« Back

Аждодлар мероси 18.05.2020 11:39

Мирзо Улуғбекнинг китоблар хазинаси ёхуд "кўчма кутубхона" ҳақида

Китоб инсоният ва жамият маданиятининг ажралмас бир қисми бўлиб, инсоният тараққиётининг ҳамма даврларида кишиларни тарбиялаш, уларнинг ақлий ривожланиш воситаси бўлиб келди. Китоб барча соҳага оид билимларни тўплаш, ривожлантириш ҳамда фанлар тараққиётида катта аҳамиятга эгадир.

Ўрта Осиё тарихида  аждодларимизнинг китобга бўлган меҳри муносабати қадимги кутубхоналар тарихини ўрганиш жараёнида ўта юқори бўлганини гувоҳи бўламиз.

Қуйида тарихий манбалардан  Мирзо Улуғбек кутубхонаси ҳақида қизиқарли маълумотларни келтириш мумкин.

Самарқандда Амир Темурдан сўнг унинг ноёб кутубхонаси набираси Улуғбекка (1394 – 1449) мерос бўлиб қолган. Темур ўз ҳаётининг кўп қисмини ҳарбий юришларда ўтказади, бундай юришларнинг баъзиларида Улуғбек ҳам қатнашади. Сафар вақтида ҳар нарсани билиб олишга қизиқувчи ёш Улуғбек ўзига хос кўчма «кутубхона»дан фойдаланган. Бу жонли кутубхона бўлиб, унда тарихчилар, шоирлар, олимлар йиғилишиб, суҳбат қилишар эди.

Улуғбекнинг отаси Шоҳрух Ҳирот ҳукмдори эди. Улуғбек отаси ҳузурига келиб бу ерда ҳақиқий кутубхона билан танишади ва китобга бўлган қизиқиши янада ошади. Улуғбек ўн етти ёшида (1411 йил) бобосининг дабдабали пойтахтига ворис ҳоким бўлди. Улуғбек даврида Ўрта Осиё кутубхоначилик иши янада ривожланди. Айниқса, Улуғбек топшириғи билан 1428-1429 йилларда Самарқанддаги обсерватория қошида ташкил этилган кутубхона энг бой китоб фондига эга бўлган.

Тахмин қилишларича, Улуғбек йиққан китоблар хазинаси Пергам қўлёзмаларидан бошланган, Темур Пергам шаҳрини босиб олганда қўлёзмаларни ҳам карвон билан Самарқандга олиб келган. Кутубхона Улуғбек даврида бетиним бойиб борган. У жуда билимли бўлиб, ўз кутубхонасида соатлаб ўтириб мутолаа қилар эди. Кутубхонада Платон, Гиппократ, Птоломей, Аристотель асарлари тўпланган ва яхши сақланган эди. Булардан ташқари, бу ерда ватандошларимиз буюк олим Муҳаммад ибн Мусо Хоразмийнинг алгебрага доир машҳур рисоласи, Абу Райхон Берунийнинг «Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар» ва «Астрономия калити» номли асарлари, Ал-Баттонийнинг астрономик жадваллари; Абу Али ибн Синонинг «Тиб қонунлари» рисоласи бўлган. Улуғбек юлдузлар тўғрисидаги фан тарихини шу қадар ўрганиб чиқдики, натижада ўзи ҳам шу соҳада илмий ишлар қилиб, китоблар ёза бошлади. Кўп йиллик самарали меҳнати натижасида «Зижи жадиди Кўрагоний», «Улуғбек зижи» дунёга келди. 1018 та юлдузнинг ҳолатини кўрсатиб берувчи мазкур асар узоқ йиллар давомида энг аниқ ва мукаммал асар бўлиб қолди. Китобда жадваллардан ташқари, катта муқаддима ҳам бўлиб, унда астрономик кузатишлар методикаси берилган. Шунинг учун Улуғбек фан тарихига буюк астроном сифатида кирган.

У тахтга ўтирган дастлабки йиллардаёқ ўз атрофига олимларни тўплади. Шулардан бири мунажжим донишманд Қозизода Румий бўлиб, Улуғбек уни устозим деб билган.

Улуғбек серзавқ султон бўлиб, мусиқа ва тарихга ҳам қизиқарди. У кутубхонасининг мудири вазифасига шогирди Али Қушчини тайинлаган. 1449 йилда ҳалок бўлган Улуғбек китоблар хазинасининг бундан кейинги қисмати ҳам Али Қушчи билан боғлиқ бўлган.

Улуғбек ўқиб чиққан китоблардан ўз асарлари учун цитата олган, шунинг учун турли олимларнинг асарлари унинг кутубхонасининг бойлиги ҳақида маълум бир тасаввур ҳосил қилишга имкон беради. Кутубхонада филологик ишлар ҳам олиб борилар эди, шу ерда Фирдавсийнинг машҳур «Шоҳнома» достонининг мукаммал матни тузилган бўлиб, мазкур қўлланмада йигирмата катта ажиб миниатюра мавжуд. Кутубхона устахонасида яна бир дурдона масаллар мажмуаси «Камила ва Димна» ҳам кўчирилган.

Бу кутубхона фондида нодир қўлёзма асарлар жуда кўп сақланган. Кутубхона тарихини ўрганган олимларнинг фикри ҳам, ривоятлар ҳам турлича, лекин уларнинг ҳаммаси бир фикрда, яъни қўлёзмалар сақланиб қолган, уни қидириш керак, деган фикрда якдилдирлар.

Ўрта Осиёнинг қадимги кутубхоналари

Методик библиографик справочник манбасидан фойдаланилди.

Д.АЗИМОВА, 
Тошкент шаҳар "Bilim" АКМ мутахассиси