« Back

Биргаликда енгамиз 14.04.2020 12:08

Уйда қолган талаба нима билан банд?

Ассалому алайкум!

Яхшимисиз? Соғ-омон, зерикмай ўтирибсизми?

Тўғрисини айтсам, бундай вақтда нимани ёзишни ҳам билмай қолар экансан. Ёзмай десанг, одам ўзини худди бир чеккада қўл қовуштириб ўтиргандек ҳис қилади. Уйдаги альбомни варақлаб, талабалик давримизни эсладик.

Олтин давр воқеаларини эслаб ўтирган эдим, бирдан хаёлимга “Ўзи бугун талабалар нима билан банд экан?” деган савол келди. Шу сабаб бўлиб, уларнинг нима қилаётганини кўрсатиб берадиган видеолавҳалар тайёрлаб, битта телеграмм каналига жойлаб бориш керак деган фикр туғилди.

Олий таълим муассасаларидаги масъулларга эълон юбордик. Барака топишсин. Биринчи куннинг ўзида 100 дан ортиқ видеолавҳа келиб тушди. Бугун эса уларнинг сони кунига 500 тадан кам эмас.

Ана шу талабалар кундалигидан айримларини сиз билан ҳам бўлишгимиз келди. Ахир, видеони юклаб олиб кўришга мегабайт сарфлагандан кўра, матнни ўқиган ҳам маъқулми, дейманда, а лаббай?

Комила Айтмуратова, Ажинёз номидаги Нукус давлат педагогика институти мактабгача таълим факультети талабаси:

Ҳозирги карантин даврида, уйда онлайн дарсларда мунтазам иштирок этиб, устозларим томонидан берилаётган топшириқ ва вазифаларни ўз вақтида бажариб келмоқдаман.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев 3 апрель куни ўтказилган навбатдаги видеоселекторда айнан биз, талаба-ёшларга алоҳида мурожаат қилиб: “Ҳозирги кунларда уйда вақтингизни бекор ўтказманг, онлайн дарсларни қунт билан ўзлаштиринг, китоблар ўқиб, билимингизни янада оширинг, бадантарбия ва жисмоний машқларни бир кун ҳам қолдирманг” дея таъкидлади.

Бу барча тенгдошларим сингари мени ҳам руҳлантирди, билим олишга бўлган иштиёқимни янада оширди. Айни вақтда дарсларимни ўзлаштириш билан бир қаторда, бадиий китоблар ҳам ўқиб турибман.

Эътиборингизга ўзим ёзган “Китоб” номли шеъримни ҳавола қилмоқчиман.

Дунёнинг борлиги мужассам унда,
Маърифат калити, билим ёғдуси.
Билингки, инсоннинг энг яхши дўсти,
Китоблар – ҳаётнинг асли эзгуси.

Китобдир билимнинг эзгу манбаи,
Инсоннинг ўртоғи асл, чинаккам.
Миллат ойнасидир мўътабар туҳфа,
Авлодлар кучини қилар мустаҳкам.

Унутманг, куч эса билимда ҳар он,
Китоб-ла дўстлашинг ҳозир шу замон.
Эгалланг шундай ном: Улуғ китобхон,
Эъзозлар олим, деб сизни кенг жаҳон

Гулой Кенжаева, Урганч давлат университети хорижий филология ва тилларни ўқитиш факультети талабаси:

Мен карантин вақтида уйдан чиқмаган ҳолда халқаро онлайн конференцияларга қатнашяпман. Самарқандда бўлиб ўтадиган конференциянинг назарий қисми онлайн бўлди, амалий қисми карантиндан кейин бўлади. Конференцияда туризм йўналишида – “Экотуризм” мавзуси билан қатнашяпман. Қишлоқларнинг ривожланишида ва аҳолини иш билан таъминлашда бу лойиҳанинг фойдаси жуда самарали бўлиши мумкин. Бундан ташқари Москва ва Кембриж университетлари ҳамкорлигида бўлиб ўтаётган инглиз тили олимпиадасида қатнашяпман. Ҳозирда ярим финалдаман. Шу ергача келганим учун сертификат ва совғалар билан тақдирлашди. Мен уларнинг онлайн кутубхоналаридан 14 кун давомида аудио китобларни текин сотиб олишим мумкин.

Жонибек Умаров, Навоий давлат педагогика институти тарих факультети талабаси:

Институтимиз профессор-ўқитувчилари томонидан тайёрланган дарс машғулотларини www.dist.edu.uz масофавий таълим платформаси орқали ўзлаштирмоқдаман.

Биз институтда бўлмасак-да, дарсларни ўз муддатида ва тўлақонли ўзлаштиришга ҳаракат қиляпмиз. Онлайн дарсларни пухта ўзлаштириб, бўш вақтримизда спорт билан шуғулланиб, китоб мутолаа қилиб, ота-онамизга уй ва дала ишларида ҳам қарашиб турибмиз.

*    *    *

Мана шунақа гаплар. Ҳа, айтганча, мамлакатимиздаги олий таълим муассасаларида фақат ўзбекистонлик эмас, балки хорижлик талабалар ҳам таҳсил олишини биласиз. Карантин вақтида улардан икки мингдан ортиғи ўз юртига кета олмаган.

Ҳозир улар 20 та олий таълим муассасасига қарашли талабалар турар жойида яшамоқда. Уларга олий таълим муассасалари томонидан бепул озиқ-овқат, гигиена ва маиший эҳтиёж воситалари олиб берилмоқда. Бу эса хорижлик талабаларнинг нафақат университетдан, балки бутун Ўзбекистон халқидан рози эканини изҳор қилишига сабаб бўлмоқда.

Азиза Рустемова, Бухоро давлат университети табиий фанлар факультети талабаси (Туркманистон):

Бутун дунёни ларзага солган коронавирус Ўзбекистонга ҳам келди. Бугунги карантин даврида бизни ўша вирусдан ҳимоялаш чоралари кўрилмоқда. Мен шуни айтиб ўтмокчиманки, бу гаплар шунчаки карантинда зерриккандан эмас, балки чин дилдан айтилаётган гаплар. Бухоро давлат университетида ўқиётган туркманистонлик талабалар кўпчиликни ташкил этади. Университетнинг талабалар турар жойида яшаяпмиз. Бу ерда барча шароитлар яратилган. Бизда соғинчдан бошқа ҳаммаси жойида.

Шундай фурсатларни кўрдимки, устозларимиз ўз оилалари бағридан талабалар турар жойига келиб, худди ўзимизнинг тенгдошимиз каби гаплашиб, турли ўйинлар ташкил қилмоқда. Нима, бу инсонларнинг оиласи, фарзандлари йўқ, деб ўйлайсизми?!

Ҳаммалари оилали. Шунда ҳам шунчалик эътиборли бўлишини нима деб ўйлайсиз? Бу вазифасини бажаришми? Менимча, йўқ. Чунки уларнинг кўзларидаги меҳрни кўрсангиз эди, сиз ҳам худди мендек ўйлар эдингиз.

Албатта, Бухоро давлат университети, талабалар турар жойи ва бутун олий таълим тизимида ишлаётган ходимларга, Ўзбекистон Республикасининг Президенти жаноб Шавкат Мирзиёевга ўз миннатдорлигимизни билдирамиз, бундай инсонлар олдида бош эгамиз.

Отабек БОЗОРОВ,
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бошқарма бошлиғи.