« Back

Биргаликда катта кучмиз! 11.04.2020 12:50

Азиз юртдошим – енгилмас вирусни биргаликда енгайлик

Бугун деярли бутун дунё аҳлини ларзага солаётган хавфли вирус соат сайин кўпайиб инсониятни оғир аҳволга солиб қўймоқда. 

Коронавируслар – вируслар оиласига мансуб “Атипик зотилжам” (SARS) касаллигини чақирувчисига ўхшаб кетувчи вирус бўлиб, беморларда оддий шамоллашдан то ўткир оғир респиратор синдром (ТОРС) деб номланувчи оғир кечувчи касалликни келтириб чиқаради. “Атипик зотилжам” касаллиги ҳам 2002 йилда Хитойда келиб чиққан бўлиб, 37 давлатга тарқалган ва 8 мингдан ортиқ киши касалланган.

Коронавирус билан биринчи марта 2019 йил декабрь ойида Хитойнинг Ухан шаҳрига ташриф буюрган Канагава шаҳрининг 30 ёшли фуқароси касаллангани тўғрисида оммавий ахборот воситаларида хабар берилган эди. 2020 йил 8 апрель ҳолатига келиб, дунё миқёсида зарарланганларнинг умумий сони 1 430 тага етган ва шундан 301 385 нафар бемор соғайган. 

Ушбу вирус ташқи муҳит таъсирига ва зарарсизлантирувчи воситаларга нисбатан чидамли. Ҳозирча ушбу касалликни даволаш учун махсус дори воситалари йўқлиги сабабли, бошқа вирусларга қарши қўлланиладиган воситалардан фойдаланилмоқда. Касаллик хасталанган одамлардан ҳаво-томчи ҳамда маиший мулоқот йўли билан юқади. Беморга ёрдам кўрсатишда ҳимоя воситаларидан фойдаланмаслик оқибатида шифохона шароитида тиббиёт ходимларига ҳам касалликнинг юқиш ҳолатлари кузатилмоқда.

Афсуски, бу касаллик Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмади. Яратганга шукрлар бўлсинки, муҳтарам Президентимизнинг аввалдан соғлиқни сақлаш тизимига қаратган эътиборлари, соҳадаги чуқур ислоҳотлар, ўз вақтида қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар туфайли юртимизда коронавирус инфекциясига қарши кураш, уни кенг тарқалишини олдини олишга доир белгиланган тезкор чора-тадбирларни тизимли амалга ошириш механизми йўлга қўйилди.

Президентимиз бошчилигида вирус хавфини тўлиқ бартараф этиш бўйича барча зарур чоралар кўрилаётганини қайд этиш жоиз. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 3 апрель куни қабул қилинган «Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони долзарб ижтимоий аҳамиятга эга.

Коронавирус инфекциясининг тарқалиши сабабли бутун дунёда иқтисодий инқирози вужудга келиши сезилаётган бир даврда, бу вазият мамлакатимиз иқтисодиётига ҳам салбий таъсирини кўрсатиши мумкинлигини ва бундай ҳолатни олдини олиш борасида Президентимиз томонидан қабул қилинган энг муҳим Фармон эканлигини англаб етмоқдамиз.        

Бу касалликка қарши курашиш даврида аҳолини ҳар томонлама ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлашни кучайтириш ҳамда мамлакатда ижтимоий ва иқтисодий вазиятни барқарорлигини сақлаб қолиш энг муҳим омилдир. 

Президентимиз Фармонида белгиланган барча вазифалар мана шундай таҳликали вазиятдан қийинчиликларсиз чиқиш, фуқароларимизни саросимага тушмасдан эсон-омон олиб чиқиб кетишга хизмат қилади. 

Мазкур Фармонда аҳолини кам таъминлан қатламларини ҳар томонлама ижтимоий ва моддий қўллаб-қувватлаш борасида ҳам бир қатор имтиёзлар жорий қилинди. Жумладан март - июнь ойларида тўлаш муддати тугайдиган болалари бўлган оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдамлар тўлаш уларни тўлашни янги муддатда давом эттириш тўғрисидаги ариза ҳамда бошқа ҳужжатларни талаб қилмаган ҳолда 6 ой муддатга узайтириш, хамда ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ва ногиронларга  асосий озиқ-овқат маҳсулотлари ва гигиена товарларининг рўйхати карантин тадбирлари амал қилиши даврида бир марталик ниқоблар,  антисептик воситалар, совунлар жамланмаси билан бепул таъминлаш белгиланди. 

Фармоннинг яна бир асосий жиҳатлари 2020 йил 1 апрелдан 31 декабрга қадар юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ва юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни тўлашдан озод қилиниши;

- фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари, яшаш учун мўлжалланмаган иншоотларга, шу жумладан, 2020 йил 1 апрелга қадар аниқланганларга нисбатан мол-мулк солиғи ва ер солиғининг оширилган ставкаларини қўллаш, шунингдек, кўрсатилган солиқлар бўйича оширилган ставкаларни қўллаш натижасида юзага келган қарздорликка нисбатан пеня ҳисоблаш ва мажбурий ундириш чораларини кўриш тартиби тўхтатилиши белгиланган.

Афсуски, бугунги вазиятни тўғри тушунмай, кўрилаётган чораларни писанд қилмай, ўзини ва яқинларини, шу билан бирга ўзгалар соғлиғини хавф остига қўйиб, карантин қоидаларини бузаётган, тиббиёт ходимларининг тавсияларига амал қилмай юрган минглаб фуқаролар кўпчиликни ташвишга қўймоқда. Президентимиз мазкур масалада бир эмас уч маротаба халқимизга мурожаат қилдилар. Пандемиянинг иқтисодиётимизга салбий таъсирини юмшатиш, коронавирус тарқалишига қарши кураш тадбирларига шу бугунги кунга қадар 30 триллион сўм маблағ ажратилди. Бу маблағларнинг қандай мақсадларга сарфланаётганлигини бутун халқимиз гувоҳи бўлиб турибди. 

Шу ўринда айтиб ўтиш керак-ки инсоният бошига келган бу синовдан барчамиз ўзимиз учун тегишли хулоса чиқаришимиз лозим. Бинобарин, курраи заминимиз экологик ҳолатини яхшилаш, атроф-муҳитни ва она табиатнинг биохилма-хиллигини асраб-авайлаш учун жуда қулай имконият яратилди.

Бугунда илғор мамлакатларнинг етакчи олимлари ва мутахассислари бу масаланинг ечимини топиш баробарида, ушбу хатарли касалликнинг табиатга, атроф-муҳитга таъсирини ҳам ўрганишмоқда. Уларнинг фикрига кўра, коронавирус ҳозирда фақатгина атроф-муҳитга ижобий таъсир кўрсатмоқда. Мисол учун, кўпгина мамлакатларда карантин ҳолати эълон қилинганлиги сабабли ишлаб чиқаришнинг асосий секторлари, яъни завод ва фабрикалар фаолияти вақтинча тўхтатилиши ҳамда кўчаларда автомобиллар қатнови қисқариши натижасида заҳарли газларни ҳавога чиқарилиши кескин камайиб, атмосфера диоксид азотдан сезиларли даражада тозалангани қайд этилмоқда. Демакки, кейинги йилларда ҳайвонат оламига, биохилма-хилликка ва қолаверса атроф-муҳитга шавқатсизларча муносабатда бўлаётган инсониятга келган жазо экан деб билишимиз керак. 

Синовли кунларда халқимизни карантин қоидаларига қатъий риоя этишга ундаш, хотиржамликни асраш, ижтимоий бирдамликни мустаҳкамлаш энг муҳим ва масъулиятли вазифалардан биридир.

Президентимиз таъкидланганидек, ҳар биримиз касалликни маҳалламизга, оиламизга олиб кирмасликка масъул ва жавобгар эканимизга алоҳида урғу берилган.

Азизлар бутун дунёнинг бошига тушган бу мураккаб синовдан биз янада кучли бўлиб, биргаликда енгишимиз лозим.

Азиз юртдошлар бугун уйда қолиб ўзингизни ва яқинларингизни қолаверса бутун ҳалқимизни бу кўринмас ёвдан асранг!

Диёра ШАРИПОВА, 
Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаш Ижроия қўмитаси бўлим бошлиғи