« Back

Атроф-муҳит 26.06.2020 11:52

Чўлланиш инсониятга хавф солмоқда

Чўлланиш, ер деградацияси ва қурғоқчилик жиддий иқтисодий, ижтимоий ҳамда экологик муаммо бўлиб, дунёнинг кўплаб мамлакатларида озиқ-овқат хавфсизлигига таҳдид солмоқда. Чўлланиш оқибатида жаҳоннинг 100 дан ортиқ мамлакатида истиқомат қилаётган 1,2 миллиард аҳолининг саломатлиги ва фаровонлигига жиддий хавф туғилмоқда.

БМТ маълумотига кўра, чўлланиш дунё аҳолисининг бешдан бир қисмига таҳдид солаётир. Ҳозир дунёдаги қуруқлик майдонининг учдан бир қисми чўлга айланиш таҳдиди остида қолган. Дунёда деградация жараёнлари натижасида ҳар йили 7 миллион гектар ер майдони қишлоқ хўжалиги оборотидан чиқиб кетмоқда.

Ўзбекистон тупроқ шўрлаши, кўчиб юрувчи қумлар тарқалиш хавфи, чанг бўронлари ва қурғоқчилик муаммоларига дуч келмоқда. Қишлоқ хўжалик фаолиятида яроқли ер майдонларининг камлиги табиат бойликлари ва ер-сув манбаларидан фойдаланишнинг самарадор янги йўналишларини излаб топишни талаб этмоқда.

Мамлакатимизда чўлланишга қарши курашнинг миллий дастури ишлаб чиқилган бўлиб, ушбу дастурга кўра, ерлар деградациясининг ҳажмини қисқартириш ёки унинг олдини олиш, чўлланишга дучор бўлган ерларни қайта тиклаш ишларини амалга ошириш лозим.

Статистик маълумотларга кўра, ҳар йили чўлланиш ва қурғоқчилик натижасида 42 миллиард долларга яқин қишлоқ хўжалиги экинлари нобуд бўлади. Ҳеч кимга сир эмас, яқин келажакда минтақамизда иқлимнинг исиши кутилмоқда. Иқтисоди асосан қишлоқ ҳўжалигига мослашган Марказий Осиё мамлакатларида сув танқислиги аллақачон сезила бошлаган. Бунинг оқибатида эса чўлланиш, шўрланиш ва туз шамоллари каби ҳодисалар сони кўпайиб бормоқда. Шунингдек, келажакда иқлимнинг тобора исиб бориши ва чўл зоналарининг кўпайиши озиқ-овқат маҳсулотлари (буғдой, маккажўҳори, шоли ва ҳоказо) етиштиришга салбий таъсир кўрсатиб, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсида ҳам кенг кўламли кўчишлар кузатилиши мумкин.

Мамлакатимизда ҳам суғориладиган ер майдонлари йилдан-йилга қисқариб бормоқда. Оролнинг қуриган ҳудудидан туз ва бошқа минерал моддаларнинг шамол орқали тарқалиши, сув тақчиллиги оқибатида чўлланиш даражаси ортаяпти. Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Навоий, Жиззах, Сирдарё, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида чўлланиш даражаси юқори. Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 22 миллион гектар ер чўлланишга мойил ҳудуд ҳисобланса, мавжуд яйловларнинг 43 фоизи эса инқирозга учраб, чўлланиб бўлган.

Муаммони тўла ҳис қилмаслик ва унинг ечимига нисбатан бепарволик, соҳага тегишли илмий тадқиқотларнинг камлиги ёки амалиётда улардан фойдаланмаслик оқибатида мазкур масала долзарблигича қолиб кетмоқда. Ҳудудларда саҳрога чидамли саксовул, қандим, черкез каби ўсимликлардан иборат ўрмонзорлар барпо этилиши ўзига хос экотизим пайдо бўлиб, иқлим ўзгаришини юмшатади. Чўл зонада озуқабоп ҳисобланган чогон, терескан, боялич, қайроук каби ўсимликлар кўпайтирилиши озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади.

Аграр секторда сув тежайдиган технологияларни кенг жорий этиш ҳам муҳим аҳамият касб этади. Боз устига қишлоқ хўжалигида сувдан оқилона фойдаланиш ернинг мелиоратив ҳолатини яхшилишга, тупроқ унумдорлигини оширишга хизмат қилади. Ҳозир шу каби муаммоларни ҳисобга олиб, юртимизда қишлоқ хўжалигининг кўп сув талаб этувчи тармоқлари сезиларли даражада қисқартирилди. Соҳага сувни тежашга қаратилган кўплаб янги технологиялар жорий этилмоқда. Жумладан, бугунги кунга келиб Ўзбекистонда сув ресурсларидан тежамли фойдаланиш йўналишидаги давлат сиёсатининг натижаси ўлароқ фойдаланилаётган сувларнинг умумий миқдори 1980 йилларга нисбатан йилига 64 миллиард метр кубдан ўртача 51 миллиард метр кубгача камайтирилди.

Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармасининг ташкил этилгани, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилашга қаратилган давлат дастури доирасида амалга оширилган ишлар натижасида республика бўйича 1 миллион 200 минг гектардан ортиқ суғориладиган майдонларнинг мелиоратив ҳолати яхшиланди.

Сув ва ер ресурсларини бошқаришдаги иқтисодий механизмлар ва ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш ҳамда меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига қатъий риоя этилиши устидан назоратни кучайтириш каби масалалар доимий эътиборда бўлиши зарур. Зеро, айнан ер ва сув ресурсларини барқарор бошқариш йўли билан биохилма-хилликни сақлаш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мумкин.

Эркин ОМОНОВ,
Ўзбекистон Экологик партияси марказий кенгаши ижроия қўмитаси раиси ўринбосари