« Back

Бир сафдамиз 18.04.2020 13:33

Озарбайжон Ўзбекистонга гуманитар ёрдам ажратди

Озарбайжон дунё учун оғир кунлар давом этаётган бир пайтда коронавирус пандемиясига қарши курашда Ўзбекистон билан бир сафда эканини намойиш этди.

Ўзбекистон билан дўстона муносабатлар ўрнатган расмий Боку Туркий тилли давлатлар кенгашида ҳам юқори муносабатларни кенгайтирмоқда.

Қайд этиш керакки, Озарбайжон Республикаси Президенти, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгаши раиси Илҳом Алиевнинг ташаббуси билан 10 апрель куни видоеконференция воситасида ушбу кенгашнинг фавқулодда саммити ўтказилди. Бу коронавирус пандемиясига қарши халқаро ташкилотлар ичида биринчи бўлиб туркий тилли давлатлар бирлашган илк муҳим ҳодиса бўлди. Видеоконференцияда туркий давлатлар пандемияга қарши кураш чораларини амалга ошириш муносабати билан умумий тўхтамга келишди.

Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев топшириғига кўра, қардош Ўзбекистон халқига гуманитар ёрдам тариқасида Озарбайжон давлатининг махсус тиббий жиҳозлари жўнатилди.

Ўзбекистондаги Озарбайжон элчихонаси хабарига кўра, гуманитар ёрдам бир мартали шприцлар, бир мартали бахила, кўрпа тўшак, антисептик воситалар, дезинфекция эритмалари, суюқ совун, қаттиқ совун ва тиббиёт спиртларини ўз ичига олган.

Гуманитар юкни Ўзбекистондаги Озарбайжон элчихонаси ходимлари, Ўзбекистоннинг ваколатли вакиллари кутиб олишди.

Мазкур қадам Озарбайжон халқи ҳамда давлатининг Ўзбекистон билан дўстона ва қардошлик муносабатларининг намойиши ҳамдир.

Эслатиб ўтамиз, бундан бир неча кун олдин Ўзбекистон Президентининг топшириғига асосан Озарбайжонга коронавирус COVID-19 касаллиги тарқалишини бартараф этиш учун таркибида зарур бўлган тиббий буюмлар ва воситалар бўлган гуманитар ёрдам жўнатилган эди.

ЎзA