« Back

Биргаликда енгамиз 11.04.2020 13:19

Соғлиқни сақлаш вазирлиги:

НАМАНГАНДА ҲАМ ТЎРТ НАФАР БЕМОР КОРОНАВИРУСДАН БУТУНЛАЙ СОҒАЙДИ

Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби, Наманган вилоятида ҳам коронавирус инфекциясига қарши изчил кураш олиб бориляпти. Карантин тадбирлари қатъий йўлга қўйилган. Шу билан бирга, вилоят юқумли касалликлар шифохонасида коронавирусга чалинган беморлар стандартлар бўйича даволанмоқда. Фидойи ва ватанпарвар шифокорларимиз уларни дарддан халос қилиш учун туну кун фаолият кўрсатишмоқда.

Бугун касбига садоқатли тиббиёт ходимларининг астойдил саъй-ҳаракатлари ўзининг дастлабки мевасини берди. Вилоятдаги тўрт нафар коронавирусни юқтирган фуқаро бутунлай соғайиб, реабилитацияга олиниш бахтига муяссар бўлди.

Улар вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Солижон Мўминов ва бошқа масъуллар томонидан вилоят реабилитация марказига кузатиб қўйилди. Касалликдан тузалган фуқаролар маълум муддат шу ерда карантинда бўлади.

– Бугун менинг ҳаётимда унутилмас сана. Худди қайта дунёга келгандек ҳис этяпман ўзимни, – дейди бемор. – Бизни ўйлаб шунчалик шароит яратиб берган Президентимизга беҳисоб раҳмат. Шифокорларимиздан бир умр миннатдормиз. Улар ўзларининг жасоратли хизматлари, юксак малакалари, инсоний муносабатлари билан бизни оёққа турғазишга сабаб бўлишди.

Дарҳақиқат Президентимизнинг коронавирус инфекциясини тарқалишини олдини олишга қаратаётган саъй- ҳаракатлари ушбу касалликка қарши тизимли ва самарали курашишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Айниқса, бундай ижобий кўрсаткичларга эришишда давлатимиз раҳбари топшириғига кўра, ҳар бир беморга икки нафардан шу соҳада кўзга кўринган тажрибали мутахассисларни жалб қилинганлиги, шунингдек, шифокорлар беморларни даволаш жараёнида мамлакатимизнинг қатор етук мутахассислари билан телемулоқот ўрнатиб, улардан керакли тавсияларни олаётгани ҳам қўл келмоқда. Нуфузли мутахассислар билан ҳамкорлик беморларнинг ҳолати юзасидан маслаҳатлашиш, аниқ ташхис қўйиш ва самарали даволаш имконини беряпти.

Эслатиб ўтамиз, ҳозирда юртимизда коронавирус инфекциясига чалинган беморларнинг 42 нафари ушбу касалликдан тўлиқ фориғ бўлишди. Шу кунларда шифокорларимиз мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларидаги даволаш муассасаларидаги беморларнинг ҳам соғайиб кетишлари учун бор маҳоратларини ишга солган ҳолда қаҳрамонларча курашмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими