« Back

Барчасини енгамиз 03.05.2020 13:58

Ўзбекистон – ўктам оила

Айрим ҳикмат, иборалар дилимизга ҳеч ўзгармасдек жо бўлиб қолган. Шулардан бири: “Меҳр – кўзда, кўришиб, бир-бирингдан хабардор бўлиб турсанг, ўзаро муҳаббат, оқибат ортади”, деймиз. Асрлар давомида ҳаётий тажрибаларда синалган бу фикрга зарра эътироз йўқ. Лекин шу кунларда ёруғ дунёнинг энг ширин неъматларидан бўлган меҳрнинг бундан-да бир ҳароратлироқ, ёруғроқ таърифи ўз-ўзидан умр саҳифаларимизга сарлавҳа бўлаётгандек: “Меҳр аввало – қалбда”.

 Саховатли, мурувватли қалблардаги меҳру оқибат шуъласи айни эҳтиёжмандлик, хавотир безовта қилаётган, моддий-маънавий қўллаб-қувватлашга интизор бўлиб турганлар қалбига нур, таскин, хотиржамлик, миннатдорчилик олиб кирмоқда. Буни юртимиз аҳолисига Юртбошимизнинг, улар бошлаб берган “Саҳоват ва кўмак” йўлидан бораётганларнинг азму иродаси қайта-қайта тасдиқламоқда.

Айни кунлар олису яқин давлатларда коронавирус пандемияси билан боғлиқ воқеа-ҳодисаларни кузатарканман... яна бир ажойиб кайфиятни ҳис этдим. Шу пайтгача умримизнинг кўп қисми ўқиш, иш билан боғлиқ равишда бевосита мактаб, олийгоҳ, ишхоналарда кечди. Истаган пайтингда ёки хизмат юзасидан танишу нотанишлар, ҳамкасблар, қариндошлар, қўшнилар билан учрашиш, мулоқот барчамизга оддий ҳолат бўлиб қолган.

Лекин қарангки, эл соғлиги, омонлигини сақлаш мақсадида юртимизда карантин чоралари кўрилиб, аҳолининг аксари қисми уйларидан чиқмай ўтиришлари қатъий шарт қилиб қўйилгач, бошқаларни билмаймаан-у, лекин мен шу азиз диёримизда яшовчи ҳар бир ватандошимдан ўзимга нисбатан ҳар доимгидан ҳам кўпроқ яқинлик, қадрдонлик, жонкуярлик ҳароратини ҳис этдим.

Ўз соғлигини, тинчини, оиласи саломатлигию осойишталигини гаровга қўйиб хавфли касалликка чалинганларни даволаш, ундан бошқаларни муҳофаза қилиш, бундай шароитда эҳтиёжмандларнинг оғирини енгил, узоғини яқин қилиш азмида бўлганларнинг барчаси меҳрибонларимиздир. Тасаввур қилинг, баъзида қандайдир хавф-хатар эҳтимолини сезган заҳоти ўша жойдан узоқроқ бўлишга интиламиз ёки айланиб ўтамиз.

Дунё аҳолисини таҳликага солиб, умрларга зомин бўлаётган коронавирус дардига чалинганларни даволаш, хизматида бўлиш учун ўз ихтиёри билан кун-тунини тикканларнинг юртдошларга меҳру саховатини анча-мунча одам ҳис этиши ҳам мушкул.

Айни кунларда давлатимиз сиёсати, Президентимизнинг дилдан чиққан сўзлари, Қарору Фармонлари моҳиятини мулоҳаза қилганим сайин, хаёлимда болалик, ўсмирлик йилларим айланади: оталаримиз кунларини асосан рўзғор ташвишида ишхонада, кўчада ўтказишарди. Бошимизни силаган, овқатимизни пиширган, тоза ювиб тараган – оналаримиз. Бироқ ўшандай кунларда сал тобимиз қочиб, бетоб бўлиб қолсак борми, отажонларимизнинг тинчлигу ҳаловати буткул йўқоларди; бошимизда қуёшдек парвона бўлиб, кўнглимиз нимани тусаса, шуни муҳайё қилишга интилишарди...

Устози ҳеч кимга кўрсатмай қуш сўйиб келишни буюрган талаба бўш қўл билан келиб: “Устоз, сизнинг талабингизга кўра мен қуш сўймадим. Чунки қаерда бу ишни қилсам, Аллоҳ кўриб турибди”, дегани ёдингизда, албатта. Яширишнинг ҳожати йўқ: иш жойимизда, кўпчилик орасида кимнингдир эътиборини қозониш, камгадир маъқул бўлиш ва яна қандайдир каттаю кичик илинжлар билан қилинган ҳаракатлар ҳам учраб қолади.

Дунё аҳлининг, жумладан жонажон диёримиз аҳолисининг бошига тушган синов ҳар биримизнинг тақдиримиз Ўзбекистон номли ўктам оила аъзолари – ўзбекистонликлар билан қону жондек туташ эканини, бу қутлуғ хонадон Бошлиғи ҳар биримизнинг соғу саломатликда ҳаётдан рози бўлиб яшашимиз учун Аллоҳ розилигини тилаб астойдил саъй-ҳаракатда эканини ҳар доимгидан ҳам чуқурроқ ҳис этдик. Ҳақ розилиги, ватандош-тақдирдошлар розилигига муносиб бўлмоқ ҳар биримизга насиб этсин.

Қутлуғ Рамазон кунларининг эзгу дуолари қалблару осмонларни тўлдирсин, ижобатлари янада хайрли, қувончли, саодатбахш бўлсин.

Муҳтарама УЛУҒОВА, 
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими