« Back

Биргаликда катта кучмиз! 09.04.2020 12:24

Ўзингизни асранг, шунда яқинларингизни ҳам асраган бўласиз!

Одам боласи ўз ҳаёти давомида бошқаларга таъсир кўрсатиш асносида уларнинг ҳам таъсирига тушади. Мана шу муносабат турмушимизда турли кўринишда намоён бўлади. Бутун дунё давлатлари коронавирусдан азият чекиб турган бир вақтда, карантин талабларини бузиш, йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилмаслик ҳолатлари ҳақида эшитиш кишини ранжитади.

Мамлакатимизда инсон саломатлиги, ҳаёти хавфсизлигини ҳар нарсадан устун қўйилаётганини биргина Давлат раҳбарининг халққа қарата уч маротаба мурожаат қилаётганидан англаш мумкин. Шунингдек, кўрилаётган барча чора-тадбирлар ҳам мана шу юртнинг халқи учунлигини англасак-да, кунда содир этилаётган йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузилиши касалликни тарқатиш, юқтириш эҳтимолини оширмоқда.

Инсон онгли мавжудот бўлишига қарамай, нафақат ўз соғлиғи, яқинлари ҳаётини қанчалик хавфга қўяётганини тушунмаслиги, қанчалар тубанлик? У ҳам етмагандек, коронавирус тарқалишини олдини олиш юзасидан автотранспорт воситаларига махсус рухсатнома (стикер) берилиши йўлга қўйилган бўлса-да, улардан белгиланган мақсадларга зид равишда фойдаланмаслик ҳақида бир неча марта расмий огоҳлантиришларга қарамай, қоидабузарликлар кўплаб кузатилмоқда. Масалан, 6-7 апрель кунлари ўтказилган назорат-рейд тадбирлари натижасида 52 та стикер бекор қилиниб, автомашиналар жарима майдонига қўйилгани ҳақида ОАВлари орқали хабар берилди. Бу бизнинг юксак маънавиятли халқимиз учун уят эмасми?

Шунингдек, кўчаларда бемақсад юрган фуқароларни телеканаллар орқали кўрсатилмоқда. Тушунмайсан, шунча огоҳлантиришлар ким учун? Шунча жонкуярликлар кимнинг ҳаётини асраш учун? Ёки “бошга тушганни кўз кўради” нақлими бу? Қачон хулоса қилишни ўрганамиз? Ўзларику майли, бу юришлари фарзандлари, ота-оналари ҳаётига хавф солишларини ўйлашмайдими?

Айримларнинг ҳали ҳам басир кўзлари очилмаган кўринади. Тартиб, карантин, деб айтсалар, “билмадим”, “хабарим йўқ эди”, “қонунни тушунмайман” каби баҳоналар қилади. Ишқилиб бу тушунмаслик уларга қиммат тушмасайди.

Азизлар! Ҳар биримиз ўзлигимизни англайлик. Шунга асосланиб йўл танлайлик, болаларимизга ҳам шуни ўргатайлик. Шунда кўп асрлик ҳикматлар ижобий томондан исботини топади, яъни яхшилар энг афзал инсонларни тарбиялаб, вояга етказган бўлади.

Ўзимизнинг ҳам бошқаларнинг ҳам ҳаётини хавф остига қўймайлик. Бугун раҳбарларнинг тилида бир даъват жарангламоқда: Уйда қолинг, уйда ўтиринг...! Нима учун? Сизга касаллик юқишини истамаслигидан. Оилангизни асраш учун айтилмоқда бу сўзлар!

Ҳар қандай вазиятда бир-биримизни ҳурмат қилайлик. Инсон нимани ният қилса шунга эришади. Ундан ортиғига эмас. Ахир аждодларимиз “иллат излаганга иллатдир дунё” деб, бежиз айтмаган. Шу вазиятда ҳам тартибга риоя этмаслик жоҳиллик бўлади. Айрим қоидабузарлар ўзини гўё ҳақ-ҳуқуқи поймол бўлаётган кишидек кўрсатмоқда. Ахир кўчада кун-тун хизмат қилаётган Ички ишлар, Мудофаа, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Миллий гвардия масъуллари Сизу бизнинг ҳаётимизни асраш учун бедор юришибди-ку! Карантин талабларига риоя этишнинг қанчалар зарурлигини ҳар куни, ҳар соатда шифокорлар, мутахассислар телеканаллар орқали эслатмоқда-ку!

Мавжуд тартибларга итоат этган ҳолда яхши кунлар ҳақида ўйлайлик. Насиб этса, бу кунлар ўтиб кетади. Барчамиз, бутун халқимизга Президентимиз бошчилигида бу оғир синов имтиҳонлардан соғ-саломат ўтиш насиб этсин!

Мунира Қаҳҳорова,
Республика Маънавият ва маърифат маркази бўлим бошлиғи