« Back

Биргаликда катта кучмиз 15.04.2020 13:17

Ҳамжиҳатликда ҳикмат кўп...

Бугунги синовли кунларни енгишда халқимизнинг сабр-қаноати ва саховатпешалиги қўл келмоқда. Президентимизнинг, ҳукуматимизнинг халқ саломатлиги, юрт фаровонлиги йўлида олиб бораётган оқилона сиёсати, беҳаловат югуриб-елишлари, қўллаётган амалий чора-тадбирлари фуқароларимизга улкан мадад бўлмоқда.

– Маҳалламизда кексалар, ёлғиз қариялар, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фахрийлар ҳам кўпчиликни ташкил қилади, – дейди Тошкент шаҳар Миробод туманидаги “Шароф Рашидов” МФЙ раиси Севара Асамова. – Айни кунларда халқимиз учун оғир синовли дамлар кечмоқда. Фуқароларимиз жуда ҳам оқибатли, сабрли, қаноатли бўлгани учун бу синовларни биргаликда енгиб ўтмоқдамиз. Маҳалламиз аҳли ҳам пандемияга қарши курашишга қатъий киришган.

Ҳар куни маҳалламиздаги оилалар ҳолидан хабар олиб турамиз. Фуқароларимизнинг ҳеч бири уйда бекор ўтиргани йўқ. Давлат ишида ишлайдиганлар онлайн тарзда ишини давом эттирмоқда. Иш режаси онлайнга боғлиқ бўлмаганлар, жумладан, тиббиёт ва ҳуқуқ тарғибот ходимлари гигиена қоидаларига риоя қилган ҳолда ўз вақтида ишига бориб келмоқда. Ёш болалилар эса фарзандининг дарси, машғулотлари ва тарбияси билан банд.

Карантин қоидаларига амал қилишни кучайтириш мақсадида маҳалламизга кириладиган 5 та йўлдан 4 тасини тўсиб, битта томондан кириб-чиқишни таъминладик. Бу билан ҳар бир фуқарони назоратга олиш осонлашди. Шу кунга қадар фуқароларимиз ичида карантин қоидаларини бузган, ниқоб тақмаган, беҳудага кўчага чиққан ёки бир-бирига азият берганлар бўлмади.

Президентимизга раҳмат, аҳолига шунча шароитни яратиб берди. Барча уйлар дезинфекция қилинди. Ҳеч ким “бозорга бораман, бу йўқ, у йўқ” деб безовта бўлаётгани йўқ. Фуқароларимизнинг уйида қолиб, ўз эҳтиётини қилиб ўтиришига барча имкониятлар яратилган. Маҳалламиздаги озиқ-овқат дўконлари доимгидек ишлаб турибди. Нарх-наво ўзгармаган.

Моддий ёрдамга келсак, бизнинг маҳалламизда кам таъминланган оилаларнинг ўзи йўқ. Лекин ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бор ва нафақада ёлғиз яшайдиган фуқароларимизга Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш маркази ва саховатпеша инсонлар томонидан беминнат ёрдам қилиб келинмоқда. Шунингдек, ҳокимият, секторлар ва Халқ қабулхонаси томонидан ҳам кўмак берилмоқда. Ижтимоий кўмак берилаётган аҳолига асосан кундалик рўзғорга керакли гўшт, тухум, гуруч, ун, ёғ, шакар, чой, туз, макарон ҳамда ширинликлардан жамланган озиқ-овқат жамланмалари етказилмоқда. Шу кунга қадар маҳалламиздаги 70 хонадонга озиқ-овқат маҳсулотлари карантин талабларига риоя қилинган ҳолда тарқатилди.

Пандемияга қарши давлат ва халқ биргаликда курашаётган бир дамда фуқароларимизнинг бир-бирига кўрсатаётган мана шундай меҳр-оқибати синовли кунларни тезроқ енгиб ўтишимизда барчамизга янги куч беради.

Гулноза Бобоева ёзиб олди