« Back

Анжуман 23.07.2020 17:40

ДХА тизими ишламоқда, лекин муаммолар ҳам бор...

Аҳолига янада қулайлик яратиш мақсадида 84 Давлат хизматлари марказида нақд пул қабул қилиш тизими жорий этилди. Бу ҳақда Давлат хизматлари агентлигининг (ДХА) навбатдаги матбуот анжуманида айтилди.

– Бугунги кунда давлат ташкилотлари ўзларининг электрон маълумотлар базасини шакллантирмоқда, – деди ДХА бошқарма бошлиғи ўринбосари О.Абдуллаев. – Бунинг учун давлат идоралари ва ташкилотларга методик ҳамда техник ёрдам кўрсатилмоқда. Карантин даврида йўлга қўйилган энг муҳим қулайлик – электрон рақамли имзони онлайн олиш имконияти яратилганида бўлди. Ҳозирда чет давлатларда истиқомат қиладиган фуқароларимизга ҳам онлайн электрон рақамли имзони олиш имкониятини яратиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида 84 Давлат хизматлари марказида нақд пул қабул қилиш тизими жорий этилди.

Кўрсатилган давлат хизматлари учун давлат божи, йиғимлар ва бошқа тўловларни электрон тўлов тизимлари (Click, Payme, Upay, Paynet, Uzcard, Oson, Websum ва барча банк мобил тўлов иловалари) орқали тўлаш мумкин.

Анжуманда ДХА мутахассиси К.Хўжаевнинг фикрича, тизимда ечимини кутаётган муаммолар ҳам мавжуд.

Жумладан, Президент ва ҳукуматнинг тегишли қарорларига асосан, давлат органларига давлат хизматларини кўрсатиш учун зарур ҳужжатларни идоралараро электрон ҳамкорлик орқали олиш ва бу ҳужжатларни фуқаролардан талаб этишни бекор қилишни назарда тутувчи маъмурий регламентлар лойиҳаларини ўз вақтида ишлаб чиқмаслик ёки белгиланган муддатларда ҳукуматга киритмаслик ҳолатларига йўл қўйилмоқда.

Хусусан, Соғлиқни сақлаш, Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълими, Қурилиш, Молия, Ички ишлар вазирликлари, Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги фаолиятида бу борада камчиликлар кузатилган. Натижада 2018-2019 йилларда фақат марказлар орқали кўрсатилиш лозим бўлган 9 хизмат ўз вақтида жорий этилмаган.

Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА