« Back

Бирга катта  кучмиз 09.07.2020 14:16

Пандемия даврида биз янгича имкониятлардан фойдаланишни ўргандик

Мамлакатимиз олий таълим тизимида яна бир ўқув йили якунига етди. Ортга назар ташласак, беихтиёр, бу йилги мавсум жуда мураккаб, ўзига хос кечганига гувоҳ бўламиз. Юртимиздаги барча олий ўқув даргоҳлари каби Тошкент давлат шарқшунослик университети учун ҳам 2019-2020 ўқув йили эсда қоларли воқеаларга бой келди. Мазкур таълим муассасасида кўплаб янги лойиҳалар амалга оширилди, қизиқарли ғоялар ҳаётга тадбиқ этилди. Фаолиятимизда биз мудом янгилик, инновация сингари тушунчаларга, энг илғор ва замонавий услубларга таяндик.

Ўтган давр мобайнида ўқув, илмий, маънавий-маърифий соҳаларда ҳамда халқаро алоқаларни ривожлантириш борасида университет жамоаси эришган ютуқлар тўғрисида кўп гапиришимиз мумкин. Бинобарин, ҳозир масаланинг бошқа жиҳатига эътибор қаратмоқчимиз.

Маълумки, ўтган йилнинг декабрида Хитойда пайдо бўлган коронавирус 2020 йил январь ойи охирларига келиб бошқа давлатларни ҳам ташвишга сола бошлади. Ўша пайт университетимизнинг 24 (бу рақам республикамиз олий ўқув юртлари орасида энг юқори кўрсаткич) талабаси грант асосида Чин диёрида таҳсил олаётган эди. Биз улар билан доимий алоқада бўлиб турдик. Бир неча марта мулоқот олиб борганимиздан сўнг талабаларимиз университет маъмурияти томонидан қабул қилинган Хитойда ўқиётган ёшларимизни Ватанга қайтариш ҳақидаги қароримизни қўллаб-қувватлашди.

Февраль ойи бошларида Ўзбекистон ҳукумати томонидан ташкил этилган махсус чартер рейслар билан талабаларимиз Тошкентга қайтишди. Икки ҳафталик карантиндан сўнг улар ўқишни ўзлари учун қадрдон бўлган даргоҳда давом эттиришди.

Шундан сўнг коронавирус инфекцияси ер юзи бўйлаб жуда тез тарқала бошлади. 2020 йил март ойининг иккинчи ярмидан бошлаб бизнинг университетда ҳам ўқув жараёни тўлиқ онлайн, яъни масофавий режимга ўтказилди. Раҳбарият нисбатан қисқа муддатда zoom, moodle, telegram сингари платформаларга асосланган таълим тизимини йўлга қўйди. Қувонарлиси, жамоамиз аъзоларининг жипслиги, бирдамлиги, янгича ва шу билан бирга анчайин мураккаб шароитларда муносиб иш юритишга интилиши қийин вазиятда асқотди. Тўғриси, айни ҳолатда раҳбариятнинг қатъий топшириғи эмас, балки профессор-ўқитувчилар таркиби, шу жумладан хорижлик ўқитувчиларнинг жонкуярлиги, профессионал маҳорати ва масъулияти ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлди.

Онлайн маърузалар, масофавий таълимни ривожлантириш, видео маърузалар заҳирасини шакллантириш – буларнинг бари ҳақида охирги ўн йилликда жуда кўп гапирилди. Афсуски, айни соҳа узоқ вақтдан бери етарли даражада ривожланмагани ҳам ҳақиқат. Албатта, бунинг асосли сабаблари бор: кучсиз интернет, кўпчилик педагогларда янгича муҳитда ишлаш кўникмаси йўқлиги ва ҳоказо. Ваҳоланки, сўнгги бир неча ойда ўқитувчилар ҳам талабалар ҳам ана шундай шароитларга мослашишнинг уддасидан чиқишди. Ҳозирги иш жараёнини кузата туриб, кишида шундай таассурот пайдо бўладики, гўё авваллари ҳам худди шундай тартибда ишлаб келганмиз.

Бугунги кунга келиб университет видео маърузалари заҳираси минглаб ёзувлардан иборат. Янги ўқув йилигача ҳар бир ўқитувчи ўз олдига ўзи дарс ўтадиган фан бўйича тўлиқ электрон контент тайёрлашни мақсад қилиб қўйди. Мавжуд кафедралар ходимлари хорижлик ҳамкасблари билан мутахассисликнинг долзарб масалалари бўйича вебинарлар ўтказишда кескин фаоллашгани кузатиляпти. Бундай тадбирларда талабалар ҳам иштирок этмоқда.

Мамлакатимизда карантин тартиби жорий қилингандан кейин ҳам биз чет эллик ўқитувчилар, талабалар ва малака оширувчиларимиз билан доимий мустаҳкам алоқани ушлаб турдик. Тўғри, хорижий давлатлар элчихоналари томонидан ўз фуқароларини юртга олиб кетиш учун чартер рейслар ташкил этилди, бироқ хорижий мутахассисларимизнинг аксарияти университетда қолишни афзал кўрди. Зеро, улар айнан Ўзбекистон ҳозирги мураккаб шароитда энг хавфсиз жой, деб ҳисоблашди. Албатта бу ҳукуматимиз томонидан кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик, қолаверса, пандемия даврида республикамизда йўлга қўйилган қатъий интизом меваси эди. Айни ҳақиқат чет эл ОАВ саҳифаларида ҳам таъкидланиб, бир неча бор ёритилди.

Янги муҳитда ишлаш кўникмаларини эгаллаш университет жамоасига халқаро ҳамкорликни тўхтатиб қўймаслик имконини берди. Халқаро миқёсда бир қатор видео анжуманлар ўтказилди. Ваҳоланки, авваллари онлайн-тадбирлар ташкил қилинишини тасаввур қилиб бўлмас эди.

Масалан, май ойида хорижий олий ўқув юртларида муваффақиятли фаолият олиб бораётган ватандошларимиз иштирокида туркум-вебинарлар ўтказилди. Мазкур учрашувлар чоғида университетда кредит-модул тизимини жорий этиш имкониятлари муҳокама қилинди. АҚШ, Япония, Корея Республикаси, Буюк Британия ва Европанинг бошқа кўплаб етакчи олий ўқув юртлари тажрибаси кўриб чиқилди. Илк бор МДҲ мамлакатлари олий ўқув юртлари иштирокида ўтказилган Халқаро видеоконференцияда 9 та Ҳамдўстликка аъзо давлатдан 10 та йирик олий таълим муассасаси иштирок этди. Ушбу тадбир пандемиянинг мамлакатлар иқтисодиётига таъсири мавзусига бағишланди. Худди шундай видеоконференция АҚШ экспертлари иштирокида ҳам ташкил этилди. Ушбу тадбирлар ҳақидаги ахборотлар ғарб давлатларининг нуфузли ОАВ саҳифаларидан ўрин олди.

Ўқув йили одатда битирувчиларга диплом топшириш маросими билан якунланади. Бу йил ҳам университет шонли анъанадан чекинмаган ҳолда, ушбу маросимни онлайн тартибда ўтказишга қарор қилди. Энг муҳими, бу ташаббусни ёшларимиз ҳам қўллаб-қувватлади. Ахир, 2020 йилги битирувчилар дастлабки “онлайн битирувчилар” бўлишди-да! Ушбу муҳим тадбирда Ўзбекистондаги дипломатик миссиялар раҳбарлари - Япония, Хитой, Корея Республикаси, Туркия, Ҳиндистон, Индонезия, Миср, Эрон давлатларининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчилари ҳам иштирок этиб, битирувчиларга ўз табрикларини йўлладилар.

Бир сўз билан айтганда, коронавирус пандемияси инсониятга мислсиз кулфат, ташвиш келтириш баробарида, жуда кўп соҳаларда, жумладан таълим тизимида ҳам янги имкониятларни очди. Ишончим комилки, қийин кунлар, албатта, ортда қолади. Барчамиз жипслашиб, бу даврдан аввалгидан кўра янада кучли, мустаҳкам бўлиб чиқамиз ва университетимиз тарихида янги саҳифа очишга эришамиз.

Элёр Маҳмудов,
ТДШУнинг халқаро ҳамкорлик бўйича проректори