« Back

Биргаликда енгамиз 28.04.2020 12:40

УЙДА ҚОЛИНГ!

Ўзбекистонимиз буюк тарихга эга, бутун дунё таниган  ва тан олган алломалари  бисёр, дунёнинг ҳеч бир мамлакатида учрамайдиган бебаҳо, беназир қадриятлари, урф-одат, анъаналарга бой.

Одамлари  меҳр-оқибатли, диёнатли халқ. Бутун дунёни ларзага солиб, одамлар юрагига таҳлика солиб, хотиржамлигини ўғирлаган  “коронавирус” деб аталмиш ёв ҳеч кимни четлаб ўтаётгани йўқ. Бу синовда бизнинг юртимизда умргузаронлик қиладиган тирик жон борки, бир-бирига ёрдам беришга ҳаракат қилмоқда. Бу ишларда биринчи галда Президентимиз  Ш.Мирзиёев томонидан узоқни кўзлаб амалга оширилаётган чора-тадбирлари ўз натижасини бермоқда. “Уйда қолинг!” лойиҳаси асосида олиб борилаётган ишлар Ўзбекистонликлар кўнглида ваҳима, қўрқувни олиб ташлади!

Бугуннинг шиорига айланган “Бирга  курашамиз!”, “Биргаликда енгамиз!” даъвати  юртдошларимизга  руҳий мадад бериб турибди. Карантин даврида уйда ўтирган кекса нуронийларимиз ўз набираларига  шахсий гигиенага амал қилишнинг касалликнинг олдини олишдаги фойдали томонлари, уларнинг онлайн дарсларига ёрдамлари,    ёшлар билан олиб бораётган ишлари ибратга лойиқдир. Оила, маҳаллани  қўллаб-қувватлаш тизими, Миллий гвардия, Ички  ишлар бўлимларида фаолият кўрсатаётган юртдошларимиз  ҳамда аҳоли саломатлиги учун туну кун тиним билмай фидойилик кўрсатаётган жонкуяр шифокорлар меҳнати ҳар қанча таҳсинга лойиқдир. Сахий, савобталаб инсонлар саъй-ҳаракатлари билан  маҳаллаларда аҳолига енгиллик яратиш мақсадида  арзон нархдаги озиқ-овқат, сабзавот, гўшт маҳсулотлари ярмаркалари ташкиллаштирилмоқда. Бу аҳолига янада қулайлик яратмоқда. Маҳаллаларда истиқомат қилувчи ўзига тўқ, саховатпеша инсонлар маҳалладошларига ўзлари ҳомийлик ёрдамлари кўрсатиб, дуо олмоқдалар. Халқимиз қанчадан-қанча синовли кунларни бошидан ўтказиб, очарчилик, қаҳатчиликларни енгиб ўтган. Миллатимиз сабр-тоқатли халқ. “Гуруч курмаксиз бўлмайди”, дейилганидек, карантин қоидаларига риоя қилмай, ҳали-ҳануз мақсадсиз кўчада тартиббузарлик содир этаётган “Бўйни йўғон”лар учраб турибди. Ёки берилган ёрдамни менсимай, кўнгилни ранжитадиганлар ҳам таъбингизни хира қилади. ОАВ орқали жойлардан берилаётган табиатга зарар келтираётган, тартиб қоидаларни менсимаётганлар ҳам учрамоқда. Ҳаттоки оилавий тантаналар тўхтатилганига қарамай, ўша тантаналарда масъул кишиларнинг ҳам иштирок этаётганига нима дейсиз! Бизга нима бўляпти ўзи? Саломатлигимиз ҳақида биринчи галда ҳар биримиз ўзимиз қайғуришимиз керак! “Асранганни Аллоҳ асрайди”, деган гап бор! Вақти келса, рўзғоримизда бироз етишмовчилик бўлса, бошимиз қотиб қолади. Касалликка чалинганларни даволашни ўзи бўляптими!? Муҳтож оилаларни озиқ-овқат билан таъминлашчи!? Ногиронлар, дардмандларга дори-дармонлар етказиб беришчи!? Ҳадемай, бу кунларни эслаб юрамиз, холос. Донишмандларимиз: “Одамларга яхшилик қилиш қўлингдан келмаса, ёмонлик ҳам қилма!”, деган гапларига амал қилиб,  айримларга  карантин тартиб-қоидаларига риоя қилишни, уйда қолиб, ўз соғлиғингизга, яқинларингизга  эътиборли бўлишингизни сўраб қоламиз.

Гулчеҳра  КАРИМОВА