« Back

Бирга енгамиз 28.07.2020 12:27

Пандемия шароитида – партия фаолияти

Мана тўрт ойдирки, ҳаммамиз пандемия шароитда яшаб келмоқдамиз. Кўринмас ёвни енгиш истагида турли тадбирлар амалга оширилмоқда. Кимдир уйида қолиб курашмоқда, яна кимдир уйига бормасдан, вирус юқтириб олган инсонларни даволашга уринмоқда.

Ушбу касаллик нафақат бутун дунё халқлари соғлигига, балки уларнинг иқтисодиётига ҳам жиддий талафот етказди. Ҳозирги кунда бутун дунё ҳамжамияти ушбу касалликка қарши курашиш, вирусга қарши вакцинани аниқлаш мақсадида бор кучи ва маблағини сарфламоқда.

Айни кунларда бизнинг мамлакатимизда ҳам барча куч ва воситалар, маблағ ва ресурслар коронавирус эпидемиясининг кенг тарқалишининг олдини олиш, вирус билан касалланганларни талафотсиз соғайтириш, бутун мамлакатнинг санитария-эпидемиология ҳолатини барқарорлаштиришга йўналтирилган. Шундай вазиятга қарамасдан, Ўзбекистон Экологик партиясида амалий-профилактик тадбирлар, экологик рейдлар онлайн конференциялар бир зумга ҳам тўхтамади. 

Ўтган давр мобайнида Ўзбекистон Экологик партияси томонидан коронавирус инфекцияси тарқалишини олдини олиш ва уни профилактикаси юзасидан бир қатор ишлар амалга оширилди. 

Жорий йилнинг ўтган даврида партия томонидан 1000 дан ошиқ тадбирлар, давра суҳбатлари, амалий акциялар ва видео конференциялар ўтказилди унда иштирокчилар сони эса 11 250 дан ортиқни ташкил этмоқда.

Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгашига фуқаролар томонидан 550 дан ортиқ мурожаатлар келган бўлса, уларнинг аксарияти ижобий ҳал этилди.

Бугунги синовли кунларга қарамай халқимиз бошига ташвиш тушганда, эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган оилалар ҳамда ногиронлиги бор оилаларга Ўзбекистон Экологик партияси ҳамда партиядан сайланган депутатлар томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари, санитар-гигиеник воситалари билан ёрдам қўллари чўзиб келинмоқда.   

Вақт - олий ҳакам дейишади. Шу қисқагина давр жуда кўп сабоқ берди. Жуда кўп тушунчаларга эга бўлдик. Энг асосийси, тарихда юз бермаган воқеликнинг қаршисидаги қўрқувни енгиб ўтдик. Мартнинг сўнгги кунлари, апрелнинг бошланишидаги таҳликали ва ваҳимали кунлар ортда қолди. Энди вируснинг ўзини ҳам енгишимиз керак. Асосий барчамиз бирлашиб кучни шунга қаратмоқ лозим.

Хулоса ўрнида шуни айтиб ўтаманки, ҳар қандай вазиятда бирдамлик – ғалабага етаклайди. Мана шундай оғир шароитда ваҳимага тушмасдан, карантин қоидаларига қатъий амал қилиб, ўзимизнинг ва яқинларимизнинг соғлигига масъул эканлигимизни унутмасак, бундай оғир вазиятдан талафотсиз чиқа оламиз. Ижтимоий тармоқларда кўрганимиздек, касалликка беписанд бўлганларнинг ҳолати бизга ўрнак бўлмоғи лозим.

Ишончим комил, ота-онаси, оиласи, фарзандлари, эл-юрти тинчлиги, соғлиғини ҳамма нарсадан устун биладиган донишманд халқимиз бундай ҳолатга тушиб қолишни ҳеч қачон истамайди. Коронавирус пандемияси бутун инсоният учун Яратганнинг берган бир синовидир. Халқимиз жипслашиб, шифокорларнинг барча тавсияси, кўрсатмаларига амал қилсалар, фуқароларимиз карантин даврида ҳаётий заруратсиз ўз хонадонларини тарк этмаса, касалликнинг илк белгилари аниқланганда, уни яширмай шифокорларга ўз вақтида мурожаат этсалар, биз бу касалликни, албатта, енгамиз – дея ўз халқига ишонган юртбошимиз мурожаатларига амал қилсак, биз албатта бу балодан қутиламиз.

Бирга жипслашсак, бирга касалликка қарши мардонавор курашсак, биз бу касалликни тез кунларда енгиб ўтамиз.

Диёра Шарипова, 
Ўзбекистон Экологик партияси Тошкент шаҳар Кенгаши аъзоси