« Back

Биргаликда енгамиз 26.04.2020 14:28

“Саховат ва кўмак” ҳаракати юртдошларимизга кўмакчи

Юртимиз бўйлаб “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати бошланди. Тадбиркорлар, фермерлар, корхоналар биринчи кунданоқ қишлоқ, шаҳарлардаги кам таъминланган оила, ишсиз аёллар ва ёшларни аниқлаб, ўз жамоаларига қабул қиляпти. Уларни иш билан таъминлаб, амалий кўмак бераяпти.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 22 апрель куни глобал инқироз ва пандемия шароитида аҳоли бандлиги масаласига бағишлаб ўтказган видеоселектор йиғилишида аҳолининг ёрдам ва кўмакка муҳтож қатламларини аниқ, манзилли асосда қўллаб-қувватлаш мақсадида ушбу ҳаракатни йўлга қўйиш юзасидан вазифалар белгиланди.

Шу асосда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 22 апрелда қабул қилинган фармойишига асосан “Маҳалла” фонди республика бошқаруви, фонднинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бўлимлари, туман (шаҳар) бўлинмалари ҳузурида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда “Саховат ва кўмак” жамғармаси ташкил этилиб, тегишли банкларда махсус ҳисобрақамлари очилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда туман, шаҳар халқ депутатлари Кенгашларига жамғарма фаолиятини мунтазам назорат қилиб бориш, мувофиқлаштириш вазифаси топширилди.

Жойларда “Саховат ва кўмак” жамғармасининг хизмат кўрсатувчи марказларини (шохобчалари) ташкил этиш, давлат санитария-эпидемиология назорати идоралари ходимларини жалб этиш, санитария воситалари, ҳимоя ниқоблари, махсус кийимлар ва антисептик воситалар билан таъминлаш юзасидан ишлар бошлаб юборилди.

“Маҳалла” хайрия жамоат фондидан маълум қилишларича, мазкур ҳаракат бошланганидан буён “Саховат ва кўмак” жамғармасига республика бўйича 12 миллиард 493 миллион 86 минг сўмдан зиёд хайрия маблағлари келиб тушди

“Маҳалла” хайрия жамоат фонди