« Back

Биргаликда енгамиз 30.04.2020 00:36

БАРЧА САЪЙ-ҲАРАКАТЛАР ИНСОН МАНФААТЛАРИ УЧУН

Бугун бутун дунё жамияти катта синовдан ўтиш жараёнида. Айни кунларда мамлакатимизда коронавирус инфекциясининг тарқалишини олдини олиш ва жиловлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Прокуратура органлари томонидан карантин муносабати билан вақтинча жорий этилган чекловлар жараёнида кам таъминланган, ногиронлиги бор,  эҳтиёжманд оилалар, вақтинчалик даромад манбаини йўқотган фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш чораларини кўриш, иш ҳақи, пенсия ва нафақа тўловларини тўлиқ ва белгиланган муддатларда тўланиши устидан қатъий назорат ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда.

Ўз навбатида, ижтимоий адолат ва қонунийликни таъминлашнинг барча зарурий чоралари кўрилмоқда.

Аҳолини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармон ва тиббий буюмлар билан узлуксиз таъминлаш, нарх-навони барқарор сақлаш масалаларига ҳам жиддий эътибор қаратилмоқда.

Коронавирус пандемиясининг иқтисодиётга таъсирини юмшатиш борасида хўжалик субъектларида фаолият юритаётган тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, карантин чекловлари, санитария ва гигиена талабларига риоя этган ҳолда уларнинг фаолияти тўхтаб қолишига йўл қўймасликнинг барча зарурий чоралари кўрилмоқда.

Шу билан бирга солиқ тўловлари, банк кредитлари ҳамда коммунал тўловлар бўйича берилган имтиёзларнинг тўлиқ қўлланилиши устидан назорат олиб борилмоқда.

Экспортёрларни қўллаб-қувватлаш, экспорт режа кўрсаткичларини таъминлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Ўз навбатида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш чоралари доирасида прокурорлар масъул бўлган 2-секторларда ғалла парвариши, чигит экилиши, аҳоли томорқаларида полиз ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини  тўлиқ экилишини таъминлаш ишларига ҳам эътибор қаратилмоқда. 

Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш ишлари ҳам қатъий назорат остига олинган. Аммо олиб борилаётган кенг қамровли тарғибот-ташвиқот ишларига қарамасдан биргина Тошкент шаҳар Маъмурий судлари томонидан карантин қоидаларини бузиб, майда безорилик  қилганлиги ва ИИБ ходимининг қонуний талабларини бажарилмаганлиги ҳолатлари бўйича жами 56 нафар шахсларга нисбатан иш кўрилиб, уларнинг 7 нафарига  нисбатан 8.2 млн. сўм миқдорида жарима ва 49 нафарига нисбатан  эса маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Фуқароларнинг карантин қоидаларига сўзсиз риоя этишларини таъминлаш, шунингдек, коронавирус пандемияси ҳақида асоссиз хабарлар тарқатиш, аҳоли орасида саросима ва ваҳима келтириб чиқаришга уринмоқчи бўлаётган шахсларга нисбатан қонуний чора кўриш масалалари ҳам назоратга олинган.

Юртбошимиз пандемияга қарши курашиш юзасидан ҳаётий ташаббуслар билан чиқиб, давлат ва жамият имкониятлари ҳамда саъй-ҳаракатларини ягона мақсад йўлида бирлаштирди. Бугун қадриятларимизга хос бўлган бирдамлик ҳар қачонгидан кўра кўпроқ муҳимлигини унутмаслигимиз лозим!

Хайрулла БЎРИЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси бошқарма бошлиғи ўринбосари