« Back

Биргаликда енгамиз! 15.05.2020 13:49

ДУНЁ ОСОЙИШТАЛИГИНИ БУЗГАН КОРОНАВИРУС

...Дўкондан рўзғор учун зарур буюмларни харид қилаётганимда дастлаб кўчиб келганимиздан бери қадрдон бўлиб қолган қўшним Моҳира опага кўзим тушди. Кўрдиму, кўрмаганга олиб, нари кетдим. Юзимда ниқоб, харид қилаётган нарсаларимга қўрқа-писа қўл чўзаётган бўлсам... Опа билан яқин, юзма-юз туришга юрагим бетлармиди.

Хуллас, дўкондан чиқаётиб, тасодифни қаранг, яна учрашиб қолдик. Мен салом бердиму нари кетдим. Сездим, орқамдан қараб қолдилар. 3-4 кун ўтса ҳам бу воқеани унута олмадим. Негадир эсимга тушганда, дилим оғрирди. 

Дорихонадан қайтаётиб, уларни кўриб қолдим. Йўлак бўйлаб оҳиста кетиб борардилар. Менга нигоҳлари тушиб, саломимга совуққина бош ирғаб ўтиб кетдилар. Индамадим, индай олмадим. 

Тўғри, коронавирус инфекцияси дунё бўйлаб тарқалиб, мамлакатимиз ҳудудига кириб келгандан кейин, биргина мен эмас, миллионлаб одамлар бу балодан ташвишга тушдилар. Кексалар дуоларида дунё аҳлидан, юртимиздан бу балоларни қайтаришини сўраб Яратганга илтижо қилмоқдалар. Кўчалар, хиёбонлар ҳувиллаб қолди. Тўйхоналар, жамийки ҳордик масканлари карантинга ёпилди ва одамлар бир-бирларидан масофа эмас, анча масофага узоқлашди. 

Илгари тансиқ овқат пиширса, бир-бирига узатган қўшнилар хам минг хижолат билан эшикларини ёпишди. Нафақат қўшнилар, ер юзи давлатлари сарҳадларини ёпди. 

Бу айни пайтда замон талабига айланиб қолди. Одамзот ўзини-ўзи яккалашга маҳкум бўлди.  Интиқиб кутилган баҳорнинг илк ҳафталариданоқ табиат қўйнига, тоғу боғларга интиладиган кишилар уйларида қолишди. Катта тадбирлар, Наврўз байрами тадбири ҳам бекор қилинди. Ўрта мактаблар, болалар боғчалари, олий таълим муассасаларига таътил берилди. 

Аксарият ҳолларда енгил ўтиши таъкидланган бу касалликдан энг ривожланган давлатларда ҳам кетма-кет, минг-минглаб одамларнинг ўлими юз бера бошлади. Дунёда иқтисодий таназзул хавфи бошланди. Юртимизда 15 март – касаллик илк қайд қилинган кундан бошлаб инфекция тарқалиб кетмаслигининг олдини олиш учун зарур чора-тадбирлар амалга оширилди. 

Жорий йилнинг 18 март куни ўтказилган видеоселекторда давлатимиз раҳбари вазият тўлиқ назорат остида эканлигини айтиб, дуч келишимиз мумкин бўлган муаммоларни тилга олдилар. Кўп ўтмай мамлакатимиз Президентининг “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини йўлга тушириш бўйича ташаббуси эълон қилинди. “Бу аҳолига давлат томонидан тадбиркорлик субъектлари орқали кўрсатиладиган саховат ва кўмак бўлади”, – деди юртбошимиз. 

Бу билан энг аввало оғир кунларда муҳтожлар, ногиронларга, вақтинча ишсизларга ёрдам бериш, уларни қўллаб-қувватлаш кўзда тутилган эди. Бунинг натижасида юртимизнинг юзлаб тадбиркорлари, ўзига тўқ кишилари ижтимоий ёрдамга муҳтож оилалар, вақтинча ишсизлар, боқувчисини йўқотган хонадонлар, меҳр-мурувватга муҳтож ёлғиз инсонларга ёрдамга шошилдилар. Ўз навбатида давлат томонидан тадбиркорларга кредит тўловлари, зарур ресурслар, солиқ ҳамда лизинг бўйича турли имтиёзлар ва преференциялар берилиши билдирилди. 

Бугунга келиб аҳвол анча яхшилангандек, анча ортга чекингандек…  Лекин, нима учун инсоният бу дарди-балога дучор бўлди? Нима учун минг-минглаб одамлар қурбон бўлдилар? Қачон, қаерда хатолар қилдик, она заминимизни асрай олмадикми, одамийликни, инсофу диёнатни асрай олмадикми?

Бугун ҳам эл бошига иш тушганида четда турмасдан ёрдамга шошилган, ишсизлар учун  иш ўринлари яратаётган юртдошларимиз борлигидан қалбинг ғурурга тўлади. Халқимиз азалдан саховатли, меҳмондўст ва бағри кенг. Беихтиёр Иккинчи жаҳон уруши йилларида жанг майдонларига катта миқдорда озиқ-овқат, кийим-кечак етказиб бериш билан бир қаторда юртимизга келтирилган ота-онаси, яқинларидан жудо бўлган минглаб турли миллат болаларини ўз бағрига олиб, бир бурда нонини тенг бўлишганини эсладим.

Дунёни яхшилар ва яхшилик асрашига ишонгинг келади. Дини, миллати ва ирқидан қатъий назар инсон боласининг бошига қаердан ва нима учун келди бу бало? Шу бугунгача ушбу коронавирусдан сақланиш учун бирон-бир вакцина ёки аксилвирус препарат яратилдими? Саволлар жуда кўп, жавоб эса йўқ. Ҳозирги вазиятдан келиб чиқиб, карантин қоидаларига мослашишни ўрганишимиз, кўникмаларни шакллантиришиз зарур. Шунинг учун, ҳар бир киши бу касалликни юқтирмасликка, давлат чиқарган қонунларга, карантин қоидаларига амал қилса, оиласини, ўз яқинлари ҳаётини қутқараётганини англаши керак. Халқаро соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсияларига кўра, қўлни доимо совунлаб ювиш, махсус гелдан фойдаланиш, йўтал пайтида оғиз ва бурунни дастрўмолча билан тўсиш, оралиқ масофа сақлаш, бир-бирига қўл бериб, қучоқ очиб кўришмаслик, ниқобсиз кўчага чиқмаслик одат тусига айланиши зарур. Арзимасдек кўринаётган ишлар ўзимиз, оиламиз, юртимиз ва ҳаттоки инсониятни коронавирусдан сақлаб қолишини тушунишимиз керак. Нима ҳам дердик, буларнинг барчаси инсон саломатлигини таъминласа, касаллик юқишининг олдини олса, унга ҳар биримиз амал қилишимиз зарур. Бу билан нафақат кўплаб инсонлар ҳаёти балки ўзимизни ҳам асраган бўламиз!   

 Ҳанифа ШАМШИЕВА