« Back

Анжуман 09.07.2020 14:15

Марказий осиёлик олима аёлларнинг халқаро онлайн анжумани бўлиб ўтди

Ҳозирги кунда Ўзбекистон хотин-қизларининг илмий салоҳияти юқори бўлиб, юртимизда 7 нафар аёл академик, 600 га яқин фан доктори (DSc), 4780 нафар фан номзоди, 100 дан ортиқ турли фан соҳалари бўйича фалсафа доктори (PhD) фаолият кўрсатиб келмоқда.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Хотин-қизлар қўмитаси ва хотин-қизлар «Олима» уюшмаси билан ҳамкорликда «Марказий Осиё давлатлари олима аёлларининг илм-фан соҳасига қўшган ҳиссаси» мавзусида халқаро илмий-амалий онлайн анжуман ташкил этилди.

Мазкур конференциянинг асосий мақсади хотин-қизларнинг илмий дунёқарашини янада кенгайтириш, илмий алоқаларни мустаҳкамлаш, ёш қизларни илм-фанга йўналтириш, дўстона алоқаларни ривожлантиришдан иборат бўлди. Халқаро илмий-амалий анжуманда бешта шўъба иш олиб борди.

Конференцияда Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон давлатларидан жами 43 нафар муаллиф ўз мақолалари билан иштирок этди. Жумладан, Тожикистондан – 18 нафар, Қозоғистон – 10 нафар, Қирғизистондан – 13 нафар, Хитой ва Россиядан 1 нафардан олима аёллар қатнашдилар. Халқаро илмий-амалий анжуман материаллари 2 жилдлик китобда чоп этилди.

Конференция доирасида Марказий Осиё минтақасида замонавий фан жабҳаларини ривожлантириш борасида аниқ, табиий, ижтимоий-гуманитар фанлар, шунингдек, тиббиёт, қишлоқ хўжалиги ва агросаноат соҳаларида фаолият кўрсатаётган таниқли олималар, тадқиқотчиларнинг илмий изланиш хулосалари билан ўртоқлашилди.

Мазкур анжуман таниқли, етук олима аёллар, уларнинг илм-фан ривожига қўшган ҳиссаларини намоён этиш билан бирга олима аёлларнинг илмий йўналишлари, тадқиқотлар самарадорлиги натижаларини кўрсатиб берди.

ЎзМУ Ахборот хизмати