« Back

Биргаликда енгамиз 24.04.2020 11:59

Ёшлар уйда қолган ҳолда бўш вақтини унумли ўтказиши ўз-ўзидан мутасаддиларга катта масъулият юклайди

Мамлакатимизда ёшлар масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгилангани бежиз эмас. Чунки бугун дунё аҳолисининг қарийб 20 фоизини ёшлар ташкил қилса, Ўзбекистонда бу кўрсаткич деярли 60 фоиздан ошади. Шу боис, ислоҳотларнинг янги даврида ёшларнинг ҳаётда ўз ўрнини топиши учун муносиб шароит ва имконият яратиш, уларни касбга йўналтириш ва бандлигини таъминлаш, ташаббусларини рағбатлантириш, жойларда, авваламбор чекка ҳудудларда истиқомат қилаётган ёшларнинг ўз иқтидори ва истеъдодини рўёбга чиқариш, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун шароитлар яратиш, уларни турли зарарли иллат ва ёт ғоялар таъсиридан ҳимоя қилиш каби вазифалар янада такомиллаштирилмоқда.

Бугуннинг ёшлари истеъдодли, билим олишга иштиёқманд. Айни пайтда мамлакатимизда уларга кўрсатилаётган юксак эътибор йигит-қизлардан катта масъулият, янада кўпроқ фаоллик ва изланувчанликни талаб этмоқда.

Уларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши учун кенг шароит яратилган. Шу билан бирга, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишни ташкил этиш долзарб масала ҳисобланади. Ёшлар қанчалик маънавий баркамол бўлса, турли ёт иллатларга қарши иммунитети ҳам шунчалик кучли бўлади. Маълумки, давлатимиз раҳбари ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича 5 та муҳим ташаббусни илгари сурган эди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан 5 та муҳим ташаббус юзасидан махсус Концепция тасдиқланиб, унда белгиланган чора-тадбирлар дастуридаги вазифаларнинг бажарилиши юзасидан доимий мониторинг ишлари олиб борилмоқда.

Унга кўра, ёшларни мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини оширишга, истеъдодларни юзага чиқариш, уларни жисмоний чиниқтириш, спорт соҳасида қобилиятларини намоён қилишлари учун зарур шароитлар яратиш, аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этиш, шунингдек ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш ҳамда хотин-қизларни иш билан таъминлаш бўйича тизимли ишларни ташкил этиш йўлга қўйилди. 2020 йилга мўлжалланган чора-тадбирлар дастурининг ижросини таъминлашга вазирлик ва идоралар масъул этиб белгиланди.

Айтиш жоизки, Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси бешта муҳим ташаббусини амалиётга татбиқ этишда Сенатга юкланган вазифаларни мувофиқлаштириш учун масъулдир.

Дунё ҳамжамиятини сергакликка чорлаган бугунги вазиятда юртимизда карантин жорий этилиши билан бирга аҳолини, айниқса ёшларнинг бўш вақтларни уйда қолган ҳолда унумли ўтказиш ўз-ўзидан мутасаддиларга катта масъулият юклайди.

Ҳозирда юртимиздаги тегишлик вазирликлар томонидан аҳоли ва ёшлар ўртасида, шунингдек, барча Олий таълим муассасаларида “5та муҳим ташаббус амалда” шиори остидаги танловлар, мусобақалар эълон қилинганлигини айни муддао бўлди. Шу билан бирга онлайн тарзда “Zоом” дастури ёрдамидаги учрашувлар, конференциялар ўтказилиб тизимли ишлар ташкил этилаётганлиги таҳсинга лойиқдир. “Виртуал алоқа”, “электрон дунё” тушунчалари бугун 5 ташаббус жараёнига ҳам сингиб кетди дея оламиз. Бу жараёнларда аҳоли ва ёшлар тенг қизиқиш билдириб фаол иштирок этмоқда.

Ёшларимиз қалбида Ватан тақдирига дахлдорлик туйғусини шакллантириш, маънавий баркамол шахсни тарбиялаш, талабаларнинг жамиятда муносиб ўрин топишлари ҳамда ўзлари қизиққан соҳанинг етук мутахассиси бўлиб етишишларига кўмаклашиш мақсадида ўтказилаётган бундай масофавий онлайн тадбирлар, танловлар ҳамда уй шароитида ўз иқтидорини намоён этиш учун имконият бир куни ўз самарасини беради.

Муҳтарам Президентимиз ёшларга қилган мурожаатларида: - “Азиз фарзандларим, уйда вақтингизни бекор ўтказманг! Онлайн дарсларни қунт билан ўзлаштиринг. Китоб ўқинг, билимингизни оширинг, бадантарбия ва жисмоний машқларни бир кун ҳам қолдирманг” -деган сўзлари ҳар бир ёшга янада куч ва шижоат бағишлади.

Бугунги ёшлар қанчалик билимли, тарбияли, дунёқараши кенг, фаол фуқаролик позициясига эга ватанпарвар бўлиб камолга етса, биз билан бирга янги Ўзбекистонни қуришга шу қадар камарбаста бўлиши шубҳасиз.

Бахтиёр САЙФУЛЛАЕВ, 
Сенатнинг ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси