« Back

Бир саволга бир жавоб 26.05.2020 12:44

Ўзбекистон транспорт тизими қандай ислоҳ қилинади?

Куни кеча давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев транспорт соҳасининг барқарор ишлашини таъминлаш ва изчил ривожлантириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди. Йиғилишда янгича шароит ва талаблар асосида транспорт соҳасининг барқарор ишлашини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди ва топшириқлар берилди.

САВОЛ: бу топшириқлар ижроси доирасида мамлакат транспорт тизимида қандай ислоҳотлар кутилмоқда?

Жасур ЧОРИЕВ, Ўзбекистон Республикаси транспорт вазири ўринбосари:

– Транспорт вазирлиги ва бошқа авиация ташкилотлари соҳага янги технологияларни киритиш, янги механизмларни жорий қилиш, йўқотилган даромадларни оптималлаштириш, харажатларни камайтириш бўйича керакли чора-тадбирларни олиб боряпти. Авиация соҳаси ҳеч қачон тўхтаб қолган эмас. Бу тармоқ 24 соат давомида ишлаб турибди.

Президентимиз топшириғига кўра, эндиликда ҳам биз битта жойда тўхтаб қолмаслигимиз керак. Иложи борича жаҳон тажрибасини, қўшни мамлакатларда қилинаётган, татбиқ этилаётган нормаларни тезроқ ва мукаммал киритиб боришимиз зарур. Бу борада юк ва йўловчи ташиш, ички ва ташқи туризмни ривожлантириш, соҳага “visa-free” тушунчаларни киритиш бўйича долзарб таклифларни ишлаб чиқишимиз керак. Ўйлаймизки, хорижлик сайёҳлар мамлакатимизга хавотирсиз кела оладиган шароитлар яратамиз. Юк ташиш имкониятларимизни ошириш, самолёт қатновларини кўпайтириш ва тарифларни оптималлаштириб, экспортёрларимизга маҳсулотларини чет элдаги янги бозорларга чиқаришга имконият яратишни мўлжаллаганмиз.

Йўловчи поездлар қатнови босқичма-босқич кўпайтирилади. Пандемия даврида темир йўл орқали юк ташишга талаб кескин кўпайган. Хусусан, халқаро юк ташувларда темир йўлнинг улуши 75 фоиздан 87 фоизга ошди. Бу эса хизматлар сифатини яхшилаш ва таннархни тушириш орқали мижозларни кўпайтириш учун яхши имконият. Лекин “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ тизимида асосий воситаларнинг эскиргани, жамият таркибида носоҳавий активларнинг кўплиги асосий фаолиятни ривожлантиришга тўсқинлик қилмоқда. Бу бўйича ҳам чора-тадбирларни бошлаб юбордик.

Ҳусниддин ҲОСИЛОВ, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ раиси вазифасини бажарувчи:

– Президентимиз пандемия шароитида транспорт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, бу борада юзага келаётган қийинчиликлар, бу қийинчиликларга қандай ечим топиш, янги таклифларни ишлаб чиқиш бўйича тегишли топшириқларни берди.

Пандемия шароитида “Ўзбекистон темир йўллари” АЖда юк ташиш жараёни ва ҳажмлари бўйича ҳеч қандай йўқотишларга йўл қўйилмади. Фақатгина йўловчи ташиш бўйича йўқотишлар кузатилди. Йўловчи ташиш соҳасида ҳозиргача “Тошкент – Бухоро” ва “Тошкент – Қарши” йўналишларига “Afrosiyob” поезди, Андижонга йўловчи поезди қатновини йўлга қўйган бўлсак, Президентимиз секин-аста поездлар қатновини ва сонини кўпайтириш бўйича топшириқ берди. Бу йўналишлар бўйича аниқ таклифларимиз бор ва уларни қисқа муддат ичида киритамиз.

Шу билан бирга йиғилишда компания даромадларини кескин кўтариш вазифаси қўйилди. Мақсад – соҳа инфраструктурасини ривожлантириш этиб белгиланди.

Нурилло Насриев тайёрлади,
ЎзА