« Back

Баркамол авлод 20.05.2020 11:58

ФАРЗАНД ТАРБИЯСИДА КИТОБНИНГ АҲАМИЯТИ

Давлатимиз раҳбари томонидан ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича илгари сурилган 5 та муҳим ташаббуснинг асл мақсади ҳақида қанча кўп сўз юритилсада кўпчилик буни ҳали яхши англаб етмаган кўринади. Фарзандини ўқишига эътибор бермайдиган, бепарво ота-оналар афсуски орамиздан бутунлай йўқолганича йўқ.

Фарзандини уйлантирмоқчи бўлган оналар совчиликка борганда “Қизингиз қайси олий ўқув юртини тамомлаган?” дея савол беришмоқда. Бу ҳолат мана шу 2,3 йилдан буён кузатилмоқда. Қиз бола ўқимишли бўлиши шарт эмас, у яхши она, меҳрибон рафиқа, иболи келин бўлиши кифоя дейишади. Бошқалари эса куёв ўқимаган бўлса ҳам қўлида ҳунари бор уйим-жойим дейдиган бўлса деб қўйишади. Балки улар ҳақдир аммо келажакда фарзанд тарбияси қандай бўларкин?

Болалар албатта ҳар доимгидак серсавол, қизиқувчан бўлишади. Улар ҳар бир саволига тўғри ва аниқ жавоб олишмаса, биз уларга ўрнак бўлмасак ким бўлади? Шу ерда Choco cream рекламаси ёдимга тушди. “Сенинг қахрамонинг ким?” деган саволга “Бобурни ойиси” деб жавоб беради. Нима деб ўйлайсиз нега ўз фарзандимиз учун биз қаҳрамон эмасмиз? Уларга болалик чоғиданоқ аввало ота-она, дўст, сирдош ва энг ишонган инсонлари бўлишимиз керак. “Қуш уясида кўрганини қилади” дейди доно халқимиз. Демак китоб мутолаа қилишни биз ўзимиздан бошлашимиз зарур.

Бир куни меҳмонга бордим. Қариндошимиз мен кутубхонада ишлаганим учун китоб ўқиш, унинг фарзанд тарбиясидаги ўрни бўйича сҳбатлашдик. “Сиз китоб ўқигансиз. Маслаҳатингиз керак эди. Қизларимнинг қўлидан телефон тушмайди. Ҳар қанақасига жазолаб кўрдим, уяли алоқа телефонини олиб ҳам қўйдим, лекин таъсир қилмаяпти. Нима қилсам бўлади?” деб қолди. Мен “Сиз сериал кўришдан бўшамасангиз, қизлардан нимани кутяпсиз?” дегим келди-ю андиша қилиб индамадим. “Қўлларига қизиқарли китоб беринг” деб қўя қолдим. Кейин анча ўйландим. Барчасига ўзимиз айбдормиз, фарзандлар ҳеч кимдан кам бўлмасин деб нима сўраса олиб бериб, асосий бурчимиз нимада эканлигини унутиб қўямиз.

Мутолаа қанчалик фойдали эканлиги ҳақида кўп гапириляпти, тарғибот-ташвиқот ишлари олиб бориляпти, ижтимоий роликлар суратга олинмоқда, теледастурлар намойиш этилмоқда, энг асосийси танловлар уюштирилмоқда. Мутахассисларимиз томонидан китобхонлик маданиятини оширишга қаратилган саъй-ҳаракатлар билан бирга сиз ота-оналарнинг ҳам ўрни бор албатта. Бир томондан биз китоб мутолаасига жалб қилсаг-у, иккинчи томондан сиз бепарво бўлсангиз бунинг натижаси ҳар доим ҳам ижобий бўлавермайди.

Шундай экан азиз ота-оналар фарзандингиз тақдирига бефарқ бўлманг! Улар билан фахрланишингиз, юксак марраларга эришишлари учун нима кераклигини сиздан яхшироқ биладиган инсон йўқ. Оилавий китоб мутолаа қилинг. Мана кўрасиз бу албатта ўзининг ижобий натижасини кўрсатади.

Мадина МАВЛОНОВА,
Тошкент шаҳар «Bilim» АКМ «АКТ ва рақамлаштириш хизмати» мутахассиси