти учун бўш ер участкаларини ажратиш бўйича Давергеодезкадастр қўмитаси томонидан жорий этилган “YER ELEKTRON”, “E-KADASTR.UZ”, “E-IJRO AUKSION” ахборот тизимлари орқали 2020 йил январь-март ойларида 7 минг 79 та бўш ер участкаси хатловдан ўтказилиб, 1 минг 410 та ер участкаси аукцион савдоларига қўйилган. Шундан 19 таси сотилган. Ушбу савдодан тушган тушум 1,9 миллиард сўмни ташкил этади.

Карантин даври, яъни 2020 йилнинг апрель-июнь ойларида 5 минг 674 бўш ер участкаси хатловдан ўтказилди. 3 минг 742 та ер участкаси аукцион савдоларига қўйилиб, 901 таси сотилди. Ўз навбатида, мазкур савдодан тушган тушум 15,4 миллиард сўмни ташкил этади.

Шунингдек, ушбу даврда E-KADASTR.UZ порталига жисмоний ва юридик шахслар томонидан 1 минг 473 та ер участкасини онлайн-аукционга қўйиш бўйича таклифлар берилиб, уларнинг 660 таси фуқаролар томонидан танланган ерлардир. E-IJRO AUKSIONда сотиб олинган ерларнинг 91 фоизи жисмоний шахсларга тўғри келади. Қолгани юридик шахслар томонидан сотиб олинган.

Бу турдаги аукцион орқали ер-мулк сотиб олишнинг қулайлиги, ортиқча тўсиқлар йўқлиги ва вақт кетмаслиги аҳолига маъқул бўлмоқда.

Тадбирда бу борада аҳолининг ҳуқуқий онгини ошириш мақсадида қўмита томонидан турли ижтимоий видеороликлар, инфографик материаллар тайёрлаб борилаётгани айтиб ўтилди. Кадастр соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар кенг оммага ёритилса, келиб чиқаётган коррупцион ҳолатларни камайишига сезиларли таъсир кўрсатиши қайд этилди.

Абдулазиз МУСАЕВ,
ЎзА