« Back

Биргаликда енгамиз 19.04.2020 12:52

Ҳикматли тонг манзараси...

Машиналар тинмайди. Одамлар шошади. Ҳамма ўзи билан ўзи овора. Чорраҳадаги кўп қаватли уйда яшаймиз. Деразани очаману шовқиндан безиб, тезда ёпиб оламан. Ҳар тонг шу аҳвол, ҳатто тунда ҳам. “Ҳой, одамлар, бир пас дам олсангизчи...”, дейман. Қайда, улар мени эшитармиди?

Бугунчи?

Қатъий талаблар қўйилиб, карантин жорий қилинганидан буён тунлар жим, тонглар жим, кундуз жим. Фақат ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари кўчамизда кўриниб қолади, уйимиз атрофида айланиб юради, хавфсизлигимизни таъминлаш учун ҳамиша бедор ва зийрак улар.

Машиналар тинган, одамлар камдан-кам кўчага чиқаётган бугунги кунда ҳам кўчалар озодалиги учун ободонлаштириш бошқармаси ходимлари тонгданоқ ўз иши билан банд. Улар обод юртга озодалик ярашади, шиори билан яшайди.

Интернетга кираман, ижтимоий тармоқ тасмалари айланади. Ҳар ким ўз фикрини билдиради. Уларнинг жуда кўпида шифокорларни олқишлаган постларни ўқийман. Яна касаллик юқтирганлар борлиги қайғу, тузалганлар ҳақидаги хабарлар олқишу қувонч ва шифокорларга миннатдорлик билан қабул қилинади.

Телефоним жиринглайди. Ўғлимнинг ўқитувчиси. “Баракалла. Баҳолари яхши. Ортда қолмасдан дарсларни кузатинг ва бажаринглар”, дейди. Синфда 35 ўқувчи бор. Ҳар бирига қўнғироқ қилади. Телеграм гуруҳларда вазифалар беради ва текширади. Унинг ҳам фарзандлари уйда, уй-рўзғор ишлари ҳам бордир. Лекин у устоз сифатида масъулиятини чуқурроқ ҳис этади.

Телевизорни ёқаман. ОАВ сайтларига кираман. Кимдир хайру саховат қилгани, фуқароларга ёрдам бераётгани, аҳоли тинчлигини сақлашда ўз ҳиссасини қўшаётган йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари, шифокорлар ҳаёти ҳақидаги лавҳаларни кўраман. Аҳолига тезкор ва ишончли маълумот етказиш учун ОАВ ходимлари ҳам тиним билмай ишлаётир. Кимдир онлайн, яна кимлардир жойларда бўлиб лавҳалар тайёрлаяпти. Тасанно, дейман ҳамкасбларимга.

Айни баҳор. Деҳқоннинг ўй-хаёли ердан унумли фойдаланиш билан банд. Даланинг тилини топадиган вақт ҳозир. Бу ишни фақат деҳқонларимиз эплайди. Улар мураккаб бир вазиятда фақат ер билан “суҳбатлашади”. Бугунги меҳнат, ҳаракат бозорларимизнинг тўкинлиги, қозоннинг ўз вақтида қайнаши, халқимизни арзон, энг муҳими сифатли маҳсулот билан таъминлашга хизмат қилади.

Бошқа соҳа мутахассислари ҳам шундай. Уйда ўтириб ҳам ўз ишини астойдил бажараётганлар талайгина.

Тун ярим. Деразадан ташқарига қарайман. Сокинлик. Жим-жит. Чуқур тин оламан. Яқиндагина ҳаёт қандай қайнаётганини, гавжум кўчаларни, тиниб-тинчимаган қўшниларимни эслайман. Ўша кунлар яна қайтиб келса, ўша шовқинли кўчани томоша қилиш учун ўзимга сўз бераман. Шукр қиламан. Тонг оқаради. Кўча ҳамон жим-жит. Чуқур нафас оламан.

Ўйлаб қоламан. Ҳаёт давом этяпти. Биз бу синовларни енгамиз. Мен эса дераза ортида яна шовқинли шаҳарни кўришни хоҳлайман. Ўша кунлар тезроқ қайтиши учун карантин талабларига риоя қилиб, ўзим, оилам, яқинларим, фарзандларим саломатлигини асрашга мажбурмиз.

Сиз ҳам уйда қолинг! Саломатлигингиз ва дераза ортидаги қайноқ, завқли, эркин ҳаёт шунга арзийди.

Барно МЕЛИҚУЛОВА