« Back

Бирга катта кучмиз 17.07.2020 14:00

Қўрқувни енгдик, энди вирусни енгиш керак!

Бир неча ойки, ҳаммамиз пандемия шароитда яшаб келяпмиз. Кўзга кўринмас душманни енгиш истагида турли тадбирлар амалга оширилмоқда. Кимдир уйидан чиқмасдан курашмоқда, кимдир уйига кирмасдан, вирус юққан инсонни даволашга уринмоқда.

Вақт - олий ҳакам дейишади. Ўтган қисқагина давр жуда кўп сабоқ берди. Жуда кўп тушунчаларга эга бўлдик. Энг муҳими, тарихда юз бермаган воқеликнинг қаршисидаги қўрқувни енгиб ўтдик. Мартнинг сўнгги кунлари, апрелнинг бошланишидаги таҳликали ва ваҳимали кунлар ортда қолди. Энди вируснинг ўзини ҳам енгишимиз керак. Асосий кучни шунга қаратмоқ лозим.

“СOVID-19” коронавируси кўзга кўринмайди, унинг танамизда бор-йўқлигини тезда илғаб бўлмайди. Бундай ҳолда вирусдан сақланишга йўналтирилган ҳар бир ҳаракат аслида ҳимояланиш эмас, балки касалликка қарши ҳужум деб баҳоланади. Биз ўзимизни, фарзандимизни, қариндошимизни, дўстимизни қанча яхши асрасак, душманни енгиш шунчалик муқаррар бўлади.

Душманни енгиш учун унинг сиртида эмас, ичида бўлиш ҳамиша самара бериб келган. Бунга минг йиллик кўҳна тарихда мисоллар кўп. Жанг сиртида бўлмаслик учун вируснинг моҳиятини чуқур билишимиз керак. Фақатгина шифокорлар эмас, балки ҳар биримиз билишимиз лозим.

Интернетда тождор вирусдан даволаниш ҳақида бир-бирига зид хабарлар тарқалмоқда. Италиядан берилган тавсияни Россиядан инкор этишди. Бир гуруҳ коронавирусдан сақланиш лозим деб айтса, бошқаси аҳолининг ярмидан кўпи вирусни юқтириши табиий ҳол, шундагина бу балодан қутилиш мумкин деб ўгит беради. Қайсидир давлатда вирусга қарши «антибиотик» топилди деса, эртаси куни бу хабар «фейк» бўлиб чиқади.

Аҳолиси миллиондан кўп пойтахтимизда аҳвол яхши эмаслиги эътироф этилди. Хатолик шифокорларнинг лаёқати ёки ҳамширалар меҳнатида эмас, балки пандемияга қарши курашни ташкил этиш борасида, яъни бошқарувда экани маълум бўлди.

Дарҳақиқат, тождор вирусга қарши курашга аҳолининг кенг қатламини тайёрлаб бориш нисбатан оқсади. Одамларда вируснинг хусусияти, оғир ва енгил ўтадиган турлари мавжудлиги, вирусни юқтирмаслик учун айнан қайси чораларни кўриш шартлиги, қайси дорини ичса фойдали экани, вирусни юқтириб олган шахс нимага эътибор қаратиши, шифокор етиб келгунга қадар ўзини қандай тутиши ва шу каби ўнлаб саволларга жавоблар очиқ-ойдин ёритиб берилмади.

Маълумки, ҳар бир кишида интернет тармоғи «ишлайдиган» телефон йўқ, телефони бор жойда интернет тезлиги паст ёки умуман ишламайди, айримлар интернетдан фойдаланишни билмайди. Бироқ телевизори бўлмаган оила деярли қолмаган.

Минглаб одамлар вирусга қарши курашда нима қилишини билмай телефон орқали турли идораларга сўровлар билан мурожаат этаётгани айтилмоқда. Аҳоли мурожаат этаяптими, демак, бунга сабаб ва эҳтиёж бор. Кимдир вирус бўйича ниманидир тушунмаган бўлса, бу унинг айби эмас, аксинча, билганлар тушунтириб бериши лозим.

Эҳтимол, эл бошига ташвиш тушган ушбу кунларда телевидение имкониятидан фойдаланишни йўлга қўйиш керакдир. Эҳтимол, давлатга тегишли бирорта телеканални эрта-ю-кеч фақатгина халққа вирусга қарши курашни ўргатишга мослаштириш зарурдир.

Малакали мутахассис шифокорлар вирусга оид аҳволни, уни енгиш усулларини ушбу телеканалда асосли тушунтириб берсин, Тўғри, турли брифинглар ташкил этиляпти, бироқ брифингларда шифокор мутахассислар эмас, турли идоралар раҳбарлари қатнашмоқда. Қолаверса, брифинг етарли эмаслигини аҳоли мурожаатлари камаймаганидан ҳам билиш мумкин.

Кейинги кунларда вирусга қарши тест топшириш авж олмоқда. Албатта, ҳар куни бир неча бор тест топшириш имконияти мавжуд бўлса, вирус юқтирганларни тезроқ аниқлаш қулай бўлади.

Бироқ, аввало, буни тўлиқ ҳажмда амалга ошириш мушкул иш. Қолаверса, тест натижалари ҳамиша ҳам якуний, ҳал қилувчи аҳамиятга эга эмас. Масалан, тест натижаси салбий чиққанлиги одамнинг вирусдан қутилиб қолишини кафолатламайди.

Айтиш мумкинки, тест муайян бир оний дақиқага қадар бўлган давр учун натижадир. Тестни, таъбир жоиз бўлса, бирор корхонанинг бирор-бир санага оид аҳволини ўрганиш учун тузиладиган бухгалтерия балансига қиёслаш мумкин. Дейлик, корхона ҳисоб рақамида баланс тузилган санадаэллик миллион сўм пул маблағи бор. Бироқ бу маълумот ишчиларнинг йигирма миллион сўмлик кейинги ойлик маоши тўланишини кафолатламайди, чунки корхона раҳбари ушбу маблағни бошқа мақсадга ишлатиб юбориши мумкин.

Худди шу каби тест туфайли олинган салбий натижа ҳам кейинги даврга хизмат қилмайди. Тест топшириб чиққандан кейин одамга вирус юққан-юқмагани мавҳум ҳолатдир.

Яна бир гап. Ниқоб тақиш вирус юқтиришнинг олдини олувчи самарали восита экани айтилмоқда. Бунга қўшилиш мумкин. Ниқоб тақишнинг деярли зиёни йўқ. Бироқ аҳолини ниқоб билан таъминлаш масаласи муҳим аҳамиятга эга.

Бугунги кунда дорихоналарда ниқобнинг баҳоси энг ками 2500 сўм. Бозорларда очиқ ҳавода турли ниқоблар сотилмоқда, уларнинг баҳоси савдолашишга боғлиқ. Эҳтимол, улар арзонроқдир, лекин бу ниқобларнинг ўзида вирус йўқлигига ишониш қийин.

Кутилмаганда келган пандемия туфайли аҳоли ниқоб сотиб олишга мажбур бўляпти. Бошқача айтганда, ниқоб ишлаб чиқарувчининг бозори чаққон. Ўз вақтида «бозоргир» фаолиятни йўлга қўйгани учун уларга раҳмат. Аммо ниқоб ишлаб чиқариш монопол бўлмаслиги лозим. Айниқса, ниқоб тақиш мажбурий бўлган пайтда ниқобнинг таннархи билан сотув баҳоси ўртасидаги фарқ кескин бўлиб кетмаслиги таъминланиши керак.

Имконият бўлса, ниқоб ишлаб чиқарувчининг даромад қисмини пандемияга қарши кураш жамғармалари ҳисобидан қоплашни ва ниқобларни аҳолига фақат дорихоналар орқали таннарх баҳосида сотишни йўлга қўйиш керак. Бошига ташвиш тушган элдан ниқобнинг фойдасини ҳам сўраш миллий қадриятимизга унчалик мос эмас. Эҳтимол, кимдир ниқоб сотиб олиш чўнтагига малол келгани учун ниқобсиз юргандир.

Вирусга қарши курашни ошкора, шаффоф ҳолда ташкил этиш лозим. Халқ учун ажратилган маблағларни нафақат ўғирлаш ёки талон-торож қилишни фош этиш, балки бу тоифадаги қонун бузилиш содир этилишига йўл қўймаслик механизмлари ишга тушиши керак. Қонунни бузган шахс билан биргаликда қонун бузилишига имкон яратган мансабдор ҳам жавоб берсин. Энг муҳими, одамлар ўзларининг ҳаёти учун амалда ҳам ҳақиқий кураш кетаётганига ишонсин. Халқнинг ишончи энг қудратли кучдир.

Хуллас, ютуқларимиз ҳам бор, ташвишларимиз ҳам етарли. «Вирус жанги»дан кўпчиликнинг эсон-омон ўтиб олишига умид бор, бироқ асосий гап оддийгина меҳнаткаш халқнинг ҳаётини сақлаб қолишдан иборатдир.

Абдухолиқ Ҳусаинов,
МТДП аъзоси,
Халқ депутатлари Яккасарой туман кенгаши депутати